Глобаллашув жараёнлари ва маънавий таҳдидлар фаслида дунёни тез суръатлар билан ўзгартираётган “глобаллашув” ҳодисасининг кўлами ва таъсири бугунги кунда кенгайиб, кучайиб бораётгани таъкидланади. “Шу маънода,глобаллашув — бу аввало ҳаёт суръатларининг беқиёс даражада тезлашуви демакдир”.
Ҳар қандай ижтимоий ҳодисанинг ижобий ва салбий томони бўлгани сингари, глобаллашув жараёни ҳам бундан мустасно эмас. Глобаллашув даврида давлатлар ва халқлар ўртасидаги интеграция ва ҳамкорлик алоқаларининг кучайиши, хорижий инвестициялар, капитал ва товарлар, ишчи кучининг эркин ҳаракати учун қулай имкониятлар вужудга келиши, кўплаб янги иш ўринларининг яратилиши, замонавий коммуникация ва ахборот технологияларининг, илм-фан ютуқларининг тезлик билан тарқалиши, турли қадриятларнинг умуминсоний негизда уйғунлашуви, цивилизациялараро мулоқотнинг янгича сифат касб этиши, экологик офатлар пайтида ўзаро ёрдам кўрсатиш имкониятларининг ортиши каби ижобий жиҳатларига эътибор қаратилади.
Хусусан, бугунги кунда инсон маънавиятига йўналтирилган, бир қарашда арзимас бўлиб туюлган кичкина хабар ҳам, ахборот оламидаги глобаллашув шиддатидан куч олиб, кўзга кўринмайдиган, лекин зарарини ҳеч нарса билан қоплаб бўлмайдиган улкан зиён етказиши мумкин. Дарҳақиқат, ҳарбий, иқтисодий, сиёсий тазйиқни сезиш, кўриш, олдини олиш мумкин, аммо мафкуравий тазйиқни, унинг таъсири ва оқибатларини тезда илғаб олиш қийин. Бундай таҳдидларга қарши ҳар томонлама чуқур ўйланган, пухта илмий асосда ташкил этилган, мунтазам ва узлуксиз тарзда олиб бориладиган маънавий тарбия билан жавоб бериш мумкин.
Бугунги кунда халқаро майдонда турли сиёсий кучлар ўзининг ғаразли манфаатларига эришиш учун “Эркинлик ва демократияни олға силжитиш” ниқоби остида амалга ошираётган, узоқни кўзлаган сиёсатнинг асл моҳияти ва мақсадларини ўз вақтида сезиш, англаш ғоятда муҳим экани таъкидланади. Шуни ҳисобга олган ҳолда, халқимизнинг маънавий оламини бундай таҳдидлардан асраш, ҳозирги ўта мураккаб замонда халқаро майдонда содир бўлаётган жараёнларнинг туб моҳиятига етиб бориш, улар ҳақида холисона ва мустақил фикрга эга бўлиш, бугунги куннинг энг долзарб вазифаси сифатида тилга олинади.
Шунингдек, коммунистик мафкура ва унинг ахлоқий нормаларидан воз кечилганидан кейин вужудга келган ғоявий бўшлиқдан фойдаланиб, четдан биз учун мутлақо ёт бўлган, маънавий ва ахлоқий тубанлик иллатларини ўз ичига олган “оммавий маданият” ёпирилиб кириб келиши неча минг йиллик анъана ва қадриятларимиз, турмуш тарзимизнинг маънавий негизларига жиддий таҳдид қилиши, инсон ҳаёти, оила муқаддаслиги ва ёшлар тарбиясига катта хавф солиши мумкинлиги, бундай хуружларга қарши курашиш ғоят муҳимдир.
Қисқача айтганда, бугунги замон воқеликка очиқ кўз билан, реал ва ҳушёр қарашни жаҳонда ва ён-атрофимизда мавжуд бўлган, тобора кучайиб бораётган маънавий таҳдид ва хатарларни тўғри баҳолаб, улардан тегишли хулоса ва сабоқлар чиқариб яшашни талаб этмоқда.
Ёш авлодда нафақат ўз ҳаёти, оила аъзолари, Ватани ва миллати олдидаги, балки атроф-табиат, бутун курраи замин ва жами башарият олдидаги масъулият туйғусини шакллантириш, бугунги кун таълим-тарбия тизимининг энг муҳим масаласи бўлиб турипти.
Т.Вайисов
Урганч туман “Қамбар бобо” масжиди имом-хатиби