Бугун жаннатмакон юртимиз мустақиллигининг 31 йиллик байрамини дилда қувонч ва катта шодиёналар билан кутиб олмоқдамиз. Аллоҳ таоло бу саодатли ва қутлуғ айёмни барчамизга муборак айласин!
Дарҳақиқат, мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, барпо этилган кўркам уй-жойлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, спорт масканлари, замонавий корхоналар, кенг ва равон йўллар, боғу хиёбонлар шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасини бутунлай ўзгартириб, аҳоли фаровонлиги, онги ва тафаккурининг юксалишига хизмат қилмоқда. Шунингдек, ўтган давр мобайнида ислом дини равнақи учун кенг имкониятлар яратилди.
Мустақиллик бизга мустабид тузум даврида топталган ижтимоий, маънавий ва диний қадриятларнинг қайтадан тикланиши ва ривожланиши учун кенг йўл очиб берди. Диний ва миллий қадриятларимиз қайтадан равнақ топа бошлади. Натижада ҳалқимиз ўзлигини таниб турмушнинг барча жабҳаларида миллийликка қайтмоқда. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилганидек:
“Айтинг, Ҳақиқат келди ва ботил йўқолди. Чунки ботил йўқолувчи нарсадир” (Исро сураси, 81-оят).
Халқимиз барча соҳада эмин-эркин саъй-ҳаракат қилиш имкониятига эга бўлгани каби динимиз кўрсатмаларини хотиржам адо этиш бахтига ҳам муяссар бўлди. Минглаб масжидлар очилиб, мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топширилди, ўнлаб диний таълим муассасалари барпо қилиниб, у ерда ёшлар диний ва дунёвий фанлардан таҳсил олмоқдалар. Азиз авлиё, улуғ аллома ва фозил инсонларнинг мақбаралари ва кўплаб зиёратгоҳлар таъмирланди. Ҳар йили ҳукуматимизнинг кўмаги билан минглаб ватандошларимиз муборак Ҳаж ва Умра зиёратига бориб келмоқдалар. Буларнинг ҳаммаси, албатта, Аллоҳнинг инояти ва шунингдек истиқлолимизнинг шарофатидандир.
Гувоҳи бўлиб туганимиздек , баъзи жойларда турли хил офатлар сабабидан, яна баъзи жойларда эса қирғинбарот уруш туфайли шаҳарлар вайрон бўлиб, аҳоли сарсон ва саргардонликда кун кечирмокда. Аллоҳ таолога беададшукурлар бўлсинки, тинчлик ва осойишталик неъмати сояси остида, ҳаётимиз осуда давом этмокда.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалам : “Эрталаб уйқудан уйғонган одам тану-жони соғ бўлса, оиласи тинч, бир кунлик ейдиган таоми бўлса, дунёдаги барча яхшилик жам қилиб берилибди”, дея марҳамат қилганлар. Ўйлаб кўрадиган бўлсак, соғ-омонлигимиз, оиламизнинг тинчлиги, шундай дорул-омон, жаннатмакон ватанда истиқомат қилишимиз, бир кунлик эмас, балки ойлаб, йиллаб етадиган таомларимиз борлиги, уни ҳаловат билан тановул қилмоқлик, уйқуда хотиржам дам олиб эрта тонг хурсанд ҳолимизда уйғонишимиз биз учун улкан бахт-саодатдир. Аллоҳ таоло барчаларимизни улуғ ва азиз мустақиллик неъматининг қадрига етиш, унинг учун шукрлар айтиб, уни янада мустаҳкам ва бардавом бўлиши йўлида савобли амалларни қилишимизни насибу рўзи айласин! Азиз ва қадрли Истиқлолимизнинг ўттиз бир йиллик шодиёналарини шоду-хуррамлик, масрурлик, тинчлик-омонлик ва ўзаро иттифоқлик билан ўтказишимизда Парвардигор ёру мададкор бўлсин!
У.Бабажанов
Урганч тумани “Шоликор” масжиди имом-хатиби