Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Беш нарса соф фитратдандир: мўйлабни қирқиш; тирноқларни олиш; қовуқни қириш; қўлтиқни юлиш; мисвок», дедилар». Ҳақиқий инсоний одоб-ахлоқ доирасига кирувчи бу бешта нарсанинг ғоятда муҳимлиги бугунги кунда барча кишилар томонидан ҳам тасдиқланмоқда. Динимизда эса фитратдан бўлган бу беш нарса ҳақида кўплаб ҳадислар келган.
1. «Мўйлабни қирқиш», Яъни мўйлабнинг лабнинг устига ўсиб тушган қисмини қирқиб, лабнинг қизғиш қисми яхшилаб очилиши, унга мўйлабнинг туклари тушмаслиги керак. Шунингдек, бошқа тарафларга қараб ўсган, тартибсиз бўлиб кетадиган туклари ҳам қирқиб турилади.
2. «Тирноқларни олиш», Бу ҳам инсоннинг соф табиати талаб қиладиган нарса. Тирноқни вақти-вақти билан қисқартириб турилмаса, бўлмайди. Тирноқ ўсганда, тагига кир тўпланади. Бу нарса турли касалликларга сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек, тирноқни ўстириб юришнинг бошқа зарарлари ҳам бор. Фақат табиати бузуқ маданиятгина «Тирноқни ўстириб юриш маданиятдандир», демаса, бошқа биров бу номаъқулчиликни айтмайди.
Олинган тирноқ ва сочларни кўмиб юбориш тавсия қилинади. Бирор овлоқроқ жойга ташланса ҳам, зарари йўқ. Лекин таҳоратхона ёки ғусл қилинадиган жойга ташлаш мумкин эмас.
3. «Қовуқни қириш», Бунда инсоннинг олд ва орқа жинсий аъзоси атрофидаги юнгларни кетказиш кўзда тутилган. Аммо ўша ҳаром юнгларни қириш шарт эмас, балки ҳар қандай қулай услуб билан кетказилса бўлаверади. Мазкур жойларни озода тутиш ҳар бир эркагу аёлнинг соғлиғи, ҳаёти учун нақадар муҳим эканлигидан, динимизда бу масалага алоҳида эътибор берилган.
4. «Қўлтиқни юлиш», Қўлтиқ остида юнг ўсиши ҳар бир одам боласида бор нарса. Шу билан бирга, қўлтиқ энг кўп терлайдиган ва энг кўп кирланадиган жой. Шунинг учун шахсий озодалик масаласида бу жойга алоҳида эътибор берилади. Мусулмон одам қўлтиғи остидаги юнгни тез-тез тозалаб туриши лозим. Бу шариатнинг амри. Бир эмас, барча анбиё ва расулларнинг суннати. Аллоҳ таоло яратган асл хилқатнинг суннати. Аллоҳ таоло юборган самовий диннинг суннати. Қўлтиқни тозалаш унинг юнгини юлиш билан бўлиши шарт эмас. Балки ўша юнгни қириш ёки бирорта юнг туширадиган модда билан тушириш ҳам жоиз.
5. «Мисвок», Яъни тишни ва оғизни тозалаб юриш.
Бизда «мисвок қилиш» деб ишлатиладиган истилоҳ тишни ишқалаб ювиш маъносидадир. Қадимда маълум бир буталарнинг, аниқроғи эса, арок номли бутанинг учи юмшатилган новдалари билан тиш тозаланган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа бир ҳадисда умматларига машаққат бўлишини мулоҳаза қилганлари учунгина ҳар таҳоратда мисвок қилишга амр этмаганларини таъкидлашларидан бу ишга қанчалик аҳамият берилганини билиб олсак бўлади. Ғарблик олимларнинг таъкидлашларича, дунё тарихида кишиларни тишни тозалаб юришга биринчи бўлиб амр қилган шахс Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Уламоларимиз: «Таҳорат қилган одам мисвок қилиши суннати муаккада», деганлар. Баъзилари: «Бу иш – мустаҳаб», деганлар. Аммо, нима бўлганда ҳам, уни қилишга ундаганлар. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо мисвок қилар эдилар. Вафотларидан олдин ҳам мисвок қилиб турганлари маълум ва машҳур.
Бу борада келган бошқа ҳадиси шарифларда юқорида зикр қилинган ишлардан бошқа ҳам фитрат суннатлари борлиги айтилган. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўн нарса фитратдандир: мўйлабни қайчилаш; соқолни ўстириш; мисвок; бурунга сув олиб тозалаш; тирноқларни қисқартиш; баданнинг букиладиган жойларини яхшилаб ювиш; қўлтиқни юлиш; қовуқни қириш; сув билан истинжо қилиш», дедилар. Мисъаб: «Ўнинчисини унутдим, менимча, оғизни сув билан тозалаш бўлса керак», деди». Бешовлари ривоят қилишган.
Ушбу ҳадиси шарифда ҳозирги ғарб маданияти Исломдан ўн беш аср кеч қолиб тарғиб қилаётган «шахсий тозалик ишлари» ҳақида сўз кетмоқда. Ислом бундай ишларни «Фитрат суннатлари», яъни Аллоҳ таоло инсонни яратгандаги соф табиат ва Аллоҳ таоло инсонларга юборган соф динлар суннати, деб номлаган.Қаранг, номлашда ҳам қанча фарқ бор. Исломий номлаш Роббининг кўрсатмаси ила бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аввал «фитрат суннатлари» ўнта эканини эълон қилиб қўйиб, кейин уларни бирма-бир номлаб чиқмоқдалар.
6. «Соқолни ўстириш», Яъни соқолни мўйлаб каби қирқиб турилмайди, уни узун бўлишига қўйиб берилади. Аммо узун бўлиши қанча миқдоргача бўлиши мумкинлиги ҳақида бир оз ихтилоф бўлган. Аслида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг соқоллари ҳар доим текис ва кўркам бўлган. Саҳобалар розияллоҳу анҳум ва хусусан, Абдуллоҳ ибн Умарнинг соқолларини текислаб юрганлари ҳақида ривоятлар мавжуд.
7. «Бурунга сув олиб тозалаш», Буруннинг инсон ҳаётида тутган ўрнини гапириб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак. Шундай муҳим аъзони яхшилаб, озода ҳолда тутиш ҳар бир мусулмон учун диний мажбуриятдир. Ҳар таҳоратда уч марта бурунга яхшилаб сув олиб, ичкарисига тортиб, сўнгра чиқариб ташлаш суннати муаккада сифатида шариатда жорий бўлган. Бу билан бурунга кириб қолган турли зарарли чанг-ғубор ва микроблар чиқариб юборилади ва инсон соғлиғи учун муҳим иш амалга оширилади.
8. «Баданнинг букиладиган жойларини яхшилаб ювиш», Бунда инсон баданининг кир тўпланиб қоладиган қисмлари – бўғинлар, киндик, қўлтиқ каби жойлар кўзда тутилган. Албатта, бундай жойларни яхшилаб ювилмаса, кир тўпланиб, одамдан нохуш ҳид чиқиши, тўпланган ифлосликлар касаллик келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.
9. «Сув билан истинжо қилиш», «Истинжо» деб инсоннинг икки чиқарув аъзосини пешоб ва ахлатдан тозалашга айтилади.
10. «Мисъаб: «Ўнинчисини унутдим, менимча, оғизни сув билан тозалаш бўлса керак», деди».
Фитратда бор нарсаларнинг ўнинчисига келгач, ҳадиснинг ровийларидан бирлари Мисъаб аниқ эслаб қола олмаган эканлар. Шуни илмий омонат юзасидан, Аллоҳ таолодан қўрқиб, очиғини айтибдилар. Уламоларимиз у киши қандай айтган бўлсалар, шундай нақл қилибдилар.
Мисъаб ўша ўнинчи нарса «оғизни чайиш» экани эҳтимоли кучлилигини ҳам айтибдилар. Дарҳақиқат, оғизни чайиш ҳам таҳоратнинг суннатларидан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таомдан кейин, айниқса гўштли ва ёғли таомлардан кейин оғизларини чайганлар. Оғизни доимо чайиб, тозалаб юриш қанчалик фойдали иш экани ҳаммага маълум ва машҳур. Шунингдек, вақтида оғизни чаймаслик оқибатида келиб чиқадиган ноқулайлик ва зарарлар ҳам ҳаммага маълум.
Аллоҳ таолога ададсиз шукрлар бўлсинким, шариатимизда соғлиғимиз, гўзаллигимиз, саришталигимиз учун зарур бўлган ишлар савоб ҳам оладиган амалларга айлантириб қўйилибди.
Матякубов Музаффар
Қўшкўпир тумани бош имом-хатиби
(Одоблар хазийнаси китобидан)