Фарзанд неъмати ота-онага берилган улкан неъматлардан бири ҳисобланади. Бас шундай экан, уларнинг тарбияси ота-она бўйнидаги омонат ҳисобланади. Фарзанд тарбиясига эътиборсизлик билан қараш омонатга хиёнат ҳисобланади. Ота онанинг фарзандлар устида ҳаққи бўлгани каби, фарзандларнинг ҳам улар устида ҳақлари бор.
Минг афсуслар бўлсинки, кўпчилигимиз ота-оналарнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳақида гапирамизу, аммо фарзандларимизнинг бизнинг устимиздаги ҳақлари нима эканини яхши билмаймиз.
Оила фарзандлар учун биринчи илм даргоҳи бўлиб, эл-юрти, жамияти, ота-онаси ва динига бўлган муносабатларни оиласидан таълим ола бошлайди. Фарзанднинг илк дунёқараши оиладан шакллана бошлайди. Шунинг учун оилада ота-онаниннг муҳим вазифалардан бири – фарзанд тарбиясидир. Ушбу маъсулиятни ҳис этган ҳолда барча ота-оналар ўз фарзандларининг тарбиясига жиддий эътибор беришлари ва ҳар қандай шароитда ҳам фарзанд тарбияси билан шуғулланиш, уларга чиройли одоб беришга вақт топишлари лозим.
Валид ибн Нумайр ибн Авсдан ривоят қилинади. У отасининг “Солиҳлик – Аллоҳдан, одоб – оталардан дейишарди” деганини эшитган экан”[1]. Бунга шарҳ берадиган бўлсак, инсоннинг яратилишида асл хамиртуруш ўрнида бўлади. Гўёки, суви ва тузи меъёрида бўлиб, яхшилаб қорилса ва керакли ҳароратда пиширилса, барчага манзур келадиган нон дастурхон юзини кўрганидек, асли яратилишида солиҳлик мавжуд бўлган фарзандни ҳам яхши тарбия қилинса ва ота фарзандаги солиҳликни одоб-ахлоқ билан шакллантирса, чиройли тарбия бериб парваришланса, барча ҳавас қиладиган солиҳ фарзанд бўлиб камолга етади.
Фарзанд туғилгандан кейин биринчи масъулият ва тарбиялардан бири унга чиройли исм қўйишдир. Фарзанд тарбиясидаги яна бир муҳим нарсалардан бири, уларни чиройли хулқли қилиб вояга етказишдир. Абу Дардо (р.а.) Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ривоят қилиб дедилар: “Тарозида яхши хулқдан кўра оғирроқ ҳеч нарса йўқдир”.
Ислом одоб ахлоқ масаласи ва уларни сайқаллашга алоҳида эътибор беради. Шу туфайли ҳам бунга доир атамалар мўътабар китобларимизда кўплаб учрайди. Мазкур ҳадисни шарҳ қилишдан олдин “одоб” ва “ахлоқ” орасидаги фарқни билиб олсак. Одоб – бу бошқа инсонлар билан муомала қилганда ўйлаб чиройлироқ муомала қилиш қоидаларидандир. Ахлоқ эса Аллоҳ таоло бандани яратиш чоғида унга қўшиб яратган қобилият. Яъни, инсон она қорнидаёқ унга ўша нарса ўтади. Кейинчалик тарбия муҳим ва одатланишлар туфайли ундаги ўша қобилият шаклланади. Мисол учун, бир киши яхши ишларни амалга ошириш учун ўзидаги бор имкониятларни ҳеч иккиланмасдан сарф қилади, ҳатто ўрни келса ёрдамга муҳтож кишини кўрса иккиланмасдан унга ёрдам беради. Бундай кишига “яхши хулқли” атамаси ишлатилади.
Ота-она фарзандларига доимо яхшилик қилиши ва уларга яхшилик қилишни ўргатиб бориши лозим. Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Албатта, яхшилар жаннатдадир”[2], деган. Демак, ота-она ва фарзандларига яхшилик қилувчилар аброр – яхшилардир. Аброрларнинг мукофоти эса фақат жаннатдир. Ота-оналар ўз болаларига ножўя муносабатда бўлишлари жуда ёмон оқибатларга олиб келади. Ота-оналар мулоҳаза билан иш қилишлари, болалар билан бўлган муносабатлари тўғри ёки нотўғри эканлигини ўйлаб кўришлари, улар билан бўлган муомалада ўйламасдан иш қилмасликлари керак. Болага тарбия беришни хоҳлашнинг ўзи етарли бўлмайди. Болани тарбиялаш учун билим ва маҳорат ҳам бўлиши керак. Зеро, ҳадисларда айтилганидек, тарбия берувчининг ўзи аввало тарбияланган бўлмоғи керак.
Хулоса қилиб айтганда, фарзанд тарбияси ўта нозик ва муҳим масаладир. Уларни динимиз ва миллатимиз қадриятларидан келиб чиқиб баркамол хислатга эга қилиб тарбиялаш лозим. Бағрикенглик, раҳмдиллик ҳис туйғулари билан камол топишида инсон сабр-тоқатли бўлиши керак. Айнан бу хислатлар фарзанднинг ҳаёти маъносини белгилайди, унинг эътиқоди қандай йўналишда юксалишини кўрсатиб туради. Муҳтарам азизлар юртимиз равнақи учун муносиб фарзандларни тарбиялаш ҳар биримиз учун ҳам фарз ҳам қарз эканлигини унутмайлик.
М.Мадиримов
Ҳазорасп тумани “Ҳазрати Шайх Муҳаммад Амин” масжиди имом-хатиби