АЛЛОҲ НАЗДИДА МАҚБУЛ БЎЛГАН ИСЛОМ ДИНИ! МИССИОНЕРЛИКНИ ҚОРАЛАЙДИ

Маълумки, ҳар бир инсоннинг назарида қадрли саналган нарсалар бўлиб, ана шулар қаторида мўмин-мусулмон киши учун энг улуғи ва муқаддаси унинг ақидасидир. Ақида сўзи арабча “ақд”, яъни бир нарсани иккинчи бир нарсага боғлаш маъносини билдирувчи лафздан олинган бўлиб, у мусулмон кишини маълум нарсалар билан маҳкам боғлаб турадиган эътиқодлар мажмуъасидан иборатдир. Муқаддас Ислом динимиз таълимотида баён қилинган имон масаласи, ҳалол-ҳаром нарсалар, фарз, вожиб, суннат амалларга доир барча ҳукмлар ақидавий масалалар ҳисобланиб, уларга эътиқод қилган кишини мўмин-мусулмон дейилади. Ислом таълимоти бўйича унинг ақидасига зид бўлган барча эътиқодлар ботил саналиб, уларга эргашишлик оғир гуноҳдир.

Мўмин-мусулмон учун исломий ақида энг муқаддас қадрият саналиб, у ўз эътиқодини ҳамма нарсадан юқори қўяди, асраб авайлайди, лозим бўлганда унинг учун ҳатто жонини беришга ҳам тайёр бўлади. Чунки, соф исломий ақида инсонни бу фоний дунёдан охиратга саломат олиб борувчи асосий восита бўлиб, нотўғри ақидага асосланиб қилинган амал, адо этилган ибодатлар Аллоҳнинг ҳузурида қабул бўлмайди. Аллоҳ таоло Ислом динини бутун инсониятга дин бўлишлигини ихтиёр этган, ундан бошқа динлар Аллоҳнинг ҳузурида мақбул бўлмаслиги Қуръони каримда баён қилинган “Кимки исломдан ўзга динни истаса (ихтиёр этса), ундан (у дин) сира қабул қилинмагай ва у охиратда зиён кўрувчилардандир” (Оли Имрон сураси, 85-оят).

Таассуфки, ҳозирги кунда диёримиздаги айрим ҳудудларда мусулмон фарзандларимизни бошқа динларга оғдириш (миссионерлик) ҳаракатлари олиб борилмоқда. Соф ақида нима эканлигидан бехабар, ҳақ билан ноҳақни англаб етмаган баъзи одамлар ўз динларидан воз кечиб, насроний ва бошқа динларга ўтиб кетиш ҳоллари ҳам кузатилмоқда. Албатта, уларнинг ўз эътиқодларидан юз ўгиришларининг биринчи сабаби Ислом ақидасини яхши билмасликлари бўлса, иккинчиси миссионерлар томонидан  турли хил кўринишдаги моддий рағбатлантирилишдир.

Тарихдан маълумки, миссионерлик ҳаракати XI-XIII асрларда салбчилар юришининг мағлубиятга учраганидан кейин бошланган бўлиб, бу ҳаракатнинг мақсади, дунёдаги халқлар орасида насроний динини ёйиш, хусусан ислом оламида насроний динига тарғиб ва ташвиқ қилиб, мусулмонлар бирлигини парчалаш ва улар устидан ҳукмронлик қилишдан иборат бўлган. Миссионерлик ҳаракатининг дунёнинг бир нечта жойларида марказлари мавжуд бўлиб, улар ўз фаолиятларини турли йўналишларда олиб борадилар. Масалан, касалхоналар, қариялар уйи, йўқолган ва етим қолган болаларни парвариш қилиш уйларини очиб, уларга меҳрибончилик кўрсатиш баҳонасида, турли хилдаги диний адабиётлар тарқатадилар ва ўз динларига тарғиб қиладилар. Бундан ташқари, муҳтож оилаларга моддий ёрдам бериш, беморларни зиёрат қилиш, маҳкумларнинг ҳолидан хабар олиш, уларнинг оила ва болаларига ғамҳўрлик қилиш баҳонасида ишончларини қозонадилар, ўзларини раҳнамо қилиб кўрсатадилар. Компютер сабоқлари ёки хорижий тилларни ўргатиш масканларини ташкиллаштириш орқали ҳам миссионерлик фаолиятини юритадилар.

Маълумотларга қараганда, ҳозирги кунда Осиё давлатларининг бир нечтаси ва Африка қитъасининг барча давлатларида миссионерлик ҳаракатлари авж олгандир. Давлатимиз Бош Қомусида миссионерлик ҳаракатларининг таъқиқланишидан кўзланган асосий мақсад ҳам бу офатнинг бизнинг диёримизга кириб келмаслигини таъминлашдан иборатдир.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, миссионерларнинг “ғамҳўрлиги”га алданиб, уларнинг тузоғига илинган кимсалар, аслида исломий ҳаётдан анча йироқ, унинг  ҳаётбахш таълимотидан бехабар бўлган кишилардир. Акс ҳолда улар минг йиллар давомида ота-боболари асраб-авайлаб келаётган динини арзимас нарсага, дунё матосига сотмаган, бундай нодонлик ва жаҳолатга йўл қўймаган бўлар эдилар.

Маълумки, Қуръони каримда: яъни: “Албатта, Аллоҳ наздида (мақбул) дин Ислом (дини)дир…”, — дейилган (Оли Имрон сураси, 18-оят). Ҳозирги илм-фан тараққиётга эришган вақтда кўплаб ғайридин олимлари ўзларининг илмий кашфиётлари орқали Аллоҳнинг мўжизаларига шоҳид бўлмоқдалар ва охир оқибат Исломнинг ҳақ дин эканлигига иқрор бўлиб, уни ўз ихтиёрлари билан қабул қилганликларини эълон қилмоқдалар. Мана шундай бир пайтда ота-боболаримиздан қолган азалий ҳақ дин бўлмиш Ислом динидан кечиб, Аллоҳнинг назарида мақбул бўлмаган динларни қабул қилаётганларни ким деб аташ мумкин, ахир. Ҳолбуки, Ислом динининг инсон ақлини қониқтирадиган таълимотидан озгина хабардор бўлган ақли расо киши ҳеч қачон уни тарк этмайди. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: яъни: “Ахир, кўксини Аллоҳ Ислом учун (кенг) очиб қўйган, ўзи эса, Парвардигори (томони)дан нур (ҳидоят) узра турган киши (бошқалар билан баробар бўлурми?)…”, — деб марҳамат қилган (Зумар сураси, 22-оят).

Ислом дини бизнинг муқаддас қадриятимиз. Унинг ҳурматидан инсон ҳурмат топади. Мусулмон деган номга мушарраф бўлиш билан инсон Аллоҳнинг ҳимоясига ўтади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида: яъни: “Ким бизга ўхшаб намоз ўқиса, бизнинг қибламизга юзланса, биз сўйган қурбонликлардан еса, демак у  Аллоҳнинг ҳимоясидаги мусулмондир. Бас, Аллоҳнинг зиммасидаги нарсага хиёнат қилманглар!”, — деганлар (Имом Бухорий ривояти). Аввалда ислом динида бўлиб, кейин ундан юз ўгириб кетиш эса, динимизда муртадлик дейилади. Бу эса, Аллоҳнинг ҳимоясидан қочиш, Унинг динидан ўзга динни афзал билиш демакдир. Албатта, бундай ҳолатда унга ҳақ йўлни тушунтириш, тавба қилиб, ўз динига қайтишга ундаш лозим бўлади. Дарҳақиқат, динга зўрлаб киритиш на динда ва на дунёвий қонунда мумкин эмас. Аммо, миссионерларнинг найрангига алданиб, ўзга динни қабул қилган кишиларни инсоф ва диёнатга чақириш барча мусулмоннинг бурчидир.

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг ҳақ динида собит қадам қилсин.

 

Х.Аминов

Янгиариқ тумани “Мухаммад Саид” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *