Ушбу мақоламиз орқали сиз азизларга бугунги кундаги долзарб масала бўлган сохта салафийларнинг нотўғри қарашларига оят ва хадислар орқали раддия бериб ўтамиз.
Ҳозирги кунда инсонларни туғилиб ўсган Ватанига хиёнат қилишга чақираётган, мусулмонлар ўртасида ихтилоф ва бўлиниш келтириб чиқараётган бузғунчи оқимлар жуда кўпайиб кетди. Ана шундай оқимлардан бири сохта салафийлардир.
“Салафийлик” ибораси араб тилидаги “салаф” сўзидан олинган бўлиб, “аждодлар”, “аввал яшаб ўтганлар” маъноларини билдиради. Уламолар Пайғамбар алайҳиссалом замонларида яшаган мусулмонларни “солиҳ аждодлар” дейишган.
Бугунги салафийлар ўзларини гўё аввалги “салафлар”га эргашаётганини даъво қилишмоқда. Аслида ҳақиқий солиҳ салафлар давридан кейин яшаган мусулмонларга “салаф” ёки “салафийлар” деб нисбат бериш мантиқан тўғри эмас.
Сохта салафийларнинг ижтимоий хавф-хатарлари жуда кўп бўлиб, бу хавф-хатарлар қуйидагилардир.
Айниқса ёшларни турли ботил ғоялар билан ўз қармоғига илдириб, уларни сафига қўшиб олиш.
Ёки жамиятни иккига: “мусулмон” ва “динсизлар”га ажратишади. Бу билан бошқа диндагиларни душман санаб, динлараро адоват уйғотишга уринади. Улар нафақат бошқа дин вакилларини, балки шариат ҳукмларини улар ўйлагандек тўлиқ бажармаётган мусулмонларни кофирга чиқаришади.
Улар томонидан нотўғри талқин қилинаётган исломий тушунчалардан: «Такфийр», яъни «кофирга чиқариш» тамойили муҳим ўрин тутади. «Такфийр» – мусулмонни имонсизликда айблаш демакдир. Уларга эргашмаган мусулмонларни «кофир», яъни “динсиз” деб асоссиз ҳукм чиқаради.
Ҳадисда унинг хатари ҳақида шундай дейилади: “Агар киши биродарига Эй кофир деса, у сўз иккисидан бирига қайтади” дейилган. Яъни, ҳеч бир одамга мусулмон инсонни «кофир», деб ҳукм чиқариш ҳуқуқи берилмаган. Буларнинг фикрича биз куфр давлатида яшаяпмиз бу ердан ҳижрат қилиш керак дейдилар. Лекин буларнинг бу гаплари асоссиздир.
Чунки юртимизда минглаб масжидлар, мадраса ва исломий олийгоҳлар фаолият юритаётган, Қуръони Карим, ҳадислар ва динимизга оид минглаб диний адабиётларлар нашр этилаётган, мусулмонларимиз эмин-эркин ўз эътиқодларини бажариб келаётган мусулмонобод юртни куфрга чиқаришлик оғир гуноҳ бўлиб, бундай ишга қўл ураётганлар чуқур ғулувга кетган ва бошқаларни ҳам гуноҳларига шерик қилмоқчилар.
Аслида уларнинг мақсадлари ёшларимизни алдов йўли билан қуролли тўқнашувлар бўлаётган мамлакатлардаги жангари лагерларига олиб бориш ва жангу-жадалга ташлаш. Ёшларимиз асло бундай сохта даъволарга учиб охиратини куйдирмаслиги, ота-онаси, оиласи ва юртига хиёнат қилмасликлари лозим.
Ҳижрат луғатда “кўчиш”, “кўчиб ўтиш”, “бирор нарсадан ажраш” маъноларини билдириб, истилоҳда илк Ислом даврида мушрикларнинг тазйиқларига учраган мусулмонларнинг Маккадан бошқа ерларга кўчиб ўтишлари тушунилади. Пайғамбаримиз с.а.в даврларида хижрат қилиш-мусулмонларнинг молига ва жонига хавф-хатар етганидан сўнг мажбурлик ва зарурият юзасидан вужудга келган.
“Сохта салафийлар” ҳам ўзларини, айнан, илк мусулмонлар каби кофирлардан азият чекаётганини пеш қилиб, тоғли минтақаларга чиқиб кетишга чақирадилар ва уларга қўшилмаганларни кофирликда айблайдилар. Шунингдек, уларнинг бу амалиёти ортида, жамоа аъзолари тоғли минтақаларга ёки хориждаги жангарилар тайёрланадиган марказларга жўнатишга ҳаракат қилмоқдалар.
Ислом таълимотига мувофиқ, Ўзбекистон каби мусулмон мамлакатдан “ҳижрат” қилинмайди.
Шунинг учун ҳам Макка фатҳ этилгандан кейин ҳижрат қилиш бекор қилинган. Ҳар қандай яхшиликнинг ҳам энг афзали ўз яқинларига қилинганидир. Қизиқ, улар “ҳижрат” қилиб қайси мусулмонларга ёрдам беришар экан?! Ўзини мусулмонман деб атаб, мусулмоннинг қонини тўкаётган золимгами, ёки ўша золим зулми туфайли кўз очиб кўрган жигарбандининг, турмуш ўртоғининг, отасининг тупроқ билан беланган жасадини қучиб йиғлаётган мусулмон мазлумгами?!
“Ҳижрат” қилиб кетаётганларнинг ота-онаси, аҳли-аёли, фарзандлари қай аҳволга тушаётган экан? Умрининг охирида “қариб қолдик, энди ўғлимиз билан бир оила бўлиб, унинг фарзандларига бош бўлиб ҳаёт кечирармиз, ўғлимиз бизга меҳнат қилдирмас”, деб Аллоҳдан умид қилиб турган ота-она “яхши бор ўғлим, биз бировнинг эшигини тозалаб бўлса ҳам бир кунимизни кўрамиз, сен йўлингдан қолма”, деб айтармикин?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ота-онасини йиғлатиб юртни ҳимоя қилишга кетаётган йигитга: “ота-онанг ҳузурига қайт ва уларни худди йиғлатганинг каби (хурсанд қилиб) кулдир!”,-деб буюрдилар.
Ота-онасини йиғлатиб қилинган амал қандай ҳам яхши амал бўлсин?!
Ёки кўчадаги ўртоқларига “мени дадам ҳаммадан зўр, мени дадам сени дадангдан яхши” деб мақтаниб юрган жажжи ўғил-қизалоқлар “сиз кетаверинг, биз ўзимиз одобли бўлиб ўсиб-улғаямиз” деб ишонтиришармикин?!
Шунинг учун ҳам Пайғамбарими сав “… Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васалам): “Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ…”, дедилар ”.
Азизлар, биз ёшларимизга, мўмин-мусулмонларга ҳали Ислом дин борасида кўп маълумотга эга бўлмаган кишиларга “Такфийр”, “Ҳижрат” ҳақидаги маълумотларни тўғри ва ҳақиқий маъносини етказиб қўйишимиз кeрак. Шунда ёшлар xавф-ҳатар аслида “Такфийр” ёки “Ҳижрат” сўзида эмас, балки бу сўзни қурол қилиб олган тоифа, гуруҳ ва адашган жамоаларда эканлигини тушиниб етишади.
Х.Аҳмедов
Шовот туман бош имом-хатиби