БУЗҒУНЧИЛИК ИСЛОМДАН ЙИРОҚ

Ушбу мақоламиз орқали сиз азизларга муқаддас динимиз Бузғунчиликдан қайтариши ва қўштирноқ остидаги “ИШИД” деб номланган террористик ташкилотнинг нотўғри ғояларига оят ва хадислар орқали раддия бериб ўтамиз.

Мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, динлараро бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ҳамда ҳамжиҳатлик юртимиз тараққиёти йўлида амалга оширилаётган эзгу ишларнинг мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилмоқда. Лекин ғоялар кураши авж олган XXI асрда дунёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш йўлида ҳал этилиши зарур бўлган кўплаб муаммолар юзага келаётгани, кишиларнинг осуда ҳаётини издан чиқаришга қаратилган янги шаклдаги таҳдидларнинг кун сайин пайдо бўлаётгани ва бунинг натижасида бузғунчи ғояларнинг мафкура майдонини қуршаб олишга ҳаракат қилаётгани барчамиздан огоҳлик ва ҳушёрликни талаб этмоқда.

Юрт тинчлиги, бирдамлиги ва соғлом муҳитни қарор топтириш учун одамларда энг аввало, дахлдорлик, ён-атрофдаги нохушликларга бепарво бўлмаслик ҳиссини кучайтириш даркор.

Дарҳақиқат, тинчлик турли низоларга барҳам бериш орқалигина таъминланади. Афсуски, турли қарама-қаршилик ва зиддиятларни келтириб чиқариш йўли билан ўз мақсадларига эришишни кўзлайдиган кучлар бор экан, сунъий равишда низоли вазиятларни вужудга келтиришга қаратилган ҳаракатлар ҳам тўхтамайди. Зеро, ҳозирги асримизда ҳам тинчлик неъмати кўплаб мамлакатлар учун ҳамон орзу бўлиб қолмоқда.

Яқин Шарқ давлатларида рўй берган ва ҳамон давом этаётган қонли тўқнашувлар, оммавий тартибсизликлар, ҳунрезликлар, бегуноҳ одамларнинг ёстиғини қуритаётганларнинг ҳам аксарияти динни ниқоб қилиб олган кучлар экани, улар экстремистик оқим ва террористик гуруҳлардан фойдаланаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас.

Бундай ҳолат айниқса, ҳозирги кунда бутун дунёга таҳдид солаётган “Ироқ ва Шом ислом давлати” (“ИШИД”) мисолида ўз аксини топмоқда. Ироқ ва Шом ислом давлати – (қисқача ИШИД, ҳозирда ўзини “Ислом давлати” деб номлаяпти) жиҳодчи-салафий, такфирчи, террористик қуролли гуруҳ.

Ҳозирги кунда ИШИД томонидан бошқарув ўрнатилган ҳудудларда гўёки шариат қонунлари жорий этилиши эълон қилинган бўлсада, аслида улар исломий ва умуминсоний тамойилларга умуман тўғри келмайди.

ИШИД ақидасига кўра, дунёвий-маърифий йўлни тутган мусулмон давлатларнинг бошқарув шакллари “куфр” деб эълон қилинган. Яна мусулмон олимларидан ҳар қандай уларга қарши раддия берган олимни куфр ва шайтон аҳли деб атаб, сўнг уни қатл этишни ҳалол деб биладилар. Бу эса Пайғамбар (алайҳис-салом) марҳамат қилган: “Мусулмон киши ҳаром қонга тегмагунига (яъни бирор кишининг қонини ноҳақ тўкмагунига) қадар ўз динида бўлур” (Бухорий ривояти) деган ҳадисига зиддир.

Ушбу қарашларнинг барчаси ислом динининг ҳақиқатини билмаслик, унинг матнларини зоҳиран, юзаки тушуниш, мазмун-моҳиятини чуқур англамасдан ҳукм чиқариш ва ўз йўналишига мослаб шарҳлашга асосланади.

Демак, тинчликка раҳна солиш, жамият равнақи ва халқ фаровонлигига зиён етказиш, фитна қўзғатиш, тоифаларга бўлиниб ўзаро низолашиш умуман ислом динига мутлақо ёт ҳолат ҳисобланади. Буни қуйида келтирилаётган Қуръон оятларида ҳам кўриш мумкин: “Аллоҳ фасод (бузғунчилик)ни ёқтирмайди” (Бақара, 205). “Уларга: “Ер юзида фасод (бузғунчилик) қилмангиз!” – дейилса, улар: “Албатта, биз чин ислоҳчилармиз”, – дейдилар. Огоҳ бўлингки, айнан уларнинг ўзлари бузғунчилардир, лекин (буни ўзлари) сезмайдилар” (Бақара, 11-12). “Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир” (Бақара, 191).

2014 йилнинг июлида дунёнинг 126 нафар мусулмон уламолари ИШИДга 24 та масалала бўйича раддиялар берилган “Очиқ хат” йўлладилар. Унда “Ислом давлати” эълон қилган “халифаликни” кескин қоралаб, уни шаръан ботил деб фатво бердилар, ислом таълимотига кўра қандайдир алоҳида фирқа ва оқимлар ўзбошимчалик билан “халифалик”ни эълон қилиш ҳуқуқи берилмаганини таъкидладилар.

 Ҳозирги кунда ИШИД учун ўз мақсадларини амалга оширишда замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш, Интернет ва ижтимоий тармоқ саҳифалари орқали кенг тарғибот олиб бориш ва пухта ишланган стратегия асосида виртуал ташвиқот олиб бориш асосий вазифалардан бирига айланган.

Зеро, глобаллашув жараёнида ахборотларни тезкорлик билан тўплаш, тарқатиш ва истеъмол қилишда кўплаб ижобий томонлар билан бирга ғаразли кучларнинг ғоявий кураш йўлида амалга ошираётган ахборот хуружларида ҳам ўз аксини топмоқда.

Демак, XXI асрда дин ниқоби остидаги турли хил кўринишдаги мафкуравий хуружлардан ҳимоя этишда маънавий-маърифий тарғибот ишларининг таъсирчанлигини ошириш, ҳаётимизда содир бўлаётган ижобий ўзгаришлар ҳақидаги чуқур таҳлилий маълумотларни ёш авлодга етказиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтириш, бунда “фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш” ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этади.

З.Собиров

Урганч шаҳар “Мискин бобо” масжиди имом-ноиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *