Ёшларда маънавиятни шакллантирадиган муҳим омил бу таълим-тарбия тизимидир. Илму-маърифатга, таълим-тарбияга инсон камолоти, миллат равнақининг асосий шарти деб қараш лозим. Шу сабабли мактаб, ёшларнинг таълим-тарбия масаласи давлат назоратида эканлиги Конституциямизда белгилаб қўйилган.
Ёшлар жамиятнинг энг катта ва ҳаракатчан қисми ҳисобланади. Шунинг учун ҳам уларни ҳар доим кузатиб, назорат қилиш замоннинг долзарб масалалари қаторига киради.
Ҳозирги даврда тараққиётимиз учун хавфли бўлган, ёшлар маънавиятига салбий таъсир этувчи, ёшларни душманлик руҳида тарбиялайдиган бузғунчи ғояларга қўшимча таъсирлар сифатида қуйидаги воситалардан ҳам фойдаланилмоқда, булар: интернет, спутник алоқалари, бадиий адабиёт, газета ва журналлар, санъат (тасвирий санъат, ҳайкалтарошлик, кино, сериаллар, мусиқа, рақс) орқали салбий таъсир ўтказишдир. Бундай таҳдидларнинг турлари, уларнинг хусусиятлари баъзан ошкора ва баъзан ўта махфий, ички, яширин бўлади, бу мақсадларни билиш ва ўз вақтида англаш ҳамда унга қарши жавоб бериш учун, ёшлар юксак маънавиятли, ғоявий онгли, маънавий баркамол бўлишлари шарт. Фақат шундай ёшларгина бундай таъсирлардан ҳимояланишга қодир бўлади
Ёшлар фаоллигини таъминлашнинг яна бир муҳим йўналиши улар онгида миллий урф-одат ва анъаналарни шакллантиришдир. Миллий урф-одатлар ҳаётимизнинг ҳар бир соҳасига сингиб кетган бўлиб, бу урф-одатлар бизни айнан қайси халқ вакили эканлигимизни кўрсатувчи изоҳ, яъни, бизнинг ким эканлигимизни исботловчи далил ҳисобланади. Чунки, маънавий баркамол ёшларни ўзига хос бўлган миллий урф-одатлар хайр-саховат, меҳр-оқибат, мурувват, андиша, ор-номус, шарм-ҳаё, иффат, босиқлик, улуғворлик, сабрлилик каби маънавий фазилатлар, меҳмондўстлик, бағрикенглик, болажонлилик, оқкўнгиллилик, меҳнаткашлик каби миллий қадриятлар айнан урф-одат анъаналарда қарор топади. Шундай экан, миллий қадриятларга ҳурмат билан қараш миллатнинг ўзига ҳурмат билан қарашнинг асосий белгисидир. Минг йиллар мобайнида шаклланган миллий қадриятларимиз ҳозирги даврда яратилган маданий-маънавий бойликлар билан қўшилиб, тараққиётимизни тезлатади, ғоявий ва маънавий покланишни таъминлашга кўмаклашади. Қадриятларнинг барча турлари инсоннинг айниқса, ёшларнинг фаровон ҳаёт кечириши, эркин яшаши, маънавий-ахлоқий камол топиши учун хизмат қиладиган воситалар бўлиб ҳисобланади.
Ёш йигит ва қизларимиз мустақил ҳаётга кириб бориши, ёш оилаларнинг ўз ўринларини топа олишида, кишилар ўртасида меҳр-оқибатнинг, биродарликнинг таркиб топишида масжид имом-хатиблари хамда маҳалла оқсоқоллари ва нуроний отахонлар, онахонларнинг тутган ўринлари муҳимлигини таъкидлаш лозим. Ёшлар маънавий тарбиясида ота-она масъулияти алоҳида ўрин тутади. Инсоннинг энг соф ва покиза туйғулари, илк бор ҳаёт тўғрисидаги тушунчалар, дунёқарашлар, яхшилик ва эзгулик, олижаноблик ва мехр-оқибат, ор-номус, андиша каби инсон учун зарур бўлган муқаддас тушунчалар дастлаб оилада қарор топа бошлайди ва сўнгра жамоага кўчади.
Юқоридагилардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, халқимиз, энг аввало ёшларимиз маънавий оламини кучайтириш ва дахлсизлигини асраш учун доимо сергак, огоҳ ва хушёр бўлишимиз, таҳдидларга қарши чуқур ўйланган, илмий услубга асосланган ва узлуксиз давом этадиган маънавий тарбияни олиб бориш лозим бўлади.
У.Бабажанов
Урганч туман «Шоликор» жоме масжиди имом-хатиби