Либос кишининг диди, дунёқараши ҳамда хулқу одобидан дарак беради. Қадимдан юртимизда либос ва унинг одобларига катта эътибор қаратилиши мусулмон киши учун либосда ҳам тартиб-қоидалар, кийиниш маданияти борлигини англатади. Шу боис инсон эгнига бирор кийим кийишидан аввал ўзи борадиган даргоҳ, қатнашадиган тадбирга монанд қилиб кийиниши, турфа бачканалик ҳамда “оммавий маданият” кўринишларидан сақланиши лозим. Яратилиши мукаррам бўлган инсон учун номуносиб кийимлар асло ярашмайди. Зотан кийим ўз ўрнида инсоннинг ички маънавий дунёсини акс эттирувчи воситадир. Агар инсон иймон-эътиқодли, ор-номусли бўлса, унинг киядиган кийими ҳам шунга муносиб бўлади. Аксинча бўлса кийими унинг беҳаё ва беандиша эканлигидан хабар бериб туради. Кийимга бўлган эътибор барча миллат ва элат ҳамда дин вакилларида ўзига хос аҳамият касб этади. Шундан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, ҳар бир миллат ва элатни ҳамда дин вакилларининг ўзларига хос ва муносиб кийимлари борки, бу кийимлар уларнинг миллий ёки диний кийимларига айланиб улгурган. Уларни миллатлари ва динларини ана шу кийимларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бизларнинг ҳам ўзимизга, маънавиятимизга хос миллий кийимларимиз албатта бор. Лекин ҳозирги кунимизда дунё миқёсида барча миллатларда ўзининг миллийлиги ва маънавиятини унутишлик ёки уларга эътибор бермаслик, тўғрироғи оёқ ости қилишлик иллати кучайиб, кенг тарқалиб бораётгани каби бизларнинг асосан ёшларларимизда ҳам ҳудди шундай иллат кенг ёйилмоқда.
Либос ғарб миллатларида инсоннинг қадр қиймати, обрў-эътибори, бой ёки камбағаллиги, аслзода ва ёки оддийлиги, юқори ёки қуйи табақа вакили эканлигини, оддийгина қилиб айтганда кибру ҳаво ва манманликни кўрсатишнинг воситаси ўлароқ танилса-да, биз мусулмонларда, шариат аҳкомларига мувофиқ келадиган либос – бу оддий кийиниш эмас, балки ҳар бир мўмин-мусулмоннинг зиммасидаги фарз даражасига кўтарилган. Бошқалар учун ўзларининг турли дунёвий ғаразларини амалга ошириш воситаси бўлган кийим бизлар учун Аллоҳнинг розилигига эришиш воситаларидан биридир. Аллоҳ таоло Аъроф сурасининг 26-оятида қуйидагича марҳамат қилади: “Эй Одам болалари! Батаҳқиқ, сизларга авратингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини туширдик. Тақво либоси – ана ўша яхшидир. Ана ўшалар Аллоҳнинг оят(белги)ларидандир. Шоядки, эслатма олсалар” (Аъроф, 26-оят).
Инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган аломатлардан бири ҳам либосдир. Одамнинг аврати – айбини беркитиб туриши учун Аллоҳ таоло унга либос ато қилган. Либоснинг зарурати киши авратини ўзгалардан пинҳон тутишидадир. Лекин Аллоҳ инсоннинг авратдан бошқа аъзоларини ҳам тўсиш эҳтиёжи борлигини инобатга олиб, либосни зийнат тарзида нозил қилди. Шу боис либосни шариатга мувофиқ кийган инсонгина зийнатли ҳисобланади. Аввало, кийим одамнинг танасини ёпиш, қолаверса, иссиқ ва совуқдан асраш учун кийилади. Лекин кийимнинг бу оддийгина “вазифа”си ҳозирги ёшларимизни қониқтирмаслиги аён. Чунки “мода” деган деярли тийиқсиз омил ёшларимизнинг фикри-хаёлини қаттиқ банд этаётгани — ташвишли ҳол.
Ҳар соҳада тараққиёт бўлганидек, либосланиш маданияти «ривожланиб» кетди. «Оммавий маданият» дея аталиб, тарғиб этилаётган «кийим эркинлиги» тушунчаси жудаям хатарли бўлиб, бу дардга бутун дунёдаги ёшлар гирифтор бўлаётгани бор гап. Бизнинг ёшларимиз ҳам ушбу иллатга чалинаётгани хавотирли ҳолатдир. Кўпинча бундай тоифадаги айрим ёшлар ўзимизнинг миллий ва диний қадриятларимизни ифода этадиган либосларимиздан юз ўгирмоқдалар. Дунёда бўлаётган тараққиёт, ривожланишдан орқада қолиб кетмаслик даъвоси билан ҳар қандай янгиланишни, ўзгаришларни таг-тубини суриштирмасдан, улардан кўзланган ғоя ва мақсадларни билмасдан туриб, кўр-кўрона тақлид қилиб эргашиб кетавериш доимо ёмонликка бошлайди.
Зотан “оммавий маданият” ташвиқотчиларининг бу қилаётган ишларидан қанчалик моддий ва ғоявий фойдалар кўраётганликларини кўпчилик тушуниб етмайди. Айниқса, енгил-елпи ҳаёт тарзини ўзларига фахр деб билаётган ёшлар бу дардга кўпроқ чалинадилар, чунки уларда бу касалликларга қарши курашадиган иммунитет, яъни маънавият ва тарбия етишмайди. Шундай экан, ўзимиз билиб-билмаган ҳолда ғарбдан ёпирилиб келаётган маънавий таҳдидларнинг иштирокчиси, тарғиботчиси бўлиб қолмаслигимиз керак. Биринчи президентимиз И.А.Каримов ўзининг “Юксак маънавият – енгилмас куч” китобида айтганидек: “Ҳозирги вақтда ахлоқсизликни маданият деб билиш ва аксинча, асл маънавий қадриятларни менсимасдан, эскилик сарқити деб қараш билан боғлиқ ҳолатлар бугунги тараққиётга, инсон ҳаёти оила муқаддаслиги ва ёшлар тьарбиясига катта хавф солмоқда ва кўпчилик бутун жаҳонда бамисоли бало-қазодек тарқалиб бораётган бундай хуружларга қарши курашиш нақадар муҳим экканини англаб олмоқда”. Зиё – Шарқдан, деганларидек, дарҳақиқат, азалий қадриятларимиз бизни мудом одоб-ахлоқли, хушхулқ бўлишга ундайди. Қалб покизалиги инсонни улуғлайди, комилликка етаклайди. Шундай экан, қалб тозалиги либосларимизда ҳам акс этмоғи керак.
И.Жуманиязов
Урганч тумани “Қорри бобо” масжиди имом-хатиби