ЮСУФ ҲАМАДОНИЙ ЗИЁРАТГОҲИ — ШОВОТНИНГ МУҚАДДАС ҚАДАМЖОЛАРИДАН БИРИ

Хоразм вилоятининг бой тарихий мероси, қадимий обидалари ва муқаддас зиёратгоҳлари орасида Шовот туманидаги Юсуф Ҳамадоний зиёратгоҳи алоҳида ўрин тутади. Мазкур маскан нафақат диний зиёрат манзили, балки халқимизнинг маънавий қадриятлари, тарихий хотираси ва миллий меросини ўзида мужассам этган қадамжолардан биридир.

Зиёратгоҳ Шовот туманининг «Бешмерган» маҳалласи ҳудудида жойлашган бўлиб, асрлар давомида аҳоли томонидан эъзозланиб келинади. Бу ерга келган зиёратчилар буюк аллома Юсуф Ҳамадонийнинг ҳаёти, илмий-маърифий фаолияти ва бой маънавий мероси ҳақида тасаввурга эга бўладилар.

Буюк аллома ва маърифатпарвар мероси

Юсуф Ҳамадоний (1048–1140) Шарқ оламида ўзининг илмий салоҳияти, маърифий қарашлари ва шогирдлар тарбияси билан машҳур бўлган улуғ шайхлардан биридир. У зот Эроннинг Ҳамадон шаҳрида туғилган, Боғдод, Исфаҳон ва Бухоро каби илм марказларида таҳсил олган. Ҳаёти давомида илм ўрганиш, маърифат тарқатиш ва инсонларни эзгуликка чорлашга катта эътибор қаратган.

Алишер Навоийнинг «Насойим ул-муҳаббат» асарида ҳам Юсуф Ҳамадоний ҳақида қимматли маълумотлар келтирилган. Тарихий манбаларда у зотнинг Хожа Аҳмад Яссавий ва Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний каби буюк алломалар маънавий камолотига таъсир кўрсатгани таъкидланади. Шу боис Юсуф Ҳамадоний номи нафақат Хоразм, балки бутун Марказий Осиёнинг маънавий тарихида муҳим ўрин эгаллайди.

Замонавий қиёфа касб этган зиёратгоҳ

Бугунги кунда тарихий қадамжоларни асраб-авайлаш, уларнинг инфратузилмасини яхшилаш ва зиёратчилар учун қулай шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шу эзгу ишлар доирасида Юсуф Ҳамадоний зиёратгоҳи ҳам қайта реконструкция қилиниб, обод масканга айлантирилди.

Хоразм вилояти ҳокимининг ташаббуси билан ҳомийлар маблағлари ҳисобидан 40 миллиард сўм сарфланиб, 2024 йил сентябрь ойида зиёратгоҳ қайта реконструкциядан сўнг фойдаланишга топширилди. Мажмуа ҳудудида шарқона меъморчилик услубида айвонлар барпо этилди, 2,5 гектар майдонда боғ ташкил қилинди.

Умумий майдони 4,5 гектарни ташкил этувчи зиёратгоҳда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари масканнинг кўркамлигини янада оширди. Бу ерда яратилган шароитлар зиёратчиларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши, тарихий мерос билан танишиши ва маънавий эҳтиёжларини қондириши учун хизмат қилмоқда.

Зиёрат туризмини ривожлантиришда муҳим манзил

Юсуф Ҳамадоний зиёратгоҳи бугунги кунда Хоразм вилоятининг муҳим зиёрат туризми объектларидан бири ҳисобланади. Маҳаллий аҳоли билан бир қаторда хорижий меҳмонларнинг ҳам ушбу масканга қизиқиши ортиб бормоқда. Бу эса Шовот туманининг туристик салоҳиятини кенг намоён этиш, ҳудудга ташриф буюрувчилар оқимини ошириш ва миллий меросимизни халқаро миқёсда тарғиб қилиш учун муҳим имконият яратади.

Зиёратгоҳнинг тарихий аҳамияти, обод ҳудуди ва шарқона меъморий ечимлари унинг жозибадорлигини оширмоқда. Айни пайтда бундай масканларни кенг тарғиб қилиш, улар ҳақидаги маълумотларни сайёҳларга етказиш ва хизматлар сифатини яхшилаш зиёрат туризмини янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Юсуф Ҳамадоний зиёратгоҳи — тарих, маърифат ва маънавият уйғунлашган қутлуғ маскан. Унинг обод этилиши ва туристик имкониятларининг кенгайиши аждодлар меросини асраб-авайлаш, миллий қадриятларни келажак авлодга етказиш ҳамда Шовот туманининг сайёҳлик салоҳиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Ж.Ражабов

 Юсуф Хамадоний масжиди имом ноиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *