ХОТИРЖАМЛИК УЛУҒ НЕЪМАТ

Инсониятга илк бора Ислом нури келиши биланоқ халқлар ўртасида аҳиллик, тотувлик ва дўстлик мисли кўрилмаган даражада жорий бўлди. Ҳатто неча йиллар бир-бирлари билан адоватда бўлган қабилалар ажралмас садоқатли дўстга айландилар. Бу борада Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қилдилар: “Мўминлар ўзаро бир-бирларига дўстлик, эзгулик ва меҳрибонлик кўрсатишларида бир тана бўлиб, унинг бир аъзоси бетобликдан оғриса, қолган аъзолари ҳам бедор ва нотинч бўлгани кабидир”. Дарҳақиқат мусулмонлар ҳақиқий ака-ука  каби аҳил дўст бўлиб яшадилар. Ўзида бор нарсани бир-бирларига илиниб, яхши кўрган нарсаларини диндош дўстларига тортиқ қилдилар. Аллоҳ таоло уларни мадҳ қилиб қанча-қанча оятлар нозил қилди. Шулардан Аъроф сурасида Аллоҳ таоло шундай деган: «Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар: (одамларни) яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар» (Тавба, 71).

Аллоҳ таоло бандаларини «ухувват»га, яъни барча мўмин-мусулмонларнинг бир-бирларига хайрихоҳлик, дўстлик, севги, шафқат ва ёрдамга буюрар экан, бу неъмат бошқа бирон қавм ёки миллатга раво кўрилмаган, муносиб топилмаган улуғ бир илоҳий ҳадяга сазовор қилди.  Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилган: «Ҳаммангиз Аллоҳнинг «арқони»ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг. Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз» (Оли-Имрон», 103).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қилганлар: «Баъзи амаллар ибодат шаклида бўлмаса ҳам савоби жуда кўпдир». Масалан, намоз шаклий ибодат саналади: таҳорат олиб қиблага юзланамиз, «Аллоҳу акбар» деб бошлаймиз, рукуъ, сажда қиламиз ва эвазига савобга эришамиз. Аммо дўстлик каби маънавий ибодат ҳам борки, у зоҳиран қадрсиздай, аҳамиятсиздай туюлса ҳам, аслида у динда муаззам бир савоб, муаззам бир ибодатдир» (Абу Ҳомид  Ғаззолий, «Иҳёи улумид-дин»).

Ислом тарихида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ваcсаллам саҳобалари билан Мадинага ҳижрат қилганларида ансорларнинг муҳожирлар билан дўстлик ва биродарликлари тилларда достон бўлиб кетган. Ансорлар ўзида борини муҳожир диндошлари билан баҳам кўрган. Ҳатто ўзлари оч қолсалар ҳам меҳмонларга бор таомини бериб юборганлар.

Ислом динида миллатлар аро дўстлик ҳам ибратланарли даражада ўз аксини топган. Ҳабашистонлик Билол, Салмон Форсий каби саҳобийларнинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг қошида, барча мусулмонларнинг наздида қанчалик  ҳурмат эътибори юқори бўлганлиги ҳам фикримизнинг ёрқин далилидир.  

Пағамбаримиз дўстлик ҳақида қуйидаги ҳадисларни марҳамат қилганлар.  Имоннинг энг мустаҳкам дастаси – Аллоҳ йўлида дўстлашиш ва Аллоҳ йўлида душманлашиш, Аллоҳ йўлида яхши кўриш ва Аллоҳ йўлида ёмон кўришдир. Исломдан кейинги энг яхши неъмат яхши дўстдир. Агар бирортангиз биродаридан дўстликни сезса, уни маҳкам тутсин. Агар тоат ибодатинга ёрдам берадиган дўстинг бўлса, унинг қўлини маҳкам тут, чунки дўстни тутиб туриш қийин,  ундан ажралиш эса осондир. Дўстларнинг сифатларидан бири – улар ўзларидан дўстларини устун қўйишларидир”.

      Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом мусулмонларнинг бир-бирларига дўст, биродар, кўмакдош бўлишлари  зарурлигини бундан ўн беш аср муқаддам эълон этиб, Ислом умматини ўзаро биродарликка, қардошликка, ҳамкорликка чақирганлар. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Мусулмон мусулмон кишининг биродаридир. Унга зулм ҳам қилмайди ва биродарини душманга ҳам топшириб қўймайди. Ким биродарининг ҳожатида бўлса, Аллоҳ ҳам унинг ҳожатида бўлади. Ким мусулмондан ғам-ташвишни кетказса, Аллоҳ таоло уни қиёмат ғам-ташвишларидан халос этади. Ким мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ таоло қиёмат кунида унинг ҳам айбини беркитади». (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлинглар. Мусулмон мусулмон билан ака-укадир. Унга зулм қилмайди, ҳақир санамайди ва хўрламайди. Тақво бу ерда деб қалбларига уч марта ишора қилдилар. Яна: «Мусулмон биродарини ҳақир санамоғи унинг ёмонлигига кифоя қилади. Ҳар бир мусулмоннинг бошқа бир мусулмон қони, моли ва обрўсига тажовуз қилмоғи ҳаромдир», дедилар. (Имом Муслим ривояти)

  Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши ўзи учун яхши кўрган нарсани биродарига ҳам раво кўрмагунича комил мўмин бўла олмайди»,деганлар. (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари). Бундай мазмундаги ҳадисларни яна кўплаб келтириш мумкин. Ислом динининг талаби шундай экан, унда нега бизлар дўстлик ва қардошликдан бунчалик узоқлашиб кетяпмиз? Бир-биримиз билан дўстлашиш, ака-ука тутиниш, қон-қардошлик ришталарини боғлаш ўрнига ғаним фитнасига учиб ёки арзимас манфаатлар учун ўзаро низога борамиз. Энг даҳшатлиси, бир-биримизни жисман ёки руҳан маҳв этишгача борамиз? Ваҳоланки, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: «Бир-бирларингизга биродар бўлмагунингизча мўмин бўлмайсизлар, мўмин бўлмагунингизча жаннатга кира олмайсизлар», деб таълим берганлар-ку! (Имом Муслим ривояти).

 Аллоҳ таоло айтади: «Бас, Аллоҳдан қўрқингиз ва ораларингизни тузатингиз! Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳ ва (Унинг) расулига итоат этингиз!» (Анфол, 1). Ана шу илоҳий амрлардан чекиниб, дўстлик ва биродарликка ҳиёнат қилувчи кимсаларга эса Аллоҳ таоло қаттиқ жазони ваъда қилади: «Ҳужжатлар келгандан кейин ҳам бўлиниб, ўзаро ихтилофга берилган кимсаларга ўхшамангиз! Ана ўшаларга улкан азоб бордир». (Оли-Имрон, 105).

Ислом уммати бирдамлик, ўзаро тинч-тотув, дўстлик, ҳамкорлик руҳи асосида яшаши, барча билан ўзаро муносабатларда ўрнак бўлиши лозим, деган ҳадиси шарифларига мувофиқ иш тутсалар, мақсадга мувофиқ бўлади. Зеро, Расули акрам (с.а.в.) таъкидлаб айтганларки: “Аллоҳнинг “қўли”, яъни ризоси ва нусрати жамоат узра бўлур”. Бу деганлари кўпчиликдан ажралиб Аллоҳнинг қаҳрига учрамаслик учун қилган васиятларидир. Аллоҳ таоло дунёдаги барча халқлар ўртасидаги дўстлик-биродарлик ришталарини мустаҳкам қилсин. 

Бобожонов А

Гурлан тумани Усмон Саид бобо масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *