Имомлик — лавозим эмас

Имом-хатиб – дин тарғиботчиси,  шариат пешвоси, шу билан бирга жамиятда олиб борилаётган хайрли ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланган. Кишиларни ҳалоллик, поклик, диёнатга бошлашда, ҳақ билан ботилни фарқлашда дин ходимининг ўрни катта.

Айниқса, бугун дақиқа сайин оммалашиб бораётган виртуал оламда имомнинг ўз мақоми, минбари бор. Воизнинг сўзи ҳар қандай саҳифаларни безайди. Ҳар қандай қалбларни эритади. Кузатувчини ҳидоят ва яхшилик томон юзланишига, эзгу ишларга рағбат ҳосил қилишга катта таъсир ўтказади. Шу билан бирга медиа маконда ва жамиятда имом шахсига нисбатан шаклланган ўзига хос қарашлар мавжуд.

 Бугунги кун имомининг умумий тавсифи, унга билдирилаётган ишонч ва ишончсизлик, ютуқ ва муаммолар сабабини таҳлил қилишга интилган:

– Имом аслида ким? Имом – ҳар бир (ортидан) эргашилувчи, тақлид қилинувчи инсондир. Аслида имом тушунчаси кенг бўлиб, унинг тарихий, илмий жиҳатлари бор. Бугунги кунда эса имом дейилганда асосан намоз имомлари тушуниладиган бўлиб қолган. Ибодатда ортларидан туриб иқтидо қиладиган имомларимиз. Ўз-ўзидан бу атамаларнинг ҳолатидан, ҳақиқатидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, имомлик лавозим эмас. Шаръий нуқтаи назарга кўра, имомлик бу – вазифа, масъулиятли вазифа. Истаймизми-йўқми, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотдан аввалги ўтган пайғамбарлардан силсила бўлиб келаётган муқаддас вазифанинг давоми. Имом инсонлар учун, уларнинг қиёматда ҳамма нарсадан биринчи сўраладиган амали – намози учун масъул. Имомнинг мақоми, унга бериладиган ажрдан кўра, аввало, унинг масъулиятини ҳис қилиш керак.

Бугун имомларга бўлаётган муносабатни маъжозий маънода айтсак, худдики, Мусо алайҳиссаломнинг қавмлари у зотга: “Роббинг билан баҳс юритиб кел, биз шу ерда кутиб турамиз”, деб айтган гапларига ўхшаш муносабат бор имомларга. Улар маълум маънода ёлғизлатиб қўйилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга рисолат юкини етказишда саҳобаларнинг ўрни катта бўлган. Буни тарихдан яхши биламиз.  Бирлик – исломнинг асосий негизи, қувватидир. Бугун халқимизнинг ихлоси ҳақида эътироз йўқ, халқимининг талаблари эҳтимол тўғридир. Лекин шу талабга яраша кўмакчи халқ, ёрдамчи инсон йўқ. “Биз ёрдам берамиз, сизнинг кўмакчингиз, ансорингизмиз”, дейдиган инсонларни тополмаймиз бугун. Бўлса ҳам жуда озчиликни ташкил этади. Шунинг учун хизматлар кўринмаяпти, вазифалар мукаммал жой-жойида бўлолмай қоляпти. Халқимизда ҳам доно гап бор: “Ёлғиз отнинг чанги чиқмайди, чанги чиқса ҳам донғи чиқмайди”. Худди шу сингари кишининг ёнида кўмакчиси бўлсагина ишлар натижа беради. Шунинг учун биз имомни эҳтиромини қилар эканмиз, шу билан биргаликда уни ёлғизлатиб қўйишимиз керак эмас.

Таъкидлаш керак, тажрибали имом домлаларимиз, аҳли илмлар жам бўлиб, нуқсонга йўл қўйган ходимларни чақириб, тўғри йўналиш бериб келишмоқда.

Ва энг асосийси, бугунги кун кишиси,  айниқса, ёшлар билимни китобдан кўра интернетдан кўпроқ олаётган экан, демак,  биз бу оламни янада кенгроқ қамровда забт этишимиз керак, токи, бошқа биров тарбияламасин фарзандларимизни. Тўғри, биз бу оламга кирдик, лекин кечикиб кирдик. Муҳими, бугун имомларимиз бу йўналишда тизимли иш олиб бормоқдалар. Кўникмалар, малакалар шаклланяпти. Баъзилари медиа сохасида анча илагарилаб ҳам кетишди. Ижтимой тармоқда кўринмаганлари ишламаяпти деганлари эмас, чекка ҳудудларда ҳатто маошсиз хизмат қилаётган, масжидини, маҳалласини обод этиб, қавмига дин омонатини, тарбия хамда ислом маърифатини етказаётган  қаҳрамонларимиз қанча.

Аллоҳ барчаларимиздан Ўзи рози бўлсин! Доимо тўғри йўлда қадамларимизни  мустаҳкам қилсин!

У.Бабажанов Урганч тумани “Шоликор” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *