Ҳамд — Аллоҳ таолога, салавот ва саломлар Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, у зотнинг аҳли оилалари ва саҳобаларига бўлсин.
Инсон ҳаёти — Аллоҳ таоло ато этган энг буюк омонатдир. Шариатимизда дин, жон, ақл, насл ва мол-мулкни асраш асосий мақсадлардан саналади. Совуқ кунлар келиб, хонадонларда иситиш воситалари ёқилганда эса ана шу омонатни асраш янада долзарб бўлади. Чунки ис гази сабабли минглаб оилалар қайғуга ботади.
Хавфнинг моҳияти. Ис гази (углерод оксиди) ўтин, кўмир, табиий газ каби ёқилғилар кислород етишмаган шароитда чала ёнганда ҳосил бўлади. У рангсиз, ҳидсиз ва таъмсиз, шунинг учун инсон уни сезмайди. Нафас орқали қонга ўтган газ гемоглобин билан кислородга нисбатан тахминан 200–250 баравар кучли бирикади. Натижада қон тўқималарга кислород етказа олмайди, энг аввал бош мия ва юрак азият чекади. Бош оғриғи, бош айланиши, кўнгил айниши каби аломатлар кўпинча шамоллаш деб ўйланади, ухлаб ётган одам эса уйғонмай ҳам қолиши мумкин.
Шариат нуқтаи назаридан. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Ўз қўлларингиз билан ўзингизни ҳалокатга ташламанг» (Бақара сураси, 195-оят), деб буюрган. Мўрини текширтирмаслик, носоз печдан фойдаланиш, шибернинг чўғ ўчмасдан ёпилиши — шу оятда қайтарилган ҳолатларга олиб келади. Бошқа оятда: «Ким бир жонни сақлаб қолса, гўё барча одамларни сақлаб қолган кабидир» (Моида сураси, 32-оят), дейилган. Демак, бир хонадонни хавфдан огоҳ қилиш ҳам улкан савобли амалдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, танангнинг сенда ҳаққи бор» (Имом Бухорий ривояти), деганлар. Соғлиқни асраш — шу ҳақни адо этишдир. Яна бир ҳадисда: «Зарар бериш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқ» (Имом Молик ривояти), дейилган. Бу ҳадис ўзига ҳам, ўзгага ҳам зарар келтирадиган ишдан сақланишни ўргатади.
Таваккул ва эҳтиёткорлик. Баъзилар «Аллоҳ асрайди» деб эҳтиётсизлик қилади. Лекин бир киши Расулуллоҳдан туясини боғламай, таваккул қилса бўладими, деб сўраганида, у зот: «Туянгни боғла, сўнг таваккул қил» (Имом Термизий ривояти), деб жавоб берганлар. Яъни аввал сабабларга амал қилинади, сўнг Аллоҳга таваккул қилинади. Мўрини тозалаш, газ жиҳозини текширтириш, хонани шамоллатиш — худди шу сабабларнинг бир қисмидир. Шунингдек, Пайғамбаримиз: «Ухлаганингизда уйларингиздаги оловни ўчиринглар, чунки у сизларга душмандир» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти), деб огоҳлантирганлар.
Амалий тавсиялар. Мўри ва тутун йўлларини иситиш мавсумидан олдин мутахассис билан текшириб, тозалаш; шиберни чўғ тўлиқ ўчмагунича ёпмаслик; газ жиҳозларини фақат малакали мутахассис орқали ўрнатиш ва текширтириш; печни тунда қаровсиз қолдирмаслик; хона ҳавосини алмаштириб туриш ва углерод оксиди датчигини ўрнатиш зарур. Заҳарланиш аломатлари сезилса, жабрланувчини зудлик билан тоза ҳавога чиқариш, эшик-деразаларни очиш ва 103 тез ёрдамни чақириш керак.
Маҳалла масъулияти. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирингиз ўзига ёқтирган нарсани биродарига ҳам ёқтирмагунича (комил) мўмин бўла олмайди» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти), деганлар. Ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган инсонлар ва ёш болали оилаларнинг иситиш тизими ҳолатидан хабар олиш қўшничилик ҳаққидир. Бир марта ҳол сўраш, бир огоҳлантириш бутун бир оилани фожиадан асраши мумкин.
Азиз юртдошлар! Илм ва имон ҳамкорлигида ҳаётни асрашга масъулият билан ёндашайлик. Аллоҳ таоло барчамизни офат ва кулфатлардан асрасин, хонадонларимизни тинчлик, барака ва соғлик билан тўлдирсин. Омин!
Ў.Жуманазаров
Ҳазорасп тумани “Сулаймон бақирғоний” масжиди имом-хатиби