Ҳар бир мусулмоннинг ақидаси тўғри бўлиши ўта муҳимдир. Чунки ақида нотўғри бўлган ҳолда қилинган амаллар қанчалар кўп ва ихлос билан бажарилган бўлмасин, унинг заррача фойдаси йўқдир. “Ақида” сўзи луғатда: “ақд” сўзидан олинган бўлиб, “маҳкам боғламоқ” маъносини англатади. “Ақида” сўзининг кўплиги эса “Ақоид” бўлади.
Истилоҳда эса: Ақида илми деб – эътиқод қилиш вожиб бўлган нарсалар тўғрисида баҳс юритадиган илмга айтилади. Яъни, ҳар бир мукаллаф банданинг қатъий ишониши, ҳамда қалбига мустаҳкам қилиб боғлаб, ўрнаштириб олиши лозим бўлган – қатъий далиллар билан собит бўлган шаръий эътиқодий ҳукмларга ақида дейилади. Буюк ватандошимиз Сўфи Оллоҳёр раҳматуллоҳи алайҳ ақоид илмини ўрганиш зарурлигини баён қилиб шундай деган:
Ақида билмаган шайтона элдур
Агар минг йил амал деб қилса елдур
Яъни, ақиданинг зарурий масалаларини билмаган киши ҳар қанча ибодат қилса ҳам, соф Ақидани билмагани сабабли, қилган ибодатлари унга ҳеч қандай наф бермайди.
Чунки динда ихлоснинг ўзи кифоя қилмайди. Илмсиз, ёлғиз ихлоснинг ўзи билан нажот топаман деган кишилар адашадилар. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтган: “Илмсиз амал қилувчи – йўлни билмасдан йўлга чиққан йўловчи кабидир. Илмсиз амал қилган кишининг ислоҳидан кўра фасоди кўпроқ бўлади. Шундай экан ибодатга зарар бермайдиган илмни ва илмга зарар бермайдиган ибодатни талаб қилинглар. Бир қавм ибодат талабида бўлди ва илмни тарк қилдилар. Натижада улар уммати Муҳаммадга қилич кўтариб чиқдилар. Агар уларда илм бўлганида, улар бу ишни қилмаган бўлар эди”.
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳнинг ушбу сўзлари хаворижларга нисбатан айтилгандир. Маълумки, хавориж фирқаси ўзларига қарши бўлганларни кофирга чиқариб, уларнинг қонларини тўкишни ҳалол санаганлар. Ўзларига қарши чиқувчиларнинг диёрларини “Дорул ҳарб” деб номлашган.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ва хавориж етакчилари ўртасида кенг басҳ-мунозара бўлиб ўтган. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу уларнинг хатоларини илмий исботлаб берганларидан сўнг улардан икки мингдан зиёди хаворижликдан қайтган эди.
Минг афсуски, бугунги кунда ҳам худди шу хаворижлар каби “такфирчи” оқимлар пайдо бўлиб, омма мусулмонларни куфрда айблаб, дўзахга ҳукм қилаётгани ачинарли ҳолатдир.
Аслида, мусулмон киши қачон диндан чиқади? Гуноҳлар сабабли мусулмон кишини кофир дейиш жоизми?
Мусулмон кишини куфрга чиқариш жуда ҳам хатарли ишдир. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қанча ҳадисларида мусулмонларни куфрга чиқаришдан қаттиқ қайтарганлар.
Яъни, Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар бир киши ўзининг биродарига “Эй кофир”, деса, (куфр ҳукми) иккисидан бирига қайтади дедилар”. (Имом Бухорий ривояти).
Ушбу ҳадисда мусулмон кишини кофирга чиқарувчилар учун катта таҳдид бордир. Агар у кишининг гапи рост бўлса, мазкур биродарининг кофир экани табиийдир. Аммо унинг гапи ёлғон бўлиб чиқса, шу гапни айтган кишининг ўзи кофир бўлади. Чунки у киши бу сўзи билан мўмин кишига кофирлик ҳукмини берган бўлади ёки имонни куфр деган бўлади.
Аслида, бировни кофир дейиш ёки куфрга чиқариш билан киши бирор савобга эришиб қолмайди. Лекин гапи нотўғри бўлиб чиқса, ўзининг кофир бўлиши хавфи борлиги ниҳоятда катта хатардир. Яъни, ҳалиги одам кофир бўлмаса, кофир деган одамнинг ўзи кофир бўлади.
Бугунги кунда диний экстремистик ва террористик гуруҳлар мутаассиблик ғоялари ва амалиёти ривожида гуноҳи кабира (катта гуноҳ) қилган барча мусулмонларни кофир, уларнинг таълимотига қўшилмаган кишиларга қарши жиҳод эълон қилиш, ҳаттоки, қария, аёл ва болаларнинг қонини тўкишни ҳалол, деб билганлар. Ўзидан бошқаларни кофирликда айблаш ислом дини таълимотига зид экани Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадислари ва уламоларнинг асарларида ўз аксини топган. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: Агар бир киши ўз биродарига: «Эй кофир» деса, иккисидан бири ўшандай (яъни кофир) бўлади».
Ибн Нужаим айтадилар: «Агар бу масалада кофир дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир демаслик учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизини қўйиб, ўша бир далилни олиш керак. Аммо динда ҳаддан ошиб ғулувга кетганлар бу масалада «мўмин дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир дейиш учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизни қўйиб, ўша бир далилни олиш керак», дейишга бориб етдилар. Бу эса, барча исломий мазҳаблар ва уламоларнинг тутган йўлига тескаридир».
Жалолиддин Суютий айтадилар: «Мусулмонни кофирликда айблаган одам уни ўлдирган билан баробардир».
Бу масалада Аҳли сунна вал жамоанинг хулосаси шуки, мўмин одам гуноҳи кабира қилиши билан кофир бўлиб қолмайди. Фақат, ўша ишни ҳалол санаса, кофир бўлади. Аҳли сунна ва жамоа мазҳабларининг ҳаммалари гуноҳи кабира қилган мўмин бутунлай миллатдан чиқиб кетадиган кофир бўлмаслигига иттифоқ қилганлар. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ла илаҳа иллаллоҳу» деган кимсага тегмаймиз, гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз. Амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз», — дедилар».
Имом Таҳовий шундай деганлар: “Банда ўзини имонга киритган нарсани инкор қилиши билангина имондан чиқади”.
Буларнинг барчаси динда ғулувга кетиш оқибатида келиб чиқади. Диндаги ғулувга кетишнинг энг ёмони – етарли илми бўлмаган ҳолда Қуръони карим ва ҳадисдан ўзича ҳукм олишдир.
Бундан ташқари, илмсиз ҳолда Суннатга ўзича амал қилиш ва тўрт мазҳабдан бирортасини эътироф қилмаслик ҳам кишининг адашишига сабаб бўлади.
Аллоҳ таоло жаннатмакон юртимизни турли бало ва офатлардан, ботил ақида ва фитналардан Ўзи асрасин! Халқимизни аждодларига муносиб тўғри ақидада собит турадиган халқлардан қилсин!
У.Умаров
Шовот тумани “Юсуф Ҳамадоний” масжиди имом ноиби