Гиёҳвандлик – инсоннинг гиёҳванд моддага ўрганиб колишига айтилади. Гиёҳвандлик Аллоҳ таоло инсонга ато этган жон, жисм ва ақл неъматларининг заволи бўлиб Аллоҳнинг яратиш ҳикмати ва иродасига зид ҳатти-ҳаракатдир. Гиёҳвандлик — бу бангилик, оғир хасталикдир, яъни у ёки бу наркотик моддаларга ёки кайф берувчи моддаларга ишқибозлик ва мойиллик ҳосил қилишдир, яъни инсон ўз ихтиёри билан миясини заҳарлайди. Натижада ушбу ўта гуноҳ ва нотўғри йўлга қадам қўйган шахс ўзининг одамийлик қиёфасини йўқотади, ўзининг олийжаноб инсонийлик кўринишидан жудо бўлади. Руҳан носоғлом ҳолга келади, касб-ҳунаридан маҳрум бўлиб қолади, оқибатда жиноий ишларга қўл уради, ўғрилик қилади, ўзига ҳам бошқаларга ҳам бахтсизлик келтириб чиқаради. Гиёҳвандликка мубтало бўлган киши атроф-муҳитда бўлаётган воқеаларга бепарво бўлиб қолади.Унинг гирдобига тушган бемор нафақат ўз яқинлари балки юртини ҳам танимайдиган манқуртга айланади. Мана шунинг ўзиёқ гиёҳвадликнинг нақадар тубанликка олиб боришини англатади. Гиёҳвандлик инсонга ҳар томонлама улкан зарар беради. Буни тиббиёт мутахассислари бир овоздан тасдиқлашмоқда. Гиёҳвандлик оқибатида ўнлаб тузалмас касалликларга йўлиқиш, танани турли касалликларга йўқотади, хотирани сусайтиради, бош, юрак,сил, истисқо хасталикларини юзага келтиради, бевақт ўлим ҳолатлари, мажруҳ, ақли ноқис фарзандлар туғилиши исботлаган. Бундан ташқари, бу зарарли иллат инсонни ўта ялқов, камғайрат, оилага бепарво, ҳамиятсиз, жинсий заиф қилиб қўяди, кўзини хиралаштиради, тишларни тўкиб юборади. Гиёҳванд аввало Парвардигорга осий бўлиб, Пайгамбаримиз (САВ) ҳидоятларидан маҳрум бўлади. Энг оғири хам руҳан, ҳам жисмонан инсонийлик қиёфасини йўқотади. Шуни асло унутмаслигимиз лозимки, гиёҳванд моддани тажриба учун унинг кайфини синаб кўриш мақсадида, бир-икки марта истеъмол қилиш, ҳеч нарса бўлмайди деб ҳавас қилиш, ўта хавфли ва ўта ақлсизликдир. Зеро Аллоҳ таоло каломи шарифининг бир неча оятларида барчамизни огоҳлантириб айтадики: ”Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган нарсаларнинг ҳалол ва покларини тановвул қилингиз ва ўзларингиз имон келтирган Аллоҳдан қўрқингиз! (Моида сураси, 88-оят). ”Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!” (Бақара сураси, 195-оят). ”Ўзларингизни (бир-бирингизни ноҳақ) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм шафқатлидир” (Нисо сураси, 29-оят).
Ҳазрати Расулуллох салаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: ”Ҳар бир маст қилувчи нарса ҳамрдир, ҳар бир ҳамр эса ҳаромдир”. Бошқа ҳадисда: ”Пайғамбар салаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар”, дейилади.
Фатволарда келишича, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш уни сотиш ва унинг тижоратидан келган фойда ҳам ҳаром саналади. Таъкидлаш жоизки, гиёҳванд моддаларни ёшларимиз ичида тарқатаётганлар жамиятимизнинг ҳам динимизнинг ҳам душманлари бўлиб, уларнинг оҳиратлари барбод бўлади. Юртимиз барча турдаги гиёҳвандликка қарши изчил кураш олиб бормоқда. Оммавий ахборот воситалари орқали дунёда ”аср вабоси” деб ном олган гиёҳвандликнинг инсон соғлигига зарари ва унинг аянчли оқибатлари ҳақида баралла айтилмокда ва кенг тушунтирилмоқда. Шунинг учун ҳар биримиз келажагимиз бўлган фарзандларимизга ўқувчи ва талабаларимизга, маҳаллалардаги ёшларимизга бепарво бўлмайлик. Уларнинг тарбияси билан жиддий шуғулланишимиз, қаерда, кимлар билан юрганидан, нима иш қилаётганларидан бохабар бўлишимиз даркор. Бир болага етти қўшни ота-она деган гап бор халқимизда шундай экан азизлар, бола ўзимизни фарзандимизми ёки бегонаникими уларга эътиборли бўлайлик. Халқимиз келажаги бўлган бу ёшларга уларнинг тарбияларига илм олишларига эътибор бериб, келажакда уларни халқ учун, миллат учун, ватан учун, муқаддас динимиз учун хизмат қиладиган бўлишларига ҳаракат қилайлик.
С.Сапаев
Хива туман бош имом-хатиби