БИДЪАТ-ХУРОФОТЛАР ЗАРАРИ!

Ислом умматига берилган энг катта неъматлардан бири – Аллоҳ таоло уларга динни комил, аҳкомларини тўкис қилиб берганидир.

яъни: “Ана, энди бугун, динингизни камолига етказдим, неъматимни тамомила бердим ва сизлар учун Исломни дин бўлишига рози бўлдим” (Моида сураси, 3-оят).

       Эътибор берсангиз, бу диннинг мукаммал эканини уни биз учун дин деб рози бўлган Зотнинг Ўзи айтяпти. Демак, унда ҳеч қандай янгилик пайдо қилиш, қўшимча киритиш, такомиллаштиришга ўрин йўқ. Бироқ, афсуски, мана шу ишга беҳуда уринишлар жуда кўп бўляпти. Биз диндаги ана шундай «янгиликлар» – бидъат-хурофотларни таниб, билиб олишимиз ва улардан эҳтиёт бўлишимиз ва бошқаларни ҳам огоҳ қилишимиз керак.

    «Бидъат» ва «хурофот» сўзлари арабий сўзлар бўлиб, луғатда ўхшаши йўқ, ўхшаши бўлмаган янги нарсани пайдо қилиш деган маъноларни англатади. Диний ақийдаларга ўринсиз ислоҳ киритиш бидъат дейилади, хурофот эса умуман асоси йўқ нарса деганидир. Бидъат билан хурофотнинг фарқи шуки, бидъатнинг заиф бўлса ҳам хабари, далили бор, аммо шубҳали бўлади, хурофот эса умуман асли йўқ нарсадир.

     “Бидъат” сўзи луғатда “ўхшаши бўлмаган янги нарсани пайдо қилиш, диний ақийдаларга киритилган ўринсиз ислоҳ” деган маънони билдиради. Истилоҳда эса:

“Бидъат – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган нарсани амалга оширишдир”.

Демак, ибодатларда бўлсин, одатларда бўлсин, асри саодатда учрамаган, балки, кейинчалик динда янги пайдо бўлган амаллар бидъат ҳисобланар экан. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

 “Сизлар менинг ва тўғри йўлда юрувчи, ҳидоят топган хулафоларимнинг йўлини тутиб, уни озиқ тишларингиз билан тишлагандек, маҳкам ушланглар. Динга янгиликлар киритишдан сақланинглар, албатта, ҳар қандай бидъат –залолатдир” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).

Динга янгилик киритиш, гўёки, Аллоҳ ва унинг Расули билмаган нарсани “мен топдим” деган даъво қилишдир. Ваҳоланки, Ислом Аллоҳ томонидан юборилган мукаммал ва баркамол диндир. Биз мусулмонларнинг вазифамиз –  динимизнинг моҳиятини тўғри англаб етиб, ҳаётимизга татбиқ қилиш ва турли бидъат-хурофотларни пайдо қилмасликдир.

Аммо динга зид бўлмаган, асли бор, диннинг асосларига таянган ҳолда, динни ҳимоялаш учун жорий қилинган амаллар рад этилмайди. Бу ҳақда энг машҳур ҳадис бу борадаги барча саволларга жавоб бўлади, «бидъати ҳасана» йўқ дейдиганларга раддия бўлади.                                                               Имом Муслим, имом Термизий, имом Насаий ва имом Ибн Можалар ривоят қиладилар: «Пайғамбар алайҳиссалом шундай дедилар: «Ким Исломда гўзал одат пайдо қилса ва ундан кейин ўша одатга амал қилинса, ўша пайдо қилган одамга ўша амалнинг ажри ва унга амал қилганларнинг ажри бўлур ва уларнинг ажридан бирон нарса ноқис бўлмас. Ким Исломда ёмон одат пайдо қилса ва ундан кейин ўша одатга амал қилинса, унга ўша амалнинг гуноҳи ва кейинчалик унга амал қилганларнинг гуноҳи бўлур ва бунда уларнинг гуноҳларидан бирон нарса ноқис қилинмас».

   Уламоларимиз бидъатни икки қисмга бўлганлар: бидъати ҳасана (яхши бидъат) ва бидъати саййиа (ёмон бидъат).                                                          Бидъати ҳасана – шариатда асли бўлган амални шу аслга таяниб, уни шакллантириш учун жорий қилинган қўшимча амалларга айтилади. Бунга ҳазрати Умар разияллоҳу анҳунинг ишларини мисол қилиш мумкин. Суннат амал бўлган таровеҳ намозини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам жамоат билан ўқимас эдилар. Ҳазрати Умар эса халифалик даврларида мазкур намозни имомга иқтидо қилиб, жамоат билан ўқишни жорий қилдилар ва: “Қандай яхши бидъат бўлди”, – дедилар.

Шунга биноан диний илмлар ўргатиш учун алоҳида мадрасалар қуриш, китоблар чоп этиш, масжидларга гилам солиш, Расулуллоҳ саллоҳу алайҳи васалламни гўзал сийратларини тарғиб қилиш учун мавлид ўқиш сингари дин асосларига зид бўлмаган амаллар бидъати ҳасана бўлади. Унга амал қилиш жоиз ва у залолатга бошламайди.                                                              Бидъати саййиа эса – шаръий асосга эга бўлмаган бирор амал ёки эътиқодни жорий этишдир. Бундай бидъат айни залолат бўлиб, уни шариатимизда рад этилгандир. Қуйидаги ҳадиси шариф ҳам шунга далолат қилади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

“Ким бизнинг динимизда унда бўлмаган янги нарсани киритса, рад қилинади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

      Вакт ўтиб, инсонлар дин қонун-қоидаларидан узоқлашган сайин илм сусайиб, жаҳолат ва нодонлик юзага келиши оқибатида турли бидъат-хурофотлар юзага келади. Масалан, ҳозир баъзи жойларда ўтганлар руҳини ёд этиш мақсадида шам-чироқ ёқиш, динда асли йўқ турли маърака-тадбирларни жорий қилиш. Айниқса аёллар ўртасида “Мушкул кушод”, “Биби сешанба” каби тадбирларни ўтказиш ҳам айнан мана шундай бидъатлардан саналади. ушбу хурофотларни динимиздан деб билиниши ва амал қилиниши олди олинмас экан, кун сайин авж олиб бораверади. Машҳур саҳоба Абдуллох ибн Амр ибн Ос разияллоху анху: “Бидъат пайдо бўлса, кун сайин ривожланиб боради. Суннат амалдан чиқарилса, кун сайин узоқлаша бошлайди” – деганлар.                                                                           Суфён Саврий рахимаҳуллох: “Бидъат шайтонга гуноҳдан ҳам севиклирокдир. Чунки гуноҳдан тавба қилинади, бидъатчи гуноҳ қилаётганини билмай, унга тавба қилмайди”, – деганлар.                               Шунинг учун ҳам обид зотлардан бири бўлмиш Абу Айюб Сихтиёний рахимахуллох: “Бидъатчи ўз бидъатида канча тиришса, Аллохдан шунча узок бўлади” – деганлар.                                                                                        Имом Молик раҳимаҳуллоҳ: “Суннат – Нуҳ алайҳиссаломнинг кемаси кабидир. Унга минган киши нажот топади. Ундан қолиб кетган киши ғарқ бўлади”, – деганлар.

Демак, яхши амал учун ҳам, ёмон амал учун ҳам уни пайдо қилган одамга савоб ёки гуноҳ ёзилади. Бир гуноҳ бордир, аммо уни бошлаб бериш ундан ҳам оғир гуноҳ бўлади. Чунки бир гуноҳни одат қилиб берсангиз, кимки сиздан кейин шу гуноҳга амал қилса, уларнинг гуноҳидан сизга ҳам насиба ёзилаверади. Худди шунингдек, кимки бир яхши амални бошлаб берса ва одат қилса, шундан кейин ким унга амал қилса, бунинг савоби унга ҳам бораверади.

У.Бабажанов

Урганч туман » Шоликор » жомеъ масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *