Мустақиллигимизнинг шарофати ила озод ва обод ватанимизнинг тинч, мовий осмони остида хотиржам ва осойишта ҳаёт кечириб келмоқдамиз. Бахтимиз кафолати бўлган Конституция кишилик жамияти тараққиётининг буюк ютуқларидан бири. Унда халқнинг кўп асрлик тажрибаси, менталитети, урф-одатлари ўз аксини топади. Мустақил давлатимизнинг Бош Қомуси 1992 йилнинг 8 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси ХII чақириқ Олий Кенгашининг ХI сессиясида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституциясидир. Унинг қабул қилиниши – Ўзбекистон тарихидаги оламшумул, буюк воқеадир. Ўзбекистон халқи илк бор ўзининг давлат мустақиллигига эга бўлди ва ушбу тарихий факт унинг Конституциясида тантанавор тарзда мустаҳкам муҳрлаб қўйилди.Конституция давлатнинг асосий қонуни. У давлат тузилишини, ҳокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати ҳамда шакллантирилиш тартиби, сайлов тизими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шунингдек, суд тизимини белгилаб беради. Конституция барча жорий қонунларнинг асоси ҳисобланади.Давлатимиз томонидан эзгулик ва олийжаноб фазилатларга ундовчи диннинг равнақи учун кенг имтиёзлар яратиб берилди. Ҳур диёримиз мусулмонлари мустақиллик шароитида эркин нафас олаётганликлари бунинг яққол далилидир. Мамлакатимизда эътиқод эркинлиги Бош қонунимизда кафолатлаб қўйилди. Айни пайти турли миллат ва конфессиялар вакиллари ўртасида ўзаро дўстлик, ҳамжиҳатлик, тотувлик ва мўътадиллик муҳити шаклланди. Юртимизда хилма-хил диний эътиқодга эга бўлганларнинг бир заминда эзгу ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат яшашлиги – диний бағрикенглик ҳамда ҳуқиқий тенгликнинг ёрқин намунасидир. Бу борада Бош қомусимизда “Ўзбекистон республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, миллати, ирқи, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар қонун олдида тенгдирлар.(18-модда) – деган қоидани мустаҳкамлаб қўйилгани бундай ютуқларга сиёсий-ҳуқуқий замин яратади. Фуқароларнинг тенглиги тамойили халқимизнинг менталитетига, унинг инсонпарварлик руҳига, диний қадриятларимизга ҳам жуда мос келади. Ўзбекистон фуқаролари ўзларининг насл-насаби, ирқи, миллатидан ва бошқа ҳолатларидан қатъий назар, тенг ҳуқуққа эгадир. Конституциямиз Ўзбекистон фуқароси деб ҳисобланган барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва миллий анъаналари ҳурмат қилинишини кафолатлайди. Фуқароларнинг тенглиги – демократиянинг муҳим элементи ҳамда жаҳон конституциявий тараққиётининг муҳим тамойилларидан ҳисобланади. Биз кўп миллатли халқмиз. Мамлакатимиз аҳолиси 30 миллиондан ошди. Кўп миллатли жамият кўп конфессиялиликка асос бўлади. Юртимизда 130 га яқин миллат ва элат – бир неча дин, 16 конфессия вакиллари аҳил-иноқ яшаб келмоқда.Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасига кўра, ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди. Диний муассасалар фаолиятининг қонун асосида олиб борилиши таъминланади. “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунда фуқароларнинг виждон ва эътиқод эркинлиги билан боғлиқ ҳуқуқ ҳамда бурчлари аниқ-равшан белгилаб қўйилди. Кўп миллатли давлатимизда миллатлараро тотувлик ҳамда диний бағрикенглик ижтимоий барқарорлик ва тараққиётни таъминлашнинг асосий шарти қилиб белгиланди. Конституциямизда Ўзбекистонда яшовчи барча халқлар ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя қилинган. Унда жинси, миллати, дини, ирқи, ёши, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши ва бошқаларга кўра инсон ҳуқуқларини муайян даражада камситадиган бирорта модда йўқ. Минг йиллар давомида аждодлардан авлодларга, ота-оналардан фарзандларга ўтиб келаётган анъаналарнинг Конституциямизда акс этгани таҳсинга сазовор.Бугун диний бағрикенгликни, умуман, мамлакатимизда тинчлик, барқарорликни янада мустаҳкамлашда турли конфессияларнинг тарихи, таълимоти, уларнинг жамият ривожидаги аҳамиятини ўрганиш катта назарий ва амалий аҳамиятга эга. Айнан бағрикенглик, сабр-бардошли бўлиш келиб чиқиши мумкин бўлган кўпгина ихтилофларни бартараф этувчи омиллардан саналади. Ўзбекистонда Ислом динининг инсонпарварлик фалсафаси, буюк ғоялари ёш авлод юрагидан жой олишига шароит яратиб берилган. Муқаддас динимиз ва ислом цивилизациясини жаҳон цивилизацияси, кишилик тараққиёти ва маданиятининг узвий бир қисми, одамларни руҳий-маънавий поклаш, уларнинг онгу шуурида шукроналик, тинч ва осуда ҳаёт кечириш, миллатлараро ва динлараро бағрикенглик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик каби боқий қадриятларни мустаҳкамлашнинг асосий омили ва мезони сифатида юксак қадрланади. Мамлакатимиз мўмин-мусулмонлари Асосий Қонунимизда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлардан кенг, бемалол фойдаланмоқдалар. Бош Қомусимизда белгилаб қўйилган тамойиллар динимиз таълимоти асосларига ҳам тўла мос келади. Масалан, қуйидаги ояти карима инсоннинг қадр-қиммати нақадар юқори эканлиги, ҳар бир шахснинг ҳақ-ҳуқуқлари Аллоҳ томонидан дахлсиз қилиб белгилангани ва кафолатланганини таъкидлайди: “Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди…” (Бақара, 256). Юртимизда азалдан оила ва никоҳга катта эътибор қаратиб келинган. Насл-насабни сақлаш, жамиятнинг маънавий ҳолатини яхшилашнинг асосий омили, дея эътироф этилган.Конституциямизнинг 63-моддасида оилага алоҳида тўхталиб ўтилади: “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенгҳуқуқлилигига асосланади”.Динимиз таълимотларида фарзандни баркамол инсон қилиб вояга етказиш ота-онанинг юксак бурчидир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Фарзандларингизга чиройли одоб беринглар”. Бу борада ҳам Ислом дини ва асосий қонунимиз ҳамоҳанг: “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар” (64-моддадан).Бугунги кунда фарзандларимиз замон талабларига жавоб берадиган шароитларда, бепул ва сифатли билим олиш ҳуқуқига эга. Бош Қомусимизда бу ҳақида 41-моддада шундай дейилган: “Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади”.Асосий Қонунимизда инсон омилининг, инсон ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қимматининг энг олий қадрият деб белгилаб қўйилгани бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотлар туфайли ўз исботини топмоқда.
Ф.Матякубов
Хонқа туман “Бобо хужа бобо” имом-хатиби