Диний экстремизм ва терроризм маънавий таҳдидларнинг бир тури бўлиб, улар ўзлари мансуб бўлган диний конфессия вакилларини радикал ҳаракатларга чорловчи, мамлакатдаги тинчлик ва осойишталикни издан чиқаришга интилувчи, мавжуд конституцион тузумни ағдариб ташлашга даъват этувчи тажоввузкор сиёсий фаолиятдир. Маълумотларга кўра, ҳозир дунёда 500га яқин террорчи ташкилотлари мавжуд бўлиб, уларнинг 80 % ислом ниқоби остида фаолият юритади. Улар қаторига «ал-Қоида», «Мусулмон-биродарлар», «Ҳизбут-таҳрир», «ал-Жиҳод ал-Исломий», «ат-Такфир вал-Ҳижра» (Миср), «Абу Сайёф» (Филиппин), «Озод Ачех», «Лашкари жиҳод» (Индонезия), «Қуролли исломий ҳаракат» (Жазоир), ваҳҳобийлар, АБу Нидал гуруҳи, Қуролли ислом гуруҳи, АУМ Синрикё, Басклар ва озодлик ватани, Ал-Жамоа ал-исломия, ҲАМАС Мусулмон биродарлари, Ҳаракат ал-мужоҳидийн, Ҳизбуллоҳ, «17 ноябрь Инқилобий ташкилоти», «Инқилобий халқ-озодлик фронти/партияси» («Del Sol» номи билан маълум), «Инқилобий халқ кураши», «Сендеро Люминосо» («Ёруғ йўл», шунингдек «Партизанлар-халқ армияси»), «Тупак Амару инқилобий ҳаракати», «Ўзбекистон Ислом ҳаракати», «Ўзини мудофаа қилиш бирлашган кучлари» каби ташкилотларни киритиш мумкин. Диний экстремизм дунёдаги деярли барча мамлакатларда шахс, жамият ва давлатнинг ҳаётий муҳим манфааатларига таҳдид солиб келмоқда. Жумладан, диний экстремистик оқим таркибига кириб қолган шахс: оиласи, қариндош-уруғлари ва яқин инсонларидан маҳрум бўлади.
Вазиятнинг бундай таҳликали ўзгариб бориши республикамизда барча жонкуяр фуқароларидан ҳушёрлик ва огоҳликни кескин оширишларини тақозо этади. Тинчликни сақлаш хушёрлик ва огоҳликни талаб қилади. Афсуски, ҳаётимизда содир бўлаётган ноқонуний хатти-ҳаракатларни кўриб кўрмасликка оладиган, тинчликни сақлаш фақат давлатнинг иши деб ўйлайдиганлар, фарзандларининг тарбияси билан қизиқмайдиган ота-оналар ҳам борлигини қайд этиш лозим. Ватан оиладан бошланади. Оилада тинчлик бўлса, маҳалла, қишлоқ, шаҳар, вилоят ва ниҳоят мамлакатда осойишталик бўлади, юрт равнақ топади. Фарзандларимизнинг илмий савиялари, касбу-хунарлари билан ахлоқий фазилатларини ҳам ўстириб боришимиз керак. Ёш авлоднинг турли ёт оқимлар таъсирига тушиб қолишини олдини олиш тўғрисида ғамхўрлик фақат ҳукуматимиз ёки таълим муассасаларининг вазифаси эмас, балки ҳар бир ота-онанинг ҳам муҳим бурчларидан биридир.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкиинки, жойлардаги диний вазиятнинг барқарорлигини таъминлаш, аҳолининг, айниқса, ёшларнинг диний-экстремистик ташкилотлар таъсирига тушиб қолишини олдини олишда ўқув муассассалари, ташкилот ва маҳалла йиғинлари ўтказиладиган маърифий тадбирларда ёшларни илмли, дунёвий дунёқарашли ватанпарвар шахс қилиб тайёрлашга алоҳида урғу бериш, диний-экстремизм тарафдорлари тарқатаётган ғояларнинг аслида ислом таълимотига зид экани ва сиёсий мақсадларга йўналтирилганини аниқ далиллар билан исботлаб бериш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
У.Машарипов
Қўшкўпир тумани “Ҳазрати Эшон бобо” масжиди имом-хатиби