ЎЛДИРИШ ВА МАЖБУРЛАШ ХАРОМ БЎЛГАН МУҚАДДАС ДИН

Ҳозирда дунё мусулмонлари мутассиб гуруҳларга қарши ўзларининг норозиликларини ва улардан нафратланишларини билдирмоқдалар. Бунинг асосий сабаби, улар ўзининг бузғунчи ишларини ва хунрезликларини ислом дини номидан амалга оширмоқда. Улар Ислом давлати эмас, балки, муқаддас ислом динининг душманидир. Чунки уларнинг қилаётган ишлари динимизга мутлақо зиддир.

Аллоҳ таоло мусулмонлигини эътироф қилиб турган кишини ўлдиришдан ғоятда қаттиқ огоҳлантирган. Бу ҳақда Нисо сурасида: «Агар сиздан четлансалар ва сиз билан урушмасдан, тинчликни таклиф қилсалар, Аллоҳ сизларга уларнинг зиддига йўл бермас» дейилган (90-оят).

Нафақат қуролсиз ва уруш қилмаган мусулмонни, балки ҳар қандай инсонни ўлдириш мумкин эмас.  Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳунинг «Лаа илаҳа иллаллоҳ» деган бир одамни ўлдириб қўйгани ҳақидаги машҳур қиссада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга «Лаа илаҳа иллаллоҳ», деса ҳам ўлдирдингми?» деб қайта-қайта сўрайверганлар. Усома розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули! У буни қуролдан қўрққанидан, хавфсираб айтди», деганида, у зот: «Сен унинг қалбини ёриб кўрдингми?» деганлар.

Аллоҳ таоло Юнус сурасида марҳамат қилади: «Агар Роббинг хоҳласа, ер юзидаги кишиларнинг барчаси иймонга келар эдилар. Ёки сен одамларни мўмин бўлишга мажбурлайсанми?» деган (99-оят).

Ақида, имон масаласи инсон қалби билан боғлиқ бўлган жуда нозик масала. Уни мажбуран, куч билан сингдириб бўлмайди. Уларни англаб, имон келтириш айни муддао. Исломда ушбу қоидага қаттиқ риоя қилинганидан Аллоҳ таоло: «Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди», деб марҳамат қилган (Бақара, 256). Яъни, дин аҳкомлари батафсил баён этилган, ҳар кимга ҳақ билан ноҳақни ажрата оладиган ақл неъмати берилган, у ёрдамида ўзига керакли йўлни танлаб олсин. Ушбу оятни Ибн Касир бундай тафсир қилган: «Ҳеч кимни Ислом динига киришга мажбур қилманг. Чунки у очиқ-ойдиндир. Далил ва ҳужжатлари равшан. Бировни унга киришга зўрлашнинг ҳожати йўқ. Балки кимни Аллоҳ Исломга ҳидоят қилса, унинг қалб кўзини очса, шуларга кўра унга киради. Аллоҳ кимнинг қалбини кўр қилиб, қулоқ ва кўзини муҳрлаб қўйса, уни мажбурлаб динга киритишдан фойда йўқ» . Агар мусулмонлар бошқаларни ўз динига куч билан киритишни истаганларида, ислом ўлкаларида бирорта черков ёки синагога қолмаган бўларди.

Дарҳақиқат, биз мусулмонлар ҳар доим эътиқод қилиб келганидек, «Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади» (Моида сурасининг 32-ояти) деб эътиқод қиламиз.

Албатта Ислом дини инсонийлик, меҳр оқибат, диёнат, ростгўйлик, садоқат, раҳм шафқат динидир. Бу динни яхши билган ва тушунган ҳар қандай самимий инсон унга мансуб шахсларнинг террорчилар каби ғаддор, қотил, аёвсиз, ваҳший бўла олмаслигини яхши тушунади.

 

Х.Аминов

Янгиариқ тумани “Мухаммад Саид” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *