МИССИОНЕРЛАРНИНГ АСЛ БАШАРАЛАРИ

Ушбу мақоламиз орқали сиз азизларга муқаддас динимизга зид бўлган миссионерларнинг динимизга хатарлари тўғрисида оят ва хадислар орқали раддия бериб ўтамиз.

Қадимдан Марказий Осиё халқлари кўп миллатли бўлиши ва кўп динга эътиқод қилишига қарамай аҳил ва иноқ бўлиб ҳаёт кечиришган. Улар ўзларининг бағрикенглиги, меҳр-оқибатлилиги ва меҳмондўстлиги билан бошқа минтақа халқларидан алоҳида ажралиб турган.. Ўзбекистон халқи қадимдан бағрикенг халқ бўлгани сабаб қадимда ҳам бугунги кунда ҳам бошқа дин ва конфессия вакиллари билан тинч тотув яшаб келмоқда.

Афсуски, ушбу тинчликни кўра олмайдиган баъзи ғараз мақсадли кучлар халқимизни асл илдизларидан маҳрум қилиш мақсадида динни ниқоб қилган ҳолда турли ақидапарастлик ва миссионерлик ғояларини хуфёна тарғиботи билан шуғулланаётганлари ҳам бор гап. Улардан миссионерларни оладиган бўлсак улар, энг аввал динидан унча хабардор бўлмаган, динга енгил муносабатда кун кечираётган ёки ўзини мусулмон ҳисобласа-да, ҳаётида мусулмончиликнинг бирон бир асорати қолмаган шахслар, шунингдек кам таъминланган, бемор, ёлғиз қолган фуқаролар, ҳатто кар, соқов ногиронлар орасида ҳаракат олиб борадилар. Зиммасидаги фуқаролик мажбуриятлари, ҳақ-ҳуқуқлари ва динимизнинг асосий тартиб-қоидаларидан яхши хабардор бўлган кишига яқин ҳам боришмайди. Ҳа, шариатимизда илмнинг ҳар бир мўмин ва мўмина учун фарзи айн қилиб белгилангани ҳикмати бекорга эмас.

Имом Бухорий ҳазратларининг “Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмайди ҳам” деган ҳикматларини ёдда тутиб, ёшларимизни дунёқараши кенг, имон-эътиқоди мустаҳкам бўлиши учун илмга йўналтириш барчамизнинг долзарб вазифамиздир. Чунки барча хатолар ва муаммоларнинг боши илмсизликдир.

Бузғунчи оқимлар ва миссионерлар томонидан аввалда варақа, газета, журнал, китоб, аудио-видео дискларни турли ноқонуний йўллар билан олиб кириш асосида тарғибот олиб борган бўлсалар, бугунги кунда эса электрон шаклдаги, телефон ва компьютерлар хотирасида, флешкаларда ўшандай зарарли маълумотларни олиб ўтишга ҳаракат қилинмоқда. Айниқса, интернет орқали минглаб сайтларда тарғибот олиб борилмоқда. Ота-оналар бепарволиги туфайли мактаб ёки коллежга бормай интернет кафеларда юрган ёшлар, ота-оналари қаерда, ким билан, нима иш қилиб юрганини билмайдиган, пул топиш илинжида чет мамлакатларга кетган фарзандлар ақидапарастлар, миссионерлар учун тайёр ўлжа бўлиб қолиши ҳеч нарса эмас. Демак, биз мусаффо динимизни ёт оқимлар, хусусан миссионерлар хавфидан сақлаш учун ёшларга алоҳида эьтибор беришимиз, шунингдек кам таъминланган ва бемор, ёлғиз фуқароларимиз ҳолидан доимий равишда хабар олиб туришимиз даркор. Чунки миссионерлар асосан шу тоифа аҳоли орасида тарғибот олиб борадилар.

Бугунги кунда маърифий исломни холис ўрганиб, афзалликларидан баҳраманд бўлиб исломни қабул қилаётган насронийлар, бошқа дин аҳллари ҳам бор. Аммо ўз юртларида “оммавий маданият” қурбони бўлиб маънавий тубанликка тушган диндошларини қутқариш ўрнига миссионерлар: «Қаршимизда битта душман қолди, у ҳам бўлса Исломдир» деб мусулмонлар орасида тарғибот қилиб, мусулмонларни “нажот” топтирмоқчи бўлиб юришибди.

Миссионерлар ҳам турли ақидапараст оқим намоёндалари каби ўз тарғиботларида Қуръон оятларидан “ҳужжатлар” келтириб чалғитмоқчи бўладилар. Улар оятларнинг фақат ўзларига манфаат берадиган жойини матндан юлиб олиб, қолганини ташлайдилар. Масалан, “Моида” сураси 68-оятда шундай дейилган «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: эй аҳли китоблар, токи Таврот, Инжил ва Роббингиз томонидан сизларга нозил қилинган нарсаларни барпо этмагунингизча, ҳеч бир нарса (дин)да эмассизлар…». Гўёки бу билан Инжилдаги нозил қилинганларга ҳам амал қилиш керак деб, диннинг аслидан хабари йўқ кимсаларни йўлдан оздиришга ҳаракат қиладилар. Оятнинг давомидаги: Сизга Роббингиз томонидан нозил қилинган нарса (Қуръон) уларнинг кўпларига фақат ҳаддан ошиш ва куфрнигина орттираётир, бас кофирлар қавмига нисбатан таассуф қилманг!” сўзларга эътибор берилса, гап нима ҳақида кетаётганини тушунилади. Миссионерларнинг бу қилмиши диндор, худодан қўрқадиган кишининг иши эмас.

Миссионерлар даъват этаётган нарса сиртдан чиройли кўриниши, уларнинг мулойим гапларию, хайр-эҳсонларининг чегараси йўқ бўлиб туйилиши мумкин, аммо улар даъват этган нарса тавҳид эмас, аксинча, ширкдир. Аслида эса барча самовий динларнинг қалби тавҳид бўлиши керак эди. Бузғунчи ғояларнинг ёшларимизга таъсирини олдини олишда “маънавий- маърифий тарбиянинг барча восита ва услубларидан самарали фойдаланиш, бунда баландпарвоз шиорларни такрорлаш ва дабдабабозликдан қочиш миссионерлик (ақидапарастлик)нинг реал таҳдидини ҳаётий мисоллар орқали ёритиб бериш муҳим аҳамиятга эга”.

Шу ўринда бир ҳаётий воқеани айтиб ўтсам. Туманимиз қишлоқларидан бирида оғир жиноятлар қилгани, сабабли узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинган шахс муддатини тугаллаб уйига келади. Табиийки, бу жиноятчидан барча ўзини узоқроқ тутишга ҳаракат қилишади. Уни кузатиб юрган миссионерлар кўнглига қўл солиб, дардини эшитиб, гўёки “ҳамдардлик” билдиришади ва арзимаган ёрдамларни кўрсатишади. Дардини тинглайдиган, ширинсўз “яхши одамлар”ни топган йигит, уларнинг этагини маҳкам тутиб, улар тавсия қилган адабиётларни ўқий бошлайди. Охири уларнинг динини қабул қилади. Насиҳат қилган катталарнинг гапларини қабул қилмайди. Миссионерлар тезда худди ўзига ўхшаган динидан қайтган аёлни топиб уни уйлаб қўйишади. Йигит “валломатлари”ни хурсанд қилиш йўлида қишлоқдаги баъзи яқинларига “янги дин”ни тарғиб қила бошлайди. Баъзилар унинг даъвати билан у бошлаётган динга мойил бўла бошлайдилар. Кутилмаганда, турмада тузалмас дард орттириб келган прозелит вафот этади. Энди унинг ўлигини сарсон бўлишини кўринг. Қишлоқ аҳли мусулмон ота-боболаримиз ёнига диндан қайтган муртадни кўммайсан, дейди. Мурданинг яқинлари кўмамиз, дейди. Йигитни хиёнат йўлига бошлаган “чўпонлари” безбетлик билан биз ҳам диндормиз, бизда ҳам жаноза ўқиса бўлаверади, деб муаммодан чиқиб кетишга уриниб кўришади. Вафот этган “ўлжа”ларидан фойдаси қолмагани учун секин жуфтакни ростлаб қоладилар. Охир-оқибат муртадни қабристон ташқарисига бежаноза кўмиб келишади. Бу янги дин ҳаваскорларига катта ибрат бўлди. Оқибат нима бўлишини ўз кўзлари билан кўрдилар. Ҳа, имон-эътиқод кўзга яхши кўринганини кийиб, эскирганини ечиб ташлайдиган кийим эмас. Бу қон билан кирган, вақти соати етиб жон билан чиқади. Арзимаган дунё матоҳи учун ота-боболардан келган муқаддас динни тарк этиш, биринчидан динга хиёнат, иккинчидан Ватанга хиёнат, ота-онага хиёнатдир. Хиёнаткорнинг ўлиги ҳам саргардонликка маҳкумдир. Бу – шу дунёдагиси, охиратдагисидан Аллоҳни ўзи асрасин.

“Ким Исломдан бошқа динни хоҳласа, бас, ундан бу ҳаргиз қабул қилинмас ва у охиратда зиён кўргувчилардан бўладир”. (Оли Имрон сураси 85 оят). Аммо халқимиз бундай бузғунчи шахсларнинг фитнасини биринчи бор кўраётгани йўқ. Тарихдан маълумки, муғуллар истилоси, кейинчалик Чор Россияси, совет замонида бўлган қаттиқ тазйиқларда ҳам мустаҳкам имонли, ислом хақиқатини англаган аждодларимиз исломдан воз кечмадилар. Бу чиқаётган “оқимлару-секталар”га ҳам ўз ичимиздан сотқинлар чиқиб, уларга малай бўлиб, ёрдам қўлларини чўзиб кўмаклашмаса, уларнинг қўлларидан ҳеч нарса келмайди.

Шу сабаб ҳар биримиз динимизни  ҳамда жонажон ватанимизни жонимиз эвазига бўлса ҳам асрайлик азизлар.

Ў.Жуманазаров

Ҳазорасп тумани “Шохпир” масжиди имом-ноиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *