Ер юзида эртанги куни, фарзандлари келажаги ҳақида қайғурмайдиган бирон халқ бўлмаса керак. Бизнинг болажон халқимиз ҳам ўзи емаганини, ўзи киймаганини боласига дея олиб қўяди ва уларнинг ҳақларига тани сиҳатлик тилаб, келажаги порлоқ бўлсин, дея дуолар қилади. Фарзандлар бахту камоли, унинг порлоқ келажаги йўлида барча имкониятларини аямайди. Динимизнинг барҳаёт таълимотларида фарзанд ҳаётимиз мазмуни ва зийнати эканлиги, унинг тарбияси ва уни соғлом ҳамда баркамол бўлиб вояга етиши борасида жуда кўп йўл-йўриқлар, тавсия ва маслаҳатлар мавжуд. Фарзанд туғилган хонадон албатта, баракага тўла бўлади. Зеро, Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан қилинган ривоятда: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Абдуллоҳ ибн Аббос, боласи йўқ уйнинг баракаси ҳам бўлмайди,” – деб, умматларини фарзандли бўлишга ҳамда унга эътиборли бўлишга тарғиб қиладилар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Каҳф” сураси 46-оятида“Мол-мулк, фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир. Раббингиз наздида эса, боқий қолувчи солиҳ амаллар савоблироқ ва орзу қилишга лойиқроқдир” деб марҳамат қилади.
Зеро, инсонга берилган гўдак, Аллоҳ таолонинг омонатидир. Бу омонатни ўзига берилгани каби мусаффо қалб ила ҳам маънан ҳам жисонан соғлом вояга етиши учун ота-она масъулдир. Дарҳақиқат, оятда айтилганидек “боқий қолувчи солиҳ амаллар”дан бири фарзанднинг ички ва ташқи дунёсига зарар берадиган ҳар қандай балою офат ва турли фитналардан ҳимоялаб, солиҳ фарзанд қилиб тарбиялаши ҳисобланади. Зеро болани ёш ниҳолга қиёслашади. Боланинг улғайиш даври эса тана аъзоларининг фаолияти ҳамда унинг асаб ва руҳияти билан чамбарчас боғлиқ бўлади. Жисмонан соғлом, ақлан етук бола соғлом муҳит ва аҳил оилада камолга етади. Ана шундай муҳит таъсирида бола маънан етук, жисмонан соғлом ҳолда катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, одамийлик, меҳр-оқибат, ўз Ватанига, халқига, дину диёнатига ихлосли ва садоқатли бўлиш каби инсоний фазилатларни ўз қалбига жо қилади. Ривоят қилинишича, Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бир киши келиб: “Ё Расулуллоҳ, ёш гўдакларга қандай муомалада бўлиш керак?” деб сўради. Шунда у зот: “Уларга юмшоқ муомалада бўлиб, суюб-эркалаб, ахлоқ-одобга чақириш лозим”, деб жавоб бердилар.
Али разияллоҳу анҳу: “Фарзандларингизни ўз замонларига мос илм беринглар, ўзларингиз яшаган илгариги замонга мослаб эмас. Чунки улар сизларнинг замонларингизда яшамайдилар, балки ўз замонларини яшайдилар”, деганлар. Яъни ота-она фарзандининг феъл-атворига қараб муносабат кўрсатиб яхшиликка, одоб-ахлоққа ва фойдали илмга йўналтиришлари замон талабидир. Бунинг учун аввало оилаларда хотиржамлик ва тинчлик ҳукм сурмоғи лозим. Зеро, оила – жамият таянчи. Унда осойишта ҳаётнинг асоси бўлган инсоний фазилатлар шаклланади шу сабаб ҳам фарзандлар тарбияси юртимиз келажагининг пойдеворидир бунга ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим.
М.Мадиримов
Ҳазорасп тумани “Ҳазрати Шайх Муҳаммад Амин” масжиди имом-хатиби