МУТОЛАА ҚИЛИШ ИККИ ДУНЁ САОДАТИГА ЭРИШТИРАДИ

Китобдан яхшироқ дўст йўқ жаҳонда,

Ғамхўринг бўлгай у ғамгин замонда,

У билан қол танҳо, ҳеч бермас озор,

Жонингга юз роҳат беради такрор.

Абдураҳмон ЖОМИЙ 

Ислом – илму маърифатга тарғиб қилувчи дин. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган дастлабки оятларда илм олишга ундаш маъноси борлигининг ўзи ҳам Ислом илму маърифат дини эканининг ёрқин далилидир: «Ўқинг (эй, Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан!” (Алақ, 1).

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу бундай деганлар: «Сулаймон ибн Довуд алайҳиссаломга илм, мол-дунё ва подшоҳликдан бирортасини танлашлик. ихтиёри берилганда, у илмни танлади. Натижада, Аллоҳ таоло унга илм билан бирга мол-дунё ва подшоҳликни ҳам қўшиб берди«. Зеро, илм – ақл чироғи дейдилар. Илмли кишининг йўли доимо чароғон бўлиб, у ҳамма ерда қадрланади. Бу дунёнинг қоим туриши ҳам олимларнинг илмига боғлиқ экани Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадисларида баён этилган. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу шундай деганлар: «Илм мол—дунёдан яхшидир, чунки илм сени ножоиз ишларни қилишдан сақлайди. Молни эса ўғирлаб кетмасликлари учун ўзинг қўриқлайсан. Мол-дунё сарф қилинса камаяди, илм эса тарқатиш билан янада зиёда бўлаверади«.

Китоб – инсоннинт энг яқин дўсти ва маслаҳатчиси, ақл қайроғи ва билим манбаидир. Китоб фикрлаш қуроли, хазиналар калити, тафаккур манбаи бўлгани учун ҳам халқимиз уни нондай азиз, мўътабар деб ҳисоблаган. Шунинг учун китобта муҳаббат, уни қадрлаш, ўқишга иштиёқ халқимизнинт қон-қонига сингиб кетган. Кишининг маданияти унинг китобида акс этади. Шу маънода, бутунги кунда китоб ўқиш ва унга муносабат бир қадар сусайгандек. Чунки ёшлар кўпроқ кино, видео, телевидение, компьютерга берилиб кетди. Компьютер ҳозирги кунда кўпгина хонадонларга ҳам кириб келган. Исталган янгилигу ахборотларни бу воситалардан хоҳлаганча олиш мумкин. Ачинарлиси, бугун китоб ўқиш  учун вақт сарфлашга ҳожат йўқдек. Аслида ҳеч бир ахборот воситаси, кино ёки видеофильм бадиий асар ўрнини босолмайди. Масалан, «Ўттан кунлар» романи асосида ишланган фильм қанчалик маҳорат билан суратга олинган бўлмасин, китобнинг таъсирини, жозибасини беролмайди. Китобхонлик оиладаги муҳитга ҳам боғлиқ. Маърифатли оилаларда китобга эътибор фарзандлар тарбиясида қўл келади. Инсон ўзининг фикрлаш қобилияти, маънавият дунёси билан тирик. Одамни бошқа мавжудотлардан ажратиб турувчи омиллардан бири ҳам унинг маънавияти ҳисобланади.

Бинобарин, китоб ҳамиша илм-маърифат, одоб-ахлоқ манбаи бўлиб келган. Бугунги кунда ёш авлодни миллий қддриятлар руҳда тарбиялашда ҳам китобдан кўра қудратлироқ восита йўқ. Инсон ақлий салоҳиятининг юксалишида китобнинг ўрни беқиёс. Зеро, китоб туфайли дунёқарашимиз бойиб, тафаккуримиз янада ўсиб бораверади. Не-не улуғ зотлар китобга ошно бўлиб, етукликка эришган, комил инсон даражасига етишганлар.

Китоб – инсон маънавияти ва дунёқарашини юксалтирувчи муҳим манбаа ҳисобланади. Китоб ўқиган инсон мулоҳазали, билимли бўлиб, юксак тафаккури ила бошқалардан ўзининг дунёқараши ва фикрлаши билан ажралиб туради. Китоб билан ошно бола яхши инсон бўлиб улғаяди. Шунинг учун ҳам оилада, боғча ва мактабларда болаларнинг китобга меҳрини, адабиётга қизиқишини ошириш ота-оналарнинг, ўқитувчиларнинг вазифаси.

Шу боис, ҳар бир инсон билимлар калити бўлмиш  китоб билан дўст бўлмоғи лозим.

Атоқли адибимиз Ойбек таърифича, китоб – тафаккурнинг толмас қаноти. Шу маънода айтиш мумкинки, китоб – инсоннинг қалб гавҳари, тафаккур хазинасидир. Биз шунга эришишимиз керакки, фарзандларимиз учун китоб энг бебаҳо совға бўлсин. Шундагина фарзандларимиз биз орзу қилгандек, маънавий етук, теран фикрлай оладиган, катта ва кичикка меҳрибон, Ватанига содиқ, инсофли, диёнатли ва олижаноб инсонлар бўлиб камол топадилар.

Ш.Жуманиязов

Хива тумани “Мулла Абдуқодир бобо” масжиди имом хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *