Тотувлик ўзаро ҳурматдан бошланади

Ҳақиқатдан ҳам тотувлик ўзаро ҳурматдан бошланади. Ҳурмат сўзи бу баландпарвоз сўз эмас! Аввало – бахт топган остонамиз – оиламиз, ота-онамиз, ака-укамиз, қориндош-уруғларимиз, қўни-қўшнимиз, бизни элу юртга қўшган урф-одатларимиз, удумларимиз – миллий қадриятларимзга, биз югуриб ўсган тупроқ, отамиз эккан ва биз билан бирга улғайган дарахт, онамиз тебратган бешикка бўлган  ҳурматдан бошланади.

         Мустақил ўлкамиз – Ўзбекистонда 130 дан зиёд миллат вакиллари турли динларга эътиқод қилувчи халқлар бўлиб, алҳамдулиллаҳ, тинч-омон, аҳил-иноқ яшаб келмоқдалар. Ана шу эзгулик ва тинчлик-осойишталик омили бўлган тотувлик, бағрикенглик тамойилларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга диёримизда алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Ҳақиқатан ҳам, юртимизда хилма-хил диний эътиқодга эга бўлган кишиларнинг бир заминда, бир ватанда, буюк ғоя ва соф ниятлар йўлида ҳамкор, ҳамжиҳат ўзаро ҳурматда яшашлиги – тотувликни ёрқин намунасидир.

        Жаннатмакон диёримиз истиқлолга эришган илк кунларданоқ нафақадаги кекса отахон ва онахонларга, ногирон ва муҳтожларга катта ғамхўрлик ва беминнат ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Буларнинг барчаси юртимизнинг азиз дуогўйларига билдирилаётган катта ҳурмат-эътибор рамзи бўлса, иккинчи томондан уларнинг доимий қилаётган холис дуои хайрлари, иншааллоҳ, юртимизни ва халқимизни турли бало-офатлардан сақлашга хизмат қилаётгани аниқ. Зеро, Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат қилганлар:

яъни: “Агар орангизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганида эди, бошингизга балолар ёмғирдек ёғилур эди”.

       Шуниг учун ҳам муборак динимиз катталарни ҳурматлаш,  уларни эъзозлашга буюрган.  Қарияларни қадрлаган юрт кам бўлмас. Ривоят қилинадики, бир куни хазрат Али розиаллоху анҳу  номоз бомдодга шошиб масжидга келаётиб, йўлда бир мўйсафид одамни орқаларидан етиб бордиларки, қарилик сабабидан кам қувват бўлиб, ниҳоят даражада охиста юриб борар эди. Хазрат Али унинг мўйсафидлигини ҳурмат қилиб охиста юрдиларки, то масжидга боргунча офтоб чиқар вақтга етди. У мўйсафид масжидга кирмай ўтиб кетди, маълум бўлдики, у киши насоро экан.  Сўнг Хазрати Али масжидга кирдилар, кўрдиларки пайғамбар алайҳиссалом рукуда турибдилар. Бир рукуда 2 бор руку миқдори узоқ туриб қолдилар. Хазрат Али келиб иқтидо қилдилар. Ундан сўнг пайғамбар алайхиссалом рукудан  туриб намозни тамом қилдилар. Сабоҳалар сўрадиларки, ё Расуллулоҳ нима сабабдан рукуда узоқ туриб қолдингиз. Расулуллоҳ айтдиларки, мен рукуда Субҳона раббийял азийм деганимдан сўнг бошимни кўтаришни  қасд қилган эдим, Жаброил алайҳиссалом келиб қанотлари билан елкамдан босиб турдилар, бинобарин рукуда узоқ туриб қолдим. Қачонки ул зот қанотларни кўтардилар, мен ҳам бошимни кўтардим, дедилар. Саҳобалар сўрадилар, нима сабабадан сизни босиб турдилар. Пайғамбар  алайҳиссалом айтдиларки, сабабини сўрамадим. Шундан сўнг Жаброил алайҳиссалом нозил бўлдилар. Айтдиларки ё Муҳаммад  асҳобларингизга хабар беринг, хазрат Али  номозга шитоб билан келаётган эди, йўлда бир мўйсафид  насорони орқасидан етиб ундан ўтмади. Унинг мўйсафидлигини ҳурмат қилиб йўлда кечикди.

Аллоҳ таоло Али  розийаллоҳу анҳу жамоатдан қолмасин деб Микоил алайҳиссаломга амр қилдики, Али номозни ўқигунча бориб офтобни қанотинг  бирла тўхтатиб тургил, токи офтоб чиқиб намозни вақти қазо бўлмасин, деди ва менга амр қилдики, ё Жаброил бориб Муҳаммад алайхиссаломни рукуда тўхтатгил, токи хазрат Али жамоатдин қолмасин деди.  Шу сабабадан келиб сизни рукуда босиб турдим, дедилар.

         Биродарлар, билингларки, хазрат Али бир мўйсафид насорони қарилигини ҳурмат қилгани  сабабидан Аллоҳ таало ул кишига мундағ даража ато қилди. Вахоланки, у мўйсафид насоро эди. Энди агар мўмин мусулмон мўйсафидни ҳурмати бажо келтирилса, Аллоҳ таоло бениҳоят даража ато қилади иншааллоҳ.

Х.Аҳмедов

Шовот туман бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *