Маълумки, бугунги кунда дунёда ўзларига жарангдор номларни қўйиб олган ва баландпарвоз гаплари ила шиорланган шундай гуруҳлар борки,уларнинг тиллари бошқаю диллари бошқа ниятдадир.Маншундай адашган оқимлардан бири Ҳизбут-тахрирдир.
Бу оқим аъзолари гўё халифалик қурамиз,мусулмонларни бирлаштирамиз деган даводалар,лекин уларнинг шу пайтгача Ислом умматига заррача фойдаси тегмади аксинча бу умматга ўзлари билиб ёки билмай катта зарар ва зиён етказдилар.
Бу оқим аъзолари динимизга холисона ҳизмат қилган ва қилаётган уламоларни хақоратлаб уларни обрўсизлантиришга урунишади.
Тарихда бунга ўхшаган фирқалар ва оқимлар кўп бўлган масалан шулардан бири ҳаворижлардир.
Ҳаворижлар ҳазрари Усмон р.а ни қатил қилинишига сабабчи бўлганлар.Бундан ташқари Ҳазрати Али ва Мовия р.а ларга қарши чиққан фитначи бир гуруҳдир.
Келинг яхшиси бугунги Ҳизбийларга ўхшаган ҳаворижларнинг Усмон р.а га қилган фитналарини бир эсласак.
Одамлар Усмон (р.а)нинг замонига келиб, шунақанги бир молу-давлатга эга бўлдиларки, дунё юзи қайта бунақасини кўрмади. Бу бойликлар эса, одамларни турли фитналарга солди. Яъни, ҳеч бир мактаб ва мадраса кўрмаган бадавий араблар иймон келтириб “Мен ҳам иймон келтирдим. Мўминман, сизлар билан тенг сўзлашга ҳаққим бор” деб, “Муҳаммадия” мадрасасининг энг буюк, билимдон талабалари бўлган улуғ саҳобалар билан “У эмас, бу тўғри” дея гап талашар ҳолга келди. Чунки унинг чўнтаги олтинга тўла эди. Сиз биласизки, чўнтаги тўла одам бурнидан баланд гапиради ва ўзини “Туянинг бўйнидек” эгри йўлини тўғри деб ҳисоблайди.
Бу фитнани чиқарганлар Усмон ибн Аффон (р.а)ни яхши танимадилар ёки танисаларда илмсизлик ва бойлик уларнинг кўзини кўр қилган эди. Чунки улар ўлдирган зот “Зиннурайн” (Икки нур соҳиби) бўлган Усмон ибн Аффон (р.а) эди. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг қизларининг иккитасига уйланган.
-Муҳаммадия умматининг энг ҳаёлиси бўлган Усмон эди.
-У зот “Эй Усмон! Сен жаннатийсан” дея хитоб қилинган Усмондир.
-Ҳаёсидан фаришталар хижолат бўладиган Усмон эди.
-Саховатда бутун умматга намуна бўлган Усмондир.
Усмон (р.а)га қўйган айблари:
- “Усмон “Байъатур ризвон”да қатнашмаган” деган айб қўйган.
- “Усмон “Бадр жанги”да қатнашмаган” деган айб.
- “Усмон “Уҳуд”да уруш майдонидан қочган” деган баҳона.
- “Усмон Халифа бўлганларидан кейин ўз қариндошларини волийликка тайин қилди” деган баҳона.
- “Байтулмолдаги маблағни қариндошларига совуриб юборди” деган айб ва бошқалар.
Мисрдан, Басрадан ва Кўфадан чиққан фитначилар 4000 кишидан ортиқ бўлиб, ҳаж боҳанасида Мадинага йўл олди. Бу фитначилар халифа сайлашда ҳар кимни даъво қилаётган бўлсада, Усмон (р.а)га қарши чиқишликда барчалари иттифоқ эдилар.
Улар Мадинага келишди. Усмон (р.а) уларни чиройли муомала қилиб юртларига қайтариб юборди. Чиқарган фитнаси бесамар кетишидан қўрққан, малъун Абдуллоҳ ибн Сабаъ қалбаки мактуб билан уларни йўлдан қайтариб, Усмон (р.а)нинг уйларини қамал қилиб, ҳатто Усмон (р.а)га сув олиб киришни ҳам ман қилиб қўйди. Усмон (р.а) уларга тинмай ваъз, насиҳат қилар экан, бу насиҳатлари уларга кор қилмади.
Мадинадаги улуғ саҳобалар Оиша (р.а) онамиз билан бирга Маккага ҳажга кетганларидан сўнг фитначилар 22 кун Усмон ибн Аффон (р.а)нинг уйларини қамал қилишди. Ҳатто Усмон (р.а)ни масжидга жамоат номозига ҳам чиқармай қўйишди. Мадинада қолган оз сонли саҳобалар Усмон (р.а)ни ҳимоя қилиш учун у зотнинг уйларига келишди. Улардан Ҳасан ва Ҳусайн ибн Алий (р.а), Абдуллоҳ ибн Зубайр, Абу Ҳурайра, Абдуллоҳ ибн Умар ва бошқа саҳобалар бор эди. Улар: “Эй Амирал Мўминин! Биз сизнинг сафингизда турамиз! Охирги қонимиз қолгунча сизни ҳимоя қиламиз” деб қилич ёлонғочлашган эди, Усмон ибн Аффон (р.а) уларга қараб: “Эй Мадина аҳли! Мен сабабли Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг муборак жасадлари кўмилган Мадина тупроғида қон оқишига рози эмасман. Агар кимики, бу фитначиларга қарши қилич кўтарса, қиёмат куни икки қўлим унинг ёқасида бўлади! Агар бир жон ва бир қоннинг бадалига шу фитна тўхтайдиган бўлса, у жон менинг жоним ва у қон менинг қоним бўлсинда, Мадинада бошқа бирор қон оқмасин” деб уларни қайтарди.
Фитначилар Усмон (р.а)нинг эшигини ёқиб юборишди. Баъзилар
деворларининг устидан ошиб ичкарига кирдилар.жрий 35 йил, зулҳижжанинг 21 куни Усмон (р.а)ни ўлдиришга киришганлар 1. Қутайра ас-Сакуний 2. Савдон ибн Хамрон. 3. Ғофиқ ибн Харб деган кишилар эди. Ғофиқ Усмон (р.а)ни темир билан бошига урди. Бошқа ривоятда Усмон (р.а)ни Мисрлик Жабала исмли киши ўлдирган дейди. Усмон (р.а) ўқиб турган мусхафни оёқлари билан тепиб юборди. Мусхаф ерга тушиб, сочилиб кетди. Усмон (р.а)нинг бошларидан оқаётган қон мусхафнинг устига оқа бошлади. Савдон бин Хамрон қўлидаги қилич билан Усмон (р.а)ни чопиб ташлаш учун кўтарди. Усмон (р.а)нинг Ноила исмли аёли йиғлаб, Усмон (р.а)ни ҳимоя қилиш учун қўлини чўзган эди, қилич унинг қўлини ҳам узиб ташлади. Қотиллар, Усмон ибн Аффон (р.а)нинг оиласидаги етти ёшдан етмиш ёшга қадар бўлган барча жонни қиличдан ўтказдилар. Қотиллар у зотнинг уйидаги бор нарсаларни талаб кетишди. Йиғилган байтулмол бор эди уни ҳам бўлиб-бўлиб олишди. Адолатни даъво қилган бу жоҳил фитначилар ҳатто Усмон ибн Аффон (р.а)ни ўлдириб ҳам жасадини саҳобалар “Кўмайлик” деса бермади. Охир-оқибат ёш саҳобалардан тўрт киши бирлашиб, кечаси Усмон (р.а)нинг жасадини ўғирлаб олиб, Бақеъ қабристонига кўмдилар. Тарихчилар Усмон (р.а)нинг ўлимида иштирок этган фитначиларнинг бирортаси яхши ўлим топмади деганлар. Энди бугунги замоннинг хаворижлари бўлмиш ҳизбий ва салафийларнинг аввалги фитначи ҳаворижлардан нима фарқи бор. Бир замонлар ҳаворижлар Ислом умматини фитнага солган бўлса,бугун бу умматни ҳизбий ва салафийлар фитнага ва тафриқага соляпди. Ҳаворижларнинг шиори адолат ўрнатамиз деган шиор эди аслида уларнинг ниятлари мол дунё ва мансаб эди. Бу ҳақда тобеъинларнинг улуғи Ҳасан Басрийнинг сўзларини келтирамиз:
Хаворижлардан бўлган бир киши Ҳасан Басрийнинг ҳузурларига келиб: «Ҳаворижлар ҳақида нима дейсиз?» деб сўраб қолди. Ҳасан Басрий: «Улар дунё талабидаги, дунёга муҳаббат қўйган кишилар», деб айтдилар. Шунда у: «Сиз уларни нима сабабдан дунё талабидаги кишилар деб айтмоқдасиз, ахир улар (жанг қилиб) камон ўқлари орасида йиқилишса, аҳллари ва фарзандларини ташлаб, дин ғамида чиқиб кетишса», деди.
Ҳасан Басрий: «Сен менга султон ҳақида гапир, у сени намозни қоим қилишингдан, закот беришдан, ҳаж ва умра қилишдан ман этдими? Билишимча, султон сенларни дунёни қўлга киритишдан ман қилган эди, шу сабаб у билан урушмоқдасан», дедилар.
Билиб турганингиздек ҳаворижларнинг нияти мол дунё ва мансаб бўлганидек Ҳизбийларнинг аълал оқибат мақсадлари шу. Ҳаворижларни малъун Абдуллоҳ ибн Сабаъ фитналантирган бўлса, Ҳизбий ва Салафийларни ҳам бугун динимиз душмани бўлган,бўлган ғайридинлар ва баъзи ғарб махфий ташкилотлар қўллаб қувватлаётгани унчалик ҳам сир эмас.
Хулоса қиладиган бўлсак тарихда бўлгани каби мусулмонлар ичига фитна солишга уринаётган бугунги замонавий фирқалар, уларнинг аждодлари каби халокатга юз тутади. Ҳизбий ва Салафийлар каби биз уларни диндан чиққан кофир демаймиз, чунки Аҳлисуннанинг эътиқоди ундай эмас. Лекин улар адашган ва фитначи гуруҳлар деймиз.
Офият ва тинчликка рахна солувчи таши ялтироқ ва ичи қалтироқ бу гуруҳлардан огоҳ бўлинг азизлар!
Қ.Искандаров
Боғот тумани “Абдол бобо” масжиди имом-хатиби