ФИҚҲИЙ МАЗҲАБЛАРНИНГ ҲАҚЛИГИ БОРАСИДА ҲУЖЖАТ ВА ФАТВОЛАР

Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) муборак ҳаётларининг оҳирига келиб, Қуръони Карим оятлари тушуши ҳам оҳирига етиб қолди. Кейинги босқичдаги оятларнинг аксарияти ҳукмларга тегишли эди. Турли қабила ва юрт одамлари Исломни қабул қилишди. Янги мусулмонлар қаршисида деярли йигирма уч йил давомида тушиб тўпланган оятларни ўқиб-ўрганиш, уларга амал қилиш, шариат аҳкомларини ўз ҳаётларида тадбиқ қилиш вазифаси турар эди. Табиийки, ёш саҳобалар ўзларидан катталардан, янги мусулмонлар эскиларидан шаърий масалаларини сўрай бошлашди.
Бу ишларда баъзи саҳобалар ўз илмлари, топқирликлари билан бошқалардан ажралиб чиқдилар. Уламоларимиз фиқҳ билан машҳур бўлган тўрт халифани, Абдуллоҳ ибн Маъсуд, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс, Зайд ибн Собит ва Оиша онамизни (р.а.) мисол қилиб келтирадилар.
Шунингдек пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) аҳолиси мусулмон бўлган узоқроқ юртларга ўз вакилларини, ўша ердагиларга шариат аҳкомларини ўргатиш, уларнинг ҳаётида ориз бўладиган масалаларни ҳал этиш юбора бошладилар.
Жумладн, Яманга Муоз ибн Жабални (р.а.) юборишни ирода қилдилар. Муоз ибн Жабал (р.а.) ўз иш жойларига жўнаб кетаётганларида пайғамбар (с.а.в.) у кишини тўхтатиб, » У ерда сенга бир масала ориз бўлса, қандай қилиб ҳукм чиқарасан? » деб сўрадилар. Муоз ибн Жабал (р.а.) » Аллоҳнинг китоби ила «, деб жавоб бердилар. Расули Акрам (с.а.в.): » Аллоҳнинг китобидан топа олмасангчи? » деб сўрадилар. Муоз ибн Жабал (р.а.) » Аллоҳнинг пайғамбари суннати ила «, деб жавоб бердилар. Пайғамбар (с.а.в.): » Аллоҳнинг пайғамбари суннатидан ҳам топа олмасангчи? » деб сўрадилар. Шунда Муоз ибн Жабал (р.а.) қараб турмосдан, «фикрим ила ижтиҳод қиламан «, дедилар. Пайғамбар (с.а.в.) бу жавоблардан ғоят мамнун бўлдилар ва: «Аллоҳ расулининг вакилини, Аллоҳни ва расулини рози қиладиган нарсага муваффақ қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин «, дедилар.
Барча ҳадис китобларида келтирилган ушбу машҳур воқеа асрлар давомида фақиҳларимизни янгидан-янги илмий чўққиларга, изланишларга чорлаши билан бирга, Қуръони Карим оятлари, бошқа ҳадислар билан бир қаторда фиқҳ илмига ҳужжат ва далил бўлиб келмоқда.
Биринчи ҳижрий асрнинг иккинчи ярми ва иккинчи ҳижрий асрда Ислом дини дунё бўйлаб кенг тарқалди. Турли араб бўлмаган ҳалқлар ҳам мусулмон бўлдилар. Табиийки, улар ўзларига Қуръони Карим ва пайғамбаримизнинг (с.а.в.) суннатларидан шариат аҳкомларини чиқариб, тартибга солиш имконига эга эмаслар. Бир тарафдан тил билмайдилар, қолаверса, илмлари йўқ. Нима қилиш керак? Билганлардан сўраш керак. Шундай қилиб, аста-секин кишиларга диний ҳукмларни ўргатадиган, уларнинг саволларига жавоб берадиган кишилар ажралиб чиқа бошлади. Кейинчалик шароит бутун бошли китоблар таълиф қилиш, масалаларни жамлаб баён қилишни ҳам тақозо қилиб қолди. Бу ҳақиқатни халифа Жаъфар Мансур ва Имом Молик ораларида бўлиб ўтган ҳодисадан ҳам билиб олсак бўлади. Имом Молик ибн Анас ёшликларида Жаъфар Мансур билан бирга ўқиган эканлар. Катта бўлганларида йўллари турлича бўлиб, Имом Молик илмда, айниқса, фиқҳда улкан алломалик даражасига етиб, ҳамманинг ҳурматига сазовор бўлдилар. Оғайнилари ва ҳамдарслари бўлмиш Жаъфар Мансур Имом Молик билан мажлис қурди ва у кишига: » Яқин орада мен билан сендан илмлироқ одам йўқ, ўзинг кўриб турибсан, мен мана шу иш ила машғул бўлиб қолдим (яъни, халифалик). Сен одамларга диний ишларини енгиллаштириб берсанг «, деди. Имом Молик рози бўлдилар ва «Муватто» китобини таълиф қилдилар. Янаги ҳаж мавсумида «Муватто» китоби билан танишган халифа Жаъфар Мансур қойил қолди ва Имом Моликка: «Жуда яхши қилибсан, агар ҳохласанг, ҳамма одамларни шу китобга жамлайман», деди. Имом Молик: «Йўқ, ундай қилма, Расулуллоҳнинг саҳобалари ҳамма ёққа тарқалиб кетишди, уларнинг ҳар бири ўзи билан яхшиликни олиб кетди», дедилар.
Ушбу қиссадан кўриниб турибдики, ўша даврда ҳатто давлат бошлиғи ҳам кишиларга фиқҳий кўрсатмалар мажмуаси лозимлигини англаб етган. Уламолар, жумладан, Имом Моликдек забардаст олим ҳам бу заруратни тушуниб етганлар. Шунинг учун ҳам Ислом оламининг турли жойларида фиқҳ уламолари етишиб чиқа бошладилар. Мазкур уламолар ўз илмий ишларида фиқҳий ижтиҳодларига тўртта нарсани асосий манба қилиб олганлар.
Биринчиси: Қуръони Карим, фақиҳ Исломда бирор нарсанинг ҳукми қандай эканлигини билмоқчи бўлса, аввало Қуръонга мурожаат қилади. Унда нима ҳукм бўлса, ҳеч қандай иккиланишсиз қабул қилади.
Иккинчиси: Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) суннатлари. Агар фақиҳ ўша масалага жавобни Қуръондан топа олмаса, суннатга мурожаат қилади. Уни топиб ҳукмини баён ҳам қилади.
Учинчиси: Ижмоъ-бир даврнинг иждиҳод аҳли бўлган уламоларнинг бир овоздан бирор масалани қабул қилишларидир. Мисол учун, Қуръони Каримни китоб шаклига келтириш зарурлиги Қуръоннинг ўзида ҳам пайғамбаримизнинг (с.а.в.) суннатларида ҳам таъкидланмаган. Аммо пайғамбаримиз (с.а.в.) вафотларидан сўнг урушларда Қуръонни ёд биладиган қорилар кўплаб шаҳид бўлаётганидан ташвишланган ҳазрати Умарнинг (р.а.) таклифлари билан халифа Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) Қуръонни жамлашга амр бердилар. Бунга ҳамма рози бўлди, ҳеч ким қарши чиқмади. Бу иш ижмоъ орқали амалга ошди.
Тўртинчи: Қиёс. Яъни, аввалги манбаларда ҳукми келмаган масалани, шунга ўхшаш манбаларда ҳукми бор нарсага қиёслаб ҳукм чиқариш.
Мисол учун, Қуръонда хамр, яъни ўша вақтда узум, арпа, асал, хурмо каби нарсаларни ачитиш йўли билан олинадиган маст қилувчи ичимлик ҳаром қилинган. Уламолар шунга қиёслаб улардан бошқа маст қилувчи ичимликларнинг барчасини ҳаром деб атаганлар.
Фақиҳларимиз суянадиган яна баъзи манбалар ҳам бор. Улар тўртта мазкур асосий ва қолган ёрдамчи манбаларга суянган холда кўп масалаларни ҳал қилганлар. Ўша даврда кўплаб фақиҳлар етишиб чиққанлар. Уларнинг кўпчилиги ўзлари дунёдан ўтишлари билан фиқҳий ишлари ҳам қолиб кетган. Аммо мусулмонлар оммасига кенг тарқалган, шогирдлари ва орқасидан эргашувчилари кўп бўлган уламолар фиқҳий мазҳаб соҳиблари, деб тан олинган. Шулардан тўртталари бутун дунёга машҳур бўлганлар ва уларнинг мазҳаблари мусулмонлар жумҳури томонидан расмий фиқҳий мазҳаблар, деб тан олинган. Булар қуйидаги мазҳаблар:
1. Ҳанафий мазҳаби — Шом, Туркия, Ўрта Осиё халқлари, Покистон, Ҳиндистон, Бангладеш ва бошқа юртларда кенг тарқалган.
2. Шофеъий мазҳаби — Миср, Сурия, Индонезия, Малайзия, Филиппин, Тайланд ва баъзи Африка давлатларида тарқалган.
3. Моликий мазҳаби — Либия, Тунис, Жазоир, Мағриб, Мавритания, Нигерия ва бошқа Африка давлатларида тарқалган.
4. Ҳанбалий мазҳаби — Арабистон ярим оролида тарқалган.
 “Фиқҳий мазҳабларнинг баъзи масалаларга оид ихтилофини тақозо қилган илмий сабаблари бор. Бу ишда Аллоҳ Таолонинг катта ҳикмати, жумладан, бандаларига раҳмат ва шаръий далиллардан ҳукм чиқаришга кенг йўл очиш бордир. Сўнгра бу нарса бир неъмат ва фиқҳий-қонуний бойлик бўлиб, Ислом умматига диний ва шаръий ишларда кенглик яратиб беради. Шунда биргина, бошқасига ўтиб бўлмайдиган шаръий татбиқ ила чегараланиб қолинмайди. Балки, умматга баъзи вақтларда ва ишларда фақиҳ имомлардан бирларининг мазҳаби торлик қилиб қолса, бошқа мазҳабда кенглик, юмшоқлик ва осонлик топилади. Мазкур нарса ибодатга, муомалотга ёки оила, маҳкама ва жиноий ишларга ҳамда ҳаётнинг бошқа соҳаларига оид бўлиши мумкин.
Мазҳабларнинг ушбу ихтилофи-фиқҳий ихтилофдир. Бу динимизнинг камчилиги ҳам, динимиздаги қарама-қаршилик ҳам эмас. Бундоқ ихтилофнинг бўлмаслиги мумкин ҳам эмас. Ўзининг комил фиқҳи, ижтиҳоди ва қонуний низомига эга бўлган ҳар бир умматнинг фиқҳий ижтиҳодий ихтилофи бўлмай иложи йўқ».
Албатта, жаҳондаги энг мўътабар исломий ташкилотлардан бири бўлмиш Робитаи Олами Исломийнинг Ислом Фиқҳи Академияси кенгашининг ушбу баёнотидан кейин ўзини билган ҳар бир мусулмонда фиқҳий мазҳабни ҳақ эканлигида ва уларни эҳтиром қилиш зарурлигида ҳеч шубҳа қолмаслиги лозим. 
Ўзларини “мазҳабсиз” деб номлаган Ҳиндистон салафийларининг етук олими Сиддиқ Ҳасанхон: “25 йиллик ҳаёт тажрибамдан келиб чиқиб айтаманки, омма халқ мазҳабга амал қилмаса охир оқибат диндан чиқар экан” деган. Шайх Рамазон Бутий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам “Мазҳабсизлик динсизликка кўприкдир” деганлар.

Бобожонов П
Шовот тумани Қарри Эшон бобо масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *