ИСЛОМДА ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ

         Гўзал исломий тарбия олган фарзандларгина чинакамига “жаннат райҳонлари” деб мақталади. Аксинча инсонийлик фитратидан чекинган, тарбияси бузуқ болалар жамиятнинг зараркунандаларига айланишади. Шу боис Ислом динимиз фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор қаратади ва бу муҳим масалани ота-она ва жамият олдидаги энг зарур вазифалардан бирига айлантиради.
Фарзанд тарбиялаётган ота-она ҳар бир ҳаракати, юриш туриши, муомаласи, бошқалар билан ўзаро муносабатида олижаноб фазилатларни намоён эта билиши керак. Чунки бола табиатан ниҳоятда тақлидчан ва кузатувчан бўлади. Шунинг учун унинг атрофдагилари ўз одатлари билан баъзан ўзлари сезмаган ҳолда уларга таъсир қиладилар. Оиладаги қўпол муносабатлар, кўп ёлғон гапириш, ёқимсиз хатти-ҳаракат бола тарбиясига салбий таъсир қиладиган носоғлом муҳитни келтириб чиқаради. Фарзанд тарбиясида ота-онанинг муомаласи муҳим ўрин тутади. Бола ота-она томонидан қўпол, дағал сўзлар эшитиб, калтак еб катта бўлса, бу унинг табиатига салбий таъсир қилади. Бу эса ўз навбатида оиладаги носоғлом муҳитда тарбияланаётган боладан “маънавий касал” инсонлар шаклланади. Улар эса жамият маънавиятига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Оилада ота-оналар “оммавий маданият” таъсирига берилиб кетиши оқибатида фарзандларнинг тарбиясига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Албатта бола тарбияси ўта мураккаб ва маъсулиятлидир. Бу ҳар бир ота-онадан ўз устида мунтазам ишлашни, болалар тарбиясига оид барча маълумотлардан бахобар бўлиб боришни талаб этади.

Буюк аждодимиз Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда: “Ота ўз боласига чиройли одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди”  деб айтилган.   Аллоҳ таоло “Таҳрим” сурасининг 6-оятида: “Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган оловдан сақланг”, деб марҳамат қилади. Инсон ўзини, аҳли аёлини ва ўзидан дунёга келадиган аҳлларини қандай қилиб оловдан сақлаши мумкин? Бусақлаш, аввало ўзидан сўнг аҳлларидан жаҳолатни кетказиб, дунё ҳаётида оқибати олов (дўзах азоби)га олиб борадиган турли жинояту гуноҳлардан, нодонлигу бадхулқликлардан таълим ва тарбия воситасида сақлаш билан бўлар экан. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ушбу оят нозил бўлгандан сўнг суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Эй Расулуллоҳ, ўз нафсимизни-ку сақлаймиз аҳлимизни қандай сақлаймиз?”, деб сўраган эканлар. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳивасаллам: “Аллоҳ сизларни нимадан қайтарган бўлса, уларни ҳам қайтарасизлар. Аллоҳ сизларни нимага буюрса, уларни ҳам буюрасизлар. Ана ўша уларни ўтдан сақлаш бўлади”, деб жавоб берганлар.

         У.Бабажанов

Урганч тумани “Шоликор” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *