ОММАВИЙ МАДАНИЯТНИНГ САЛБИЙ ТАЪСИРЛАРИ

   Оилаларимиздаги тартиб-қоидалар долзрб аҳамиятга эга. Умуман, оилаларимизда ўрнатилган ўзига хос қоидалар оила мустаҳкамлигини таъминлашда муҳим бўлиб келган. Масалан, Марказий Осиё худудига Ислом дини ёйилгач, оилага доир қонун-қоидалар ушбу дин таълимоти асосида шаклланди. Яъни, оилада эрнинг мавқеи баландлиги, шу билан бир қаторда, хотин ҳам хақ-хуқуқларга эга экани, фарзандлар ота-оналари билан ўртада чегара борлигини ҳис қилиб, ҳурмат билан мулоқотда бўлиши кабилар. Кузатувлар натижасида кўп йиллар давомида ота-боболаримиз қалбига сингиб кетган ушбу қадриятлар бугун юртдошларимиз орасида аҳамиятини бир мунча йўқотаётгандек кўринади.

   Хориж матбуотига кўра, бугунги кунда ғарб ўсмирлари орасида бошқа мамлакатлар ёшларига қараганда уюшган жиноятчилик ва зўравонликка берилиш ҳолати юқори. Бунга сабаб – болаларга керагидан ортиқ эркинлик берилганидир. Уларни ҳозирдан айш-ишратга берилиб, турли ахлоқсиз хатти-харакатларга ружу қўйишидан хеч ким қайтармайди. Оқибатда ўсмир қизлар орасида ҳомиладорлик даражаси Оврупа мамлакатлари бўйича энг юқори кўрсаткичга етган.

   Инсон ҳаёти давомида бирор шахсни ўзига ўрнак деб билади, у каби ҳаёт кечиришни, у эришган ютуқлар каби маваффақиятларга эришишни, юксак чўққиларга чиқишни кўзлайди. Бугун жамиятнинг ёш аъзолари ўз ҳаётлари учун бошқа маданият вакилларининг фикрлаш ва ҳаёт тарзини ўрнак қилиб олишлари кўп муаммоларни келтириб чиқармоқда.

   Ғарб турмуш тарзида ор-номус, эркаклик шаъни, аёллик иффати деган нозик тушунчалар емирила бошлаётгани, бундай ҳолатлар “эркин ҳаёт тарзи” сифатида ахборот воситаларидан тарғиб қилинаётгани боис, халқимиз орасида ушбу турмуш тарзидан таъсирланиш ҳолатлари учраши, бу эса инсон ҳаёти, оила мустаҳкамлиги ва ёшлар тарбиясига катта хавф солиши мумкинлиги барчамизни огоҳ этиб, ёшларимизни бундай маънавий хатарлардан сақлаш учун жидду жаҳд қилишимиз зарур.

   Бугунги кунда ғарб маданиятининг салбий жиҳатлари таъсирини халқимизнинг маънавий камалотини таъминлашга хизмат қилиб келган воситалар: санъат, адабиёт ва кийиниш одобида кўриш мумкин. Мисол учун, одобни энг кўп тарғиб қилувчи хисобланган адабиётларда ҳозирги кунда ахлоқсизлик белгиларининг учраши халқимизга хос шарм-ҳаё, ибо, номус, иффат, садоқат ва вафо каби тушунчаларга дарз салмоқда.

   Тинимсиз ахборот оқими вужудга келаётган муҳитда миллий қадриятлар, ўзига хосликни ифодаловчи анъаналар завол топишининг олдини олиш мақсадида ахборот хавфсизлигини жорий қилиш; бунда интернет тармоғи ҳамда сунъий йўлдош каналлари орқали намойиш этилаётган, юртдошларимизнинг дунёқараши бойишига хизмат қиладиган дастурларни бериб бориш билан бирга, кишиларда жаҳон ахборот тармоғидан нимани олиш керак, нимани олиш яхши эмас, деген кўникмаларни шакллантириш, телевидения, радио ва турли кўнгилочар тадбирларда миллий қадриятларимизга тўғри келмайдиган либосларда чиқишларнинг олдини олиш, матбуот ва бадиий асарларда ёшларимизни енгил-елпи ҳаёт кечиришга ва саёз дунёқарашга чақирувчи қисса ва ҳикоялар чоп этилишига йўл қўймаслик керак.

   Ҳақиқатан ҳам юксак ахлоқ, аввало, ҳар бир инсоннинг одобини, халқнинг орзу-умидлари, ният-интилишларини намаён қилади. Шунинг учун эзгуликни қадрлаб, рағбатлантириб, маънавий-ахлоқий қадриятларимизни асраб, ривожлантириб, адашганларни тўғри йўлга солиб бориш барчамизнинг асосий вазифамиздир.

 

Р.Отажонов

Янгиариқ тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *