Хоразм замини қадимий тарихи, бой маънавий мероси ва муқаддас қадамжолари билан доимо сайёҳлар эътиборини тортиб келган. Ана шундай тарихий масканлардан бири Шовот туманида жойлашган Юсуф Ҳамадоний зиёратгоҳидир. Ўзига хос тарихи, маънавий аҳамияти ва бугунги кунда яратилган қулай шароитлари билан ажралиб турадиган ушбу мажмуа вилоятнинг муҳим зиёрат туризми манзилларидан бири ҳисобланади.
Асрлар оша яшаб келаётган маънавий мерос
Юсуф Ҳамадоний (1048–1140) Шарқ оламининг машҳур алломаси, шайх ва маърифатпарварларидан бири бўлган. У зот Эроннинг Ҳамадон шаҳрида туғилиб, Боғдод, Исфаҳон ва Бухоро каби илм марказларида таҳсил олган. Бутун умрини илм-маърифатга, шогирдлар тарбиясига ва инсонларни эзгуликка чорлашга бағишлаган.
Юсуф Ҳамадонийнинг маънавий мероси Марказий Осиё халқлари тарихида муҳим ўрин эгаллайди. У зотнинг фаолияти, илм йўлидаги хизматлари ва шогирдлари орқали тарқалган таълимотлари кўп асрлар давомида қадрланиб келинмоқда. Буюк мутафаккир Алишер Навоий ҳам ўзининг «Насойим ул-муҳаббат» асарида Юсуф Ҳамадоний ҳақида маълумот бериб, унинг юксак маънавий мақоми ва кўплаб муридларига эга бўлганини таъкидлаган.
Шовот туманидаги Юсуф Ҳамадоний зиёратгоҳи у зотнинг қадамлари етган муқаддас қадамжолардан бири сифатида эъзозланади. Мазкур маскан бугун ҳам аждодлар меросига ҳурмат, маънавий қадриятларга садоқат ва тарихий хотирани асраб-авайлаш рамзи бўлиб хизмат қилмоқда.
Янгиланган ва обод зиёратгоҳ
Сўнгги йилларда юртимизда тарихий обидаларни асраб-авайлаш, зиёратгоҳларни ободонлаштириш ва туризм инфратузилмасини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада Юсуф Ҳамадоний зиёратгоҳида амалга оширилган ишлар ҳам алоҳида аҳамиятга эга.
Хоразм вилояти ҳокимининг ташаббуси билан зиёратгоҳ ҳомийлар маблағлари ҳисобидан 40 миллиард сўм эвазига қайта реконструкция қилиниб, 2024 йил сентябрь ойида фойдаланишга топширилди. Мажмуа ҳудудида шарқона услубдаги айвонлар барпо этилди, 2,5 гектар майдонда боғ ташкил қилинди.
Умумий майдони 4,5 гектар бўлган зиёратгоҳда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари масканнинг кўркам қиёфасини янада бойитди. Бу ерда яратилган шароитлар зиёратчиларга қулайлик яратиш, ҳудуднинг тарихий ва туристик жозибадорлигини оширишга қаратилган.
Шовот — зиёрат туризми салоҳияти юксалаётган ҳудуд
Бугунги кунда Юсуф Ҳамадоний зиёратгоҳи маҳаллий аҳоли ва хорижий меҳмонларни ўзига жалб этаётган муҳим манзиллардан бирига айланмоқда. Ушбу қадамжога ташриф буюрган сайёҳлар нафақат муқаддас маскан билан танишадилар, балки Хоразмнинг бой тарихи, маданияти ва анъаналари ҳақида ҳам кенг тасаввурга эга бўладилар.
Зиёрат туризмини ривожлантириш ҳудуднинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, маҳаллий хизматлар соҳасини рағбатлантириш ва янги сайёҳлик йўналишларини шакллантиришга ҳам хизмат қилади. Шу маънода, Юсуф Ҳамадоний зиёратгоҳининг ободлиги ва унинг имкониятларидан самарали фойдаланиш Шовот туманининг туристик салоҳиятини намоён этишда муҳим аҳамият касб этади.
Энг муҳими, бундай муқаддас масканлар халқимизнинг асрлар давомида шаклланган маънавий қадриятларини сақлаш, буюк аждодларимиз ҳаёти ва меросини ёш авлодга етказишда беқиёс аҳамиятга эга.
Юсуф Ҳамадоний зиёратгоҳи — ўтмиш ва бугунни боғловчи, тарихий хотира ва маънавиятни ўзида мужассам этган қутлуғ маскандир. Унинг янада обод бўлиши ва зиёрат туризми марказларидан бири сифатида ривожланиши нафақат Шовот тумани, балки бутун Хоразм вилоятининг туристик салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади.
Ж.Ражабов
Юсуф хамадоний масжиди имом ноиби