Мустақиллик шукронаси!

Инсоният пайдо бўлибдики, эркка интилиб яшайди. Озодлик энг муқаддас тушунча. Зеро, эркинлик ва озодлик таъминланган жойда инсон ўзлигини намоён қила олади, шундагина бунёдкорлик, ободлик, тараққиёт, фаровонлик ва комилликка эришиши мумкин.

Юртбошимиз айтганларидек, мен учун Ўзбекистон дея аталмиш гўзал ва бетакрор ўлкада туғилиб, унинг бағрида камол топаётганлигим, мустақил мамлакатнинг ҳур фарзанди эканлигим катта бахт. Халқимизга эркинлик ва озодлик, бахту саодат, умид ва ишонч сурурини бахш этган энг улуғ, энг муқаддас айём — истиқлол санаси яқинлашгани сари қалбимизда фахр ва ғурур уйғотади. Зеро, мустақиллик – ёруғ истиқболимиз, келажагимиз кафолатидир.

Ватан озод ва мустақил бўлса, унинг бағри бамисоли жаннат боғларидек обод, хонадонлари файзли ва фаровон, одамлари бахт­ли, фарзандлари эса билимдон ва зукко бўлади.

Шунинг учун Ватан озодлиги ва мустақиллиги бу юртнинг ҳар бир фарзанди учун жон каби азиз ва муқаддасдир.

Ватан озодлиги аждодларимизнинг буюк армони ва муқаддас эътиқоди бўлиб, улар бу  йўлда жонларини фидо қилишдан ҳам қайтмаганлар. Широқ матонати, Тўмарис жасорати, Нажмиддин Кубро, Жалоллиддин Мангуберди, Амир Темур каби буюк аждодларимиз, шунингдек, ўтган аср бошларида яшаб ўтган маърифатпарвар боболаримизнинг озодлик йўлидаги курашлари ватанпарварликнинг юксак намунасидир.

Уларнинг қаҳрамонлик ва фидойиликлари, ҳаёт йўллари биз авлодларга ҳамиша ибрат бўлиб қолади.

Мамлакатимизда ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар ҳам энг юксак даражага кўтарилган.

Ўз навбатида  юртимиз фарзандлари ўз билим ва иқтидорларини бутун дунёга намойиш этиб, Ватан шаънини янада юксакларга кўтармоқда. Мустақил Ўзбекистон ёшлари халқаро спорт ва фан олимпиадаларининг юқори шоҳсупаларини эгаллаб, ватанимиз байроғини баланд кўтармоқдалар. Истеъдодли тенгдошларимиз миллий ҳунармандчиликнинг мўъжизавий безак ва буюмлари билан жаҳонни лол қолдирмоқда.

Ҳа, давлатимизда ёшлар учун барча имкониятлар эшиги очиқ, фақат ундан унумли ва самарали фойдалана билсак бас. Бу борада Президентимизнинг қуйидаги сўзлари барчамизни янгидан-янги марраларга ундайди: «Ўзбек миллатининг, ўзбек фарзандларининг қобилият, зеҳн-заковат, тиришқоқлик борасида бошқа ҳеч бир миллат ёки халқдан қолишадиган жойи йўқ. Фақат мавжуд интеллектуал имкониятларимизни тўлиқ ишга солишимиз, улардан мукаммал тарзда фойдалана билиш зарур…»

Ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар замиридаги улкан ишончни бир зум ҳам унутишга ҳаққимиз йўқ.

Ватанимизни, мустақиллигимизни кўз қорачиғидай асраб-авайлаш биздек Ўзбекистоннинг содиқ фарзандиман деган ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчимиздир. Зеро, Мустақиллик тимсолида биз ўзимизни, ёруғ келажагимизни, бахту иқболимизни кўрамиз.

А.Жуманиязов

Урганч шаҳар “Охун бобо” масжиди имом ноиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *