АТРОФ МУҲИТНИ САҚЛАШ БАРЧАМИЗНИ БУРЧИМИЗ

Муҳтарам азизлар! Аллоҳ таоло Ер юзини инсониятнинг ҳаёт кечириши учун муносиб манзил макон қилиб яратган. Зеро, атроф-муҳитдаги барча нарсалар инсон манфаати учун яратилган. Қуръони каримда бу ҳақда шундай дейилган:

яъни: “У шундай зотки, сизлар учун Ердаги барча нарсаларни яратди…” – дейилган.

Ўз навбатида ҳар бир инсон ҳам табиатга нисбатан оқилона муносабатда бўлиб, уни асраб авайлаши лозим бўлади. Аллоҳ таоло яшаб турган курраи заминимизни озода сақлаган ҳолда обод қилишга, Унинг берган неъматларини асраб авайлашга буюриб, бузғунчилик қилишдан, атроф-муҳитга зарар етказишдан қайтарган. Қуръони каримда шундай дейилади:

яъни: “Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз!”.

Ҳеч шак-шубҳа йўқки, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш асримизнинг энг муҳим муаммоларидан бири бўлиб турибди. Бу муаммо ўзининг инсониятга келтириши мумкин бўлган ёмон оқибатлари бўйича ядро ҳалокатидан кам эмас.

Сўнгги йилларда табиатда техноген таъсирнинг зўрайганлиги, экологик ўзгаришларнинг содир бўлаётгани ҳамда ўрмонлар эгаллаган ҳудудлар қисқариши натижасида кўплаб ўсимлик ва ҳайвонот турлари бутунлай йўқолди ёки уларнинг сони кескин камайди.

Албатта, технология соҳасидаги тараққиёт, янги энергия манбаларининг кашф этилиши, янги маъданлар ва кимёвий моддаларнинг пайдо бўлиши, оқибатини ўйламай, табиатдаги жараёнларга аралашув каби ҳолатларнинг барчаси атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида ниҳоятда ташвишли вазиятни вужудга келтирди. Қуръони каримда баён этилганидек:

яъни: “Одамларнинг қилмишлари туфайли қуруқлик ва денгизда бузғунчилик пайдо бўлди. Бу уларнинг (ўз қилмишларидан) қайтишлари учун қилган баъзи (ёмон) ишлари (жазоси)ни уларга тоттириш учундир” (Рум сураси, 41-оят).

Бу оятда Аллоҳ таоло ер юзидаги бахтсизлик ва нохушликлар одамларнинг фаолиятлари билан боғлиқ равишда зоҳир бўлишини баён қилади. Уларнинг қалб ва фикрлари нопок бўлса, қилган ишлари оқибати ҳалокатли бўлажак. Лекин бу фасоднинг ёмон оқибатлари инсоннинг ўзига кўринади.

Динимизда атроф муҳит тозалигига муносабат: Дарҳақиқат, тупроқ, сув, ҳаво ва бошқа нарсаларни тоза сақлаш, уларни ифлосланишига йўл қўймаслик ва соғлиқ учун зарарли бўлган нарсалардан сақланиш кабилар шариатимизнинг буйруғидир. Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:

яъни: “Учта жойга: сув ўзанларига, серқатнов йўлларга ҳамда соя-салқин ерларга ахлат ташлаб, лаънатга қолишдан сақланинглар” – деганлар (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Бошқа бир ҳадиси шарифда: “Албатта Аллоҳ покдир, покликни яхши кўради, тозадир тозаликни яхши кўради, олийжанобдир олийжанобликни яхши кўради, сахийдир саховатни яхши кўради. Бас, ҳовлиларингизни тоза тутинглар…”, дейилади (Имом Термизий ривояти).

Ҳозирги кунда барча зарур ерларга ахлат ташлаш учун алоҳида жойлар қурилган. Шундай экан, ҳар хил ахлат ва чиқиндиларни махсус жойларга ташлаш лозим, аксинча дуч келган жойга ташлаш мусулмончиликка ҳам, одамгарчиликка ҳам тўғри келмайди.

Аллоҳ таоло доимо барчаларимизни табиат каби улуғ бир омонатга садоқатли, атроф-муҳитни муҳофазасида бардавом бандаларидан қилсин! Ҳақ таоло юртимиздан турли касалликларни тез кунда бартараф бўлишини таъминласин! Омин!

Х.Матяқубов

Хонқа тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *