Ер юзини макон тутиб яшаб турган миллионлаб инсонларнинг тўлақонли ҳаёт кечиришлари учун ҳар куни турли хил озуқа, гўшт-сут маҳсулотлари, мева-чева, дон-дунларга эҳтиёжлари туғилади. Буларнинг ҳаммасини эса зироат-деҳқончилик билан шуғулланувчи касб соҳиблари Аллоҳ таоло мадади ва катта ҳамда машаққатли меҳнатлари эвазига етказиб беришади. Уларнинг одамлар дастурхонини тўкин, ҳаётини файзли қилишдаги хизматларини таърифлашга сўз ожиз. Деҳқончилик, зироат улуғ ва фазилатли касблардандир. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоху алайҳи васаллам:«Қайси бир мусулмон бирор экин экса-ю, ундан ейилса, албатта, унинг учун садақа бўлади. Ўғирлангани ҳам унинг учун садақа бўлади. Йиртқичлар егани ҳам, албатта, унинг учун садақа бўлади. Қушлар егани ҳам, албатта, унинг учун садақа. Ўша экиндан бирортаси манфаат олса, албатта, унинг учун садақадир», дедилар».
Бошқа бир ривоятда: «Мусулмон киши бир экин экса-ю, ўшандан инсонми, қушми, жонворми еса, албатта, қиёмад кунигача унинг учун садақа бўлиб туради», дейилган.
Демак зироатчилик билан шуғулланиш ана шундоқ улуғ иш. Баъзи вақтда экинига ўғри тушган зироатчилар хафа ҳам бўлишади. Албатта, бу хафа бўлишга арзигулик ҳодиса. Тер тўкиб қилинган меҳнат самараси қандайдир нобакор томонидан олиб кетилиши ачинарли ҳолат. Лекин зироатчи ўша ўғирланган нарсаси ҳам беҳуда кетмаганини англаб етиши лозим. Бу иш унинг учун садақа сифатида номаи аъмолига ёзиб қўйилади.
Ҳа, деҳқонлардан ҳамма манфаат олади. Аллоҳ таоло уларни ҳамма жонзотнинг ризқига сабабчи қилиб қўйган. Шунинг учун ҳам касбларнинг ичида Ислом уламолари нуқтаи назарида деҳқончилик энг афзал касб ҳисобланади.
Шунинг учун ҳам қиёмат қоим бўлиб, жаннатилар жаннат эшиклари олдида тўпланиб ким биринчи киради, дейилганида деҳқон, дейилади.
Шундай экан деҳқончилик ҳаётимиз таянчи, тириклигимизнинг устунидир. Шунинг учун ҳам аждодларимиз бу касб соҳибларини ҳамиша улуғлаб, ардоқлаб, эҳтиром кўрсатиб келишган, ўзлари ҳам бу йўлда яхши ишларни қилиб кетишган. Масалан, соҳибқирон Амир Темур Самарқанд атрофида Боғишамол, Боғимайдон, Боғибаланд каби бир неча боғларни барпо қилиб, авлодларга намуна бўлганлар. Ғазал мулкининг султони Алишер Навоий эса деҳқонларимиз меҳнатига юксак баҳо бериб, уларни “ризқ йўлини очувчилар” деб таъриф қилганлар. Чиндан ҳам деҳқонлар, халқимиз учун ризқ йўлини очувчи шарафли касб эгаларидир
Ривоят қилинишича, бир киши улуғ саҳобий Абу Дардо розияллоҳу анҳу олдиларидан ўтиб кетаѐтса, у зот ѐнғоқ кўчати экаѐтган эканлар. Ўша одам Абу Дардо розияллоҳу анҳуга қараб: “Улуғ ёшга кирган бўлсангиз ҳам кўчат экасизми, ахир бу фалон йилдан сўнг ҳосилга киради-ку”, деганида, Абу Дардо розияллоҳу анҳу унга жавобан: “Менга савоби етса бўлди, мевасини бошқалар истеъмол қилаверсин”, деган эканлар.
Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳам жуда кўп ҳадиси шарифлар ривоят қилинган. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
яъни: “Қай бир мусулмон бирор кўчат ёки экин экса, ундан қуш, одам ёки бирор жонивор еса, эккан кишига садақа савоби ёзилади”, деганлар.
Мусулмон киши учун бундан ортиқ зироатчиликка қизиқтириш бўлмаса керак. Боғдорчилик ва деҳқончилик қилган одамга ўзи ўйламаган томонлардан хам садақанинг савоби ёзилиб тураверади. Унинг эккан нарсаларидан одамлар, хайвонлар, қушлар, ҳатто қурт-қумурсқалар ҳам фойда топади. Мазкур нарсаларнинг фойдаланиши зироатчи учун садақа ўрнига ўтади.
Аллоҳ таоло ризқ йўлини очувчи деҳқонларимизга, боғбонларимизга, юртимизга Ўзининг баракотлари ёғилишини насиб этсин.
Х.Аҳмедов
Шовот тумани бош имом-хатиби