Қодир бўлатуриб ҳаж қилмаслик

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ азза ва жалла шундай дейди:

«Ва йўлга қодир бўлган кишилар зиммасида Аллоҳ учун мана шу уйни (Каъбани) ҳаж – зиёрат қилиш бурчи бордир. Кимда-ким кофир бўлса (яъни, Каъбани зиёрат қилиш фарз эканини инкор қилса), бас, албатта, Аллоҳ бутун оламлардан беҳожат бўлган зотдир» (Оли Имрон сураси, 97).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтганларки: «Ким ҳажнинг фарзлигини инкор қилса, у аниқ кофир бўлибди ва Аллоҳ ундан беҳожатдир».

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: «Кимнинг ҳаж қилишга имкони бўлатуриб ҳаж қилмаса, у яҳудий бўлиб ўладими ёки насроний бўлибми, фарқи йўқ» (Абу Бакр Исмоилий ривоят қилган, саҳиҳ ҳадис).

Яна у зот розияллоҳу анҳу айтган эканларки: «Мана бу шаҳарларга одамларимни юборишни хоҳлардим. Токи одамларим у ердаги қодир бўлатуриб ҳаж қилмаган кимсаларни топсалар-да, уларга жизя солсалар. Чунки улар мусулмон эмаслар» (Саид ибн Мансур ривояти, саҳиҳ ҳадис).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Кимнинг ҳаж қилишга етадиган маблағи бўлса-ю, ҳаж қилмаса, ёки закот бериш вожиб бўлса-ю, закот бермаса, ўлаётган вақтида ҳаётга қайтарилишини сўрайди», дедилар. Шунда бир киши: «Эй Ибн Аббос, Аллоҳдан қўрқ, ҳаётга қайтарилишни кофирлар сўрайди», дея эътироз билдирди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Сенга у ҳақда Қуръон (ояти) ўқиб бераман. Аллоҳ таоло:

«Сизларнинг (ҳар) бирингизга ўлим келиб, у: «Парвардигорим, мени озгина муддатга (ҳаётда) қолдирсанг, мен хайр-садақа қилиб, (яъни, ҳаж қилсам) солиҳ (банда)лардан бўлсам», деб қолишидан илгари Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилингиз!» (Мунофиқун сураси, 10) деган», дея жавоб бердилар.

«Закот қачон вожиб бўлади?» деб сўрашган эди: «Мол икки юз дирҳамга етса, ундан закот бериш вожиб бўлади», дедилар. «Ҳаж қачон вожиб бўлади?» деб сўрашган эди: «Озуқа ва уловга эга бўлганда», дея жавоб бердилар.

Саид ибн Жубайр розияллоҳу анҳу айтганлар: «Менинг бадавлат қўшним вафот этди. У ҳаж қилмаган эди, унинг жанозасига қатнашмадим».

«Гуноҳи кабиралар» китобидан

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *