МАЪНАВИЙ ТАРБИЯ ВА МИЛЛИЙ ЎЗЛИК

Оила — миллатнинг маънавий қиёфаси, жамиятнинг таянчи ва келажак авлод тарбиясининг асосий масканидир. Қайси бир халқнинг оилавий қадриятлари мустаҳкам, ота-она ва фарзандлар ўртасида меҳр-оқибат устувор бўлса, ўша жамиятда ҳамжиҳатлик, инсонийлик ва эзгулик қарор топади.
Халқимиз асрлар давомида катталарни ҳурмат қилиш, кичикларга ғамхўрлик кўрсатиш, меҳмонни эъзозлаш, қўни-қўшнилар билан аҳил яшаш, ота-она дуосини олиш каби гўзал қадриятларни асраб-авайлаб келган. Бу анъаналар халқимизнинг маънавий бойлиги бўлиб, уларни келажак авлодга етказиш ҳар бир оиланинг муҳим вазифасидир.
Маънавий тарбия оила остонасидан бошланади. Фарзанднинг қалбига илк эзгулик уруғлари оилада қадалади. У ота-онасининг гап-сўзларидан, хатти-ҳаракатларидан, одамларга муносабатидан ўрнак олади. Агар хонадонда катталар бир-бирини ҳурмат қилса, ёлғон гапирмаса, ҳалол меҳнатни қадрласа ва муҳтожларга ёрдам берса, фарзанд ҳам шу фазилатларни ўзлаштириб боради.

Тарбия фақат насиҳат қилишдан иборат эмас. Болаларга яхшиликни ўргатишнинг энг таъсирли йўли — уни амалда кўрсатишдир. Ота-она фарзандига китоб ўқишни тавсия қилар экан, ўзи ҳам китоб мутолаа қилса; одобли бўлишни айтса, ўзи ҳам ширинсўз бўлса, унинг сўзлари фарзанд қалбига чуқурроқ сингади. Шунинг учун ҳар бир ота-она фарзандига нафақат моддий шароит яратиш, балки унинг маънавий оламини бойитиш, мустақил фикрлашини қўллаб-қувватлаш ва яхши инсон бўлиб вояга етишига ёрдам беришни ҳам ўз бурчи деб билиши лозим.

Миллий қадриятлар халқнинг тарихи, урф-одатлари, тили, маданияти ва ҳаётий тажрибасини ўзида мужассам этади. Улар инсонни ўз илдизларини англашга, аждодлар меросини қадрлашга ва келажак олдидаги масъулиятини ҳис қилишга ундайди. Болаларга миллий қадриятларни ўргатишда оилавий суҳбатлар, кексаларнинг ҳикоялари, халқ оғзаки ижоди, миллий байрамлар ва хайрли анъаналар муҳим ўрин тутади. Бобо ва бувиларнинг ҳаёт тажрибаси, ота-онанинг насиҳати фарзанд учун катта мактабдир. Масалан, оила даврасида катталарнинг ҳолидан хабар олиш, қариндош-уруғлар билан алоқани узмаслик, қўшнига ёрдам бериш, дастурхон атрофида одоб сақлаш каби оддий кўринган амаллар аслида катта тарбиявий аҳамиятга эга.
Бироқ миллий қадриятларни асраш деганда ҳар қандай урф-одатни ўзгаришсиз қабул қилиш тушунилмайди. Инсон қадрини камситмайдиган, адолат, меҳр-оқибат ва эзгуликка хизмат қиладиган анъаналарни асраб-авайлаш, зарарли одатлардан эса воз кечиш зарур.

Қуръони каримда Луқмон сурасининг 13–19-оятларида Луқмон алайҳиссаломнинг ўғлига қилган насиҳатлари баён этилади. Унда Аллоҳга ширк келтирмаслик, ота-онага яхшилик қилиш, намозни адо этиш, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш, сабрли бўлиш ва одамларга кибр билан муносабатда бўлмаслик каби муҳим ўгитлар келтирилган. Бу насиҳатлар фарзанд тарбиясида маънавият ва ахлоқнинг нечоғли муҳим эканини кўрсатади. Болаларга диний тушунчаларни уларнинг ёши ва англаш даражасига мос равишда, меҳр билан тушунтириш, саволларига сабр билан жавоб бериш ва уларни эзгу амалларга рағбатлантириш керак. Энг муҳими, тарбия қўрқитиш ёки камситишга эмас, меҳр, тушунтириш ва яхши намунага асосланиши лозим.

Бугунги ахборот асрида фарзандлар турли ахборот манбалари ва ижтимоий тармоқлар таъсирида вояга етмоқда. Бу шароитда уларга фойдали маълумотни зарарлисидан ажратишни, вақтни қадрлашни, интернетдан оқилона фойдаланишни ўргатиш жуда муҳим. Ота-она фарзандининг дўстлари, қизиқишлари ва кундалик машғулотларига бефарқ бўлмаслиги, у билан самимий мулоқот қилиши зарур. Фарзанднинг фикрини тинглаш, муаммосини кичрайтирмаслик ва ишончли муносабат ўрнатиш унинг маънавий баркамоллигига ижобий таъсир кўрсатади. Шу билан бирга, замонавий билимларни эгаллаш миллий қадриятлардан воз кечиш дегани эмас. Аксинча, ўз тилини, тарихини, маданиятини ва маънавий меросини билган ёшлар замонавий дунёда ўз ўрнини ишонч билан топа олади. Фарзанд тарбияси фақат ота-онанинг эмас, балки таълим муассасалари ва маҳалла билан ҳамкорликда олиб бориладиган муҳим жараёндир. Оилада берилган тарбия мактабдаги билим, маҳалладаги ижтимоий муҳит ва жамиятдаги эзгу ташаббуслар билан уйғунлашса, янада самарали бўлади. Айниқса, отинойилар, устозлар ва маҳалла фаолларининг маънавий-маърифий суҳбатлари оилаларда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Оилада маънавий тарбия ва миллий қадриятларни асраш — келажак авлод олдидаги буюк масъулиятдир. Фарзандларимизга меҳр, ҳалоллик, ҳурмат, ватанпарварлик ва инсонийликни сингдира олсак, эртанги кунимиз янада фаровон бўлади. Зеро, маънавияти юксак оила — обод маҳалла, обод маҳалла эса фаровон жамият пойдеворидир.
Аллоҳ таоло оилаларимизни тинч, фарзандларимизни одобли, қалбларимизни меҳрга тўла қилсин. Миллий қадриятларимизни асраб, уларни келажак авлодга муносиб етказишни барчамизга насиб этсин.

 

М.Бобожонова
Хива шаҳар бош имом хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *