МИЛЛИЙЛИГИМИЗГА ХОС КИЙИНИШ МАДАНИЯТИ

Либос кишининг диди, дунёқараши ҳамда хулқу одобидан дарак беради. Қадимдан юртимизда либос ва унинг одобларига  катта эътибор қаратилиши мусулмон киши учун либосда ҳам тартиб-қоидалар, кийиниш маданияти борлигини англатади. Шу боис инсон эгнига бирор кийим кийишидан аввал ўзи борадиган даргоҳ, қатнашадиган тадбирга монанд қилиб кийиниши, турфа бачканалик ҳамда “оммавий маданият” кўринишларидан сақланиши лозим. Яратилиши мукаррам бўлган инсон учун номуносиб  кийимлар асло ярашмайди. Зотан кийим ўз ўрнида инсоннинг ички маънавий дунёсини акс эттирувчи воситадир. Агар инсон иймон-эътиқодли, ор-номусли бўлса, унинг киядиган кийими ҳам шунга муносиб бўлади. Аксинча бўлса кийими унинг беҳаё ва беандиша эканлигидан хабар бериб туради. Кийимга бўлган эътибор барча миллат ва элат ҳамда дин вакилларида ўзига хос аҳамият касб этади. Шундан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, ҳар бир миллат ва элатни ҳамда дин вакилларининг ўзларига хос ва муносиб кийимлари борки, бу кийимлар уларнинг миллий ёки диний кийимларига айланиб улгурган. Уларни миллатлари ва динларини ана шу кийимларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бизларнинг ҳам ўзимизга, маънавиятимизга хос миллий кийимларимиз албатта бор. Лекин ҳозирги кунимизда дунё миқёсида барча миллатларда ўзининг миллийлиги ва маънавиятини унутишлик ёки уларга эътибор бермаслик, тўғрироғи оёқ ости қилишлик иллати кучайиб, кенг тарқалиб бораётгани каби бизларнинг асосан ёшларларимизда ҳам ҳудди шундай иллат кенг ёйилмоқда.

Либос ғарб миллатларида инсоннинг қадр қиймати, обрў-эътибори, бой ёки камбағаллиги, аслзода ва ёки оддийлиги, юқори ёки қуйи табақа вакили эканлигини, оддийгина қилиб айтганда кибру ҳаво ва манманликни кўрсатишнинг воситаси ўлароқ танилса-да, биз мусулмонларда, шариат аҳкомларига мувофиқ келадиган либос – бу оддий кийиниш эмас, балки ҳар бир мўмин-мусулмоннинг зиммасидаги фарз даражасига кўтарилган. Бошқалар учун ўзларининг турли дунёвий ғаразларини амалга ошириш воситаси бўлган кийим бизлар учун Аллоҳнинг розилигига эришиш воситаларидан биридир. Аллоҳ таоло Аъроф сурасининг 26-оятида қуйидагича марҳамат қилади: “Эй Одам болалари! Батаҳқиқ, сизларга авратингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини туширдик. Тақво либоси – ана ўша яхшидир. Ана ўшалар Аллоҳнинг оят(белги)ларидандир. Шоядки, эслатма олсалар” (Аъроф, 26-оят).

Инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган аломатлардан бири ҳам либосдир. Одамнинг аврати – айбини беркитиб туриши учун Аллоҳ таоло унга либос ато қилган. Либоснинг зарурати киши авратини ўзгалардан пинҳон тутишидадир. Лекин Аллоҳ инсоннинг авратдан бошқа аъзоларини ҳам тўсиш эҳтиёжи борлигини инобатга олиб, либосни зийнат тарзида нозил қилди. Шу боис либосни шариатга мувофиқ кийган инсонгина зийнатли ҳисобланади. Аввало, кийим одамнинг танасини ёпиш, қолаверса, иссиқ ва совуқдан асраш учун кийилади. Лекин кийимнинг бу оддийгина “вазифа”си ҳозирги ёшларимизни қониқтирмаслиги аён. Чунки “мода” деган деярли тийиқсиз омил ёшларимизнинг фикри-хаёлини қаттиқ банд этаётгани — ташвишли ҳол.

Ҳар соҳада тараққиёт бўлганидек, либосланиш маданияти «ривожланиб» кетди. «Оммавий маданият» дея аталиб, тарғиб этилаётган «кийим эркинлиги» тушунчаси жудаям хатарли бўлиб, бу дардга бутун дунёдаги ёшлар гирифтор бўлаётгани бор гап. Бизнинг ёшларимиз ҳам ушбу иллатга чалинаётгани хавотирли ҳолатдир. Кўпинча бундай тоифадаги айрим ёшлар ўзимизнинг миллий ва диний қадриятларимизни ифода этадиган либосларимиздан юз ўгирмоқдалар. Дунёда бўлаётган тараққиёт, ривожланишдан орқада қолиб кетмаслик даъвоси билан ҳар қандай янгиланишни, ўзгаришларни таг-тубини суриштирмасдан, улардан кўзланган ғоя ва мақсадларни билмасдан туриб, кўр-кўрона тақлид қилиб эргашиб кетавериш доимо ёмонликка бошлайди.

Зотан “оммавий маданият” ташвиқотчиларининг бу қилаётган ишларидан қанчалик моддий ва ғоявий фойдалар кўраётганликларини кўпчилик тушуниб етмайди. Айниқса, енгил-елпи ҳаёт тарзини ўзларига фахр деб билаётган ёшлар бу дардга кўпроқ чалинадилар, чунки уларда бу касалликларга қарши курашадиган иммунитет, яъни маънавият ва тарбия етишмайди. Шундай экан, ўзимиз билиб-билмаган ҳолда ғарбдан ёпирилиб келаётган маънавий таҳдидларнинг иштирокчиси, тарғиботчиси бўлиб қолмаслигимиз керак. Зиё – Шарқдан, деганларидек, дарҳақиқат, азалий қадриятларимиз бизни мудом одоб-ахлоқли, хушхулқ бўлишга ундайди. Қалб покизалиги инсонни улуғлайди, комилликка етаклайди. Шундай экан, қалб тозалиги либосларимизда ҳам акс этмоғи керак.

Бу иллатларни кенг миқёсда оммалашиб бораётганлигига техника тараққиёти ва оммавий алоқа воситаларини  асосий сабаб қилиб кўрсатишимиз мумкин. Тўғри бундай тараққиётдан воз кеча олмаймиз, аммо жимгина бу ҳолатни томошабини бўлиб ҳам тура олмаймиз. Бунга қарши курашишда асосан ёши улуғлар, ота-оналар ва устоз ва мураббийлар тирик намуна бўлишлари керак. Лекин жамиятдаги мазкур шахсларнинг ўзларида “оммавий маданият” тушунчасига бепарволик, балки бу ҳам ривожланишнинг ижобий бир кўриниши-да деган фикр билан қарашлари бу дардни янада ривожланишлигига ёрдам беради. Мазкур ҳолатлар ўзимизнинг миллий ва диний қадриятларимизни оёқ ости қилиш ва уларни қолоқликда, эскиликда айблаш эмасми, аслида ўзимизнинг миллий кийимларимиз ҳар тарафлама гўзал ва қулай, бу кийимларда эркакларга хос бўлган барча жиҳатлар эътиборга олинган, аёлларда эса уларнинг иффати, ҳаёси, назокат ва латофатини ғаразли назарлардан ҳимоялаган. Қисқаси эркакларга ўзларига хос, аёлларга ҳам ўзларига ҳар тарафлама мос бўлган либослар бизнинг миллий либосларимиздир. Зотан ҳар бир жинс ўзларининг жинсига ҳар тарафлама мувофиқ келадиган кийим киймоқликлари уларнинг маданиятининг кўзгусидир. — Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзини аёлларга ўхшатиб юрувчи  эркакларни ва ўзини эркакларга ўхшатиб юрувчи  аёлларни лаънатладилар” (Бухорий, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилганлар). Бундан ташқари кийиниш борасида ёшларнинг ўзига мутлақо эркинлик бериб қўйилса, у нафсининг айтганини ёки бошқаларга кўр-кўрона тақлид қилишни ихтиёр этади.

Барча соҳалардаги каби кийиниш борасида ҳам ўртачалик ва мўътадиллик мақбулдир. Бу борада ҳаддан ошиб кетмаслик ёки парҳезкорликни даъво қилиб ўта хароба ҳолатда кийиниш ҳам тўғри эмас. Алишер Навоий «Маҳбубул-қулуб» асарида бундай ёзган: «Эркакларнинг ўзини кўз-кўз қилиш учун ясаниши хотинларнинг оройиш учун безанишлари кабидир. Аммо бу каби безанмоқ ҳар иккаласи учун ҳам номуносиб, хусусан, эркаклар учун кўпроқ шармандаликдир».

Халқимизнинг асрлар давомида шаклланган, миллий қадриятлар даражасига кўтарилган кийиниш одобига доир урфлари борки, бугунги авлод вакиллари уларни ҳар қанча ўрганса, ибрат олса, арзийди. Хусусан, кийимлар баданни ёт нигоҳлардан асраши учун, уйга, тўй-маъракага, ишга кийишга мўлжалланиб сотиб олинади. Ва ўз ўрнида тоза, яхши сақлашга ҳам эътибор билан қаралади. Одатда кийимларимиз иқлимга мос, ярашиқли ва табиий матолардан тикилса, ҳар ким ўз гавда тузилишига қараб бичим танласа, қандай яхши. Қисқа қилиб айтганда, ҳар бир шахснинг кийиниш маданиятига қай тарзда амал қилиши –унинг маънавиятини кўрсатиб турувчи кўзгудир. Ҳар ҳолда остона ҳатлаб кўчага чиқаётган одам ўзи ҳақида одамларда ёмон таассуротлар қолдирмасликка, кийиниш одобига риоя этишга ҳаракат қилмоғи лозим.

Халқ орасида «Кийимингга қараб кутиб оладилар, ақлингга қараб кузатиб қўйишади», деган нақл бежиз айтилмаган. Бугун дунёга ғоявий тазйиқ ўтказишга ҳаракат қилаётганлар кўплаб воситалар қатори “мода”дан ҳам фойдаланаётгани сир эмас. Турли тасвирлар, суратлар, рамзлар, ёзувлар туширилган кийимлар ёшларни ўзига жалб этиши аниқ. Инсон ўзи кийиб юрган матоҳга хориж тилида нима деб ёзилганини тушунмаса, бу — нимадан дарак? Майли, тил билмаслигини айб деб ҳисобламаган тақдирда ҳам, бу ўша кимсанинг бефарқ ва лоқайдлиги, бефаросатлиги, қолаверса, ориятни ҳис қилмаётганидан дарак эмасми? Хориждан келган меҳмонлар юртимиздаги тарихий, маданий обидаларни зиёрат қилиш билан бир қаторда, халқимизнинг турмуш тарзига, маданияти, моддий ва маънавий тараққиётига алоҳида эътибор қаратишади. Жумладан, миллий урф-одатларимиз, кийим-бошларимизга ҳам ҳавас билан қараши бор гап. Инсоннинг ташқи кўриниши жуда кўп нарсани англатади. Либос инсоннинг касб-кори, ёши, миллати, соғлиғи, диди, маданиятидан дарак беради. Фарзандларининг қандай кийинишига, энг аввало, уларнинг ота-оналари эътиборли бўлиши лозим. Устоз ва мураббийларимиз ёшларга ҳар жиҳатдан намуна бўлишлари керак. Жумладан, кийиниш борасида ҳам.

Биз инсонийлик ва маънавият бобида дунёга танилган улуғ зотларнинг авлодларимиз. Аллома Фаридиддин Аттор айтганларидек, навниҳол ўғил-қизларимиз хатолардан ўзларини узоқроқ тутсалар, оилалари обрўси учун ҳам, мамлакатимиз шаъни учун ҳам фойдадан холи бўлмайди. Халқимизнинг асрлар давомида шаклланган, миллий қадриятлар даражасига кўтарилган кийиниш одобига доир ажойиб удумлари борки, бугунги авлод вакиллари уларни ҳар қанча ўрганса, ибрат олса, арзийди.

Хайрулла домла Абдуллаев

ЎМИ Хоразм вилоят вакили

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *