ВАТАН ҲИМОЯСИ МУҚАДДАС БУРЧ

Ватан ҳимоячиси бўлиш шарафли бурчдир. Киндик қони тўкилган ватанни, шу мустақил юртни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш инсон учун гўё ўз оиласи, шаъни, ор-номусини, имон-эътиқодини ҳимоя қилиш кабидир.

Буюк аждодларимиз юрт ҳимояси йўлида шаъни, ору номуси, имонини ўртага қўйиб ёвга қарши курашган. Уларнинг сўзи, аҳду паймонлари қиличданда ўткир бўлган. Замонлар, маконлар ўзгарсада ватанга муҳаббат, имонга садоқат асло ўзгармади. Она Ватан ҳимояси мавзусида сўз борар экан, Темур Малик, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби ватанпарвар, ватан озодлиги йўлида жон берган Шайх Нажмиддин Кубро, ватан ҳажри ва доғида ёниб ўтган Бобурлар беихтиёр кўз олдимизга келади.

Ватан ҳимояси мавзусида сўз борар экан беихтиёр Темур Малик қиссаси ёдимизга тушади. Темур Малик ватанни қандай севиб ардоқлади? Унинг қанча умри ватан тупроғига ғаним оёқ босмаслиги учун бедор кечди. Тунларни кунларга,кунларни тунларга улади. Жангларда босқинчи ёвга мардона боқиб, “Бу муборак заминни босишингга, топташингга йўл қўймайман”,- деди.

Ватанига муҳаббати бор кимса унинг ҳимояси учун ҳаракат қилади. Унинг йўлидаги ҳизматни ўзи ҳам муқаддас бурч ва шараф деб билади.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтган эканлар: “Агар одамлар ватанларига қаноатлари каби ризқларига ҳам қаноат қилганларида эди, бирор банда ризқидан шикоят қилмаган бўларди”.

Ўз юртидаги ризққа қаноат қилмаган кимса ўзга юртдагисига ҳам қаноат қилмайди. Ким юртида тинч, соғ-омон, кунлик ризқини топиб турган бўлса, ўша бандага бутун дунё берилгани ҳадиси шарифларда келтирилган. Имоми Шофиъий айтадилар: “Кишининг хор бўлиши учун ватанидан ва оиласидан айрилиши кифоя қилади”.

Тарихдан маълумки, халқнинг тинчлигини таъминлаш ва ҳудудларни ҳимоя қилишга ўша юртнинг ўғлонлари сафарбар этилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида ҳам бир жамоа кишилар сафарларда тунлари қўриқчилик қилиб чиққанлар. Абу Атийя розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир киши вафот этганини билиб: “Қай бирингиз уни бирор яхши амал(ни бажараётган)ида кўргансиз?”, деб сўрадилар. Бир киши: “Мен у билан Аллоҳ йўлида бир кеча қўриқчи бўлдим”, деб айтди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва у зот билан ўтирганлар ўринларидан туриб, унга жаноза намозини ўқишди. Қабрига қўйилгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллари билан тупроқ тортдилар. Сўнг (майитга қараб):

яъни: “Мен сенинг жаннат аҳлидан эканингга гувоҳлик бераман”, дедилар”. (Имом Табароний).

Ватанни қўриқлаш ва унинг остонасини ғанимлардан ҳимоя қилиш бу – инсоннинг ўз уйи, оиласи, қариндош-уруғи ва айниқса, динини ҳимоя қилишидир. Ватан тинч бўлса, келажак авлод осойишта яшайди, юрт обод бўлади, ўзи ва оиласи бахтли-саодатли ҳаёт кечиради ва тоат-ибодатлари ўз вақтида адо этилади. Демакки, ҳар бир инсон бутун жамият аъзолари учун муҳим бўлган тинчликни сақлаш йўлида ҳамкорлик қилиши энг зарурий бурч ва вожиб амалдир.

Аллоҳ таоло мустақил юртимизни тинч ва омонликда, аскару зобитларимизни Ўзининг хифзу ҳимоясида сақлаб, жаннатмакон диёримизни ёмон кўзлардан ва барча офатлардан асрасин!

М.Абдуллаев

Урганч шаҳар “Охун бобо” масжиди имом ноиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *