ХОРАЗМДА ҚОРИЛАР УЧУН МАЛАКА ОШИРИШ ЎҚУВ КУРСЛАРИ БОШЛАНДИ

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 01А/111-сонли буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилояти вакиллиги томонидан Имом Фахриддин ар-Розий ислом билим юртида қорилар учун қисқа муддатли малака ошириш ўқув курслари бошланди.
2026 йил 9 ноябрь куни старт олган 36 соатлик ўқув дастури доирасидаги машғулотларда белгиланган рўйхат асосида вилоят масжидларида фаолият юритаётган қорилар иштирок этмоқда.
Ўқув курсларининг бошланиши муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилояти вакили ўринбосари Ҳасанбой Кенжаев иштирокчиларга 01А/111-сонли буйруқнинг мазмун-моҳияти, ўқув дастурининг мақсад ва вазифалари ҳақида батафсил тушунтиришлар берди.
Шунингдек, мамлакатимизда Қуръони карим илмларини ривожлантириш, қориларнинг илмий салоҳияти ва касбий маҳоратини ошириш борасида яратилаётган имкониятларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Мазкур ўқув курсларидан кўзланган асосий мақсад — қориларнинг Қуръон илмига оид назарий ва амалий билимларини мустаҳкамлаш, тажвид қоидаларини пухта ўзлаштириш, қироат маҳоратини такомиллаштириш ҳамда қорилик масъулиятини янада оширишдан иборат.
Бундай ўқув курслари Қуръони каримни пухта ўзлаштирган, тажвид қоидаларига тўлиқ риоя этган ҳолда тиловат қиладиган, юксак билим ва масъулиятга эга қорилар сафини кенгайтиришга хизмат қилади.

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *