Ислом динида йўл ҳаракати интизомига эътибор

Инсон зотига турли хил уловларнинг бўйсундирилиши, ҳаракатланиши учун қулай имкониятлар қилингани, кейинги асрларда янги – янги транспорт воситаларининг кашф этилиши – Аллоҳ таоло томонидан бандасига ато этилган улуғ неъматлардир.

   Ҳар бир жамиятда кишиларнинг ўзаро муносабатларини тўғри йўлга солиш, инсонларни турли зарар ва кўнгилсизликлардан сақлаш мақсадида йўл қоидалари жорий қилинган. Ҳозирги пайтда ушбу қоидалар халқаро қоидалар даражасига етган. Уларга амал қилиш ҳамма учун зарур ва мажбурий этиб белгаланган.  Мазкур қоидалар шариатимиз таълимотларига ҳам тўғри келади.  Демак, мусулмонлар бу қоидаларга ҳаммадан кўра яхшироқ амал қилишлари керак.

   Транспорт воситасини бошқаришда мусулмонлар риоя этишлари лозим бўлган кўплаб шаръий кўрсатмалар мавжуд.  Энг мухим вазифа – инсон уловда юрганида ўзи ва ўзгаларни хатарга қўймаслиги, пиёдалар, йўловчилар ва бошқа ҳайдовчилар ҳаётига хавф солмаслиги керак.  Бунинг учун эса йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилишлари лозим бўлади. Қоидани бузиш – бошқа бир йўл ҳаракати иштироқчиси ҳаққини паймол қилиш ва унга зулм қилиш хисобланади.

   Зеро, Пайғамбаримиз алайҳиссалом:   “(Исломда) Зарар кўриш ҳам зарар бериш ҳам йўқ”, — дедилар”.   (Имом Байҳақий ривояти).

  Ушбу шаръий қоидага кўра ҳайдовчи ўзгаларнинг жони, молига етказган зарари учун жавобгар бўлади.  Фақат ҳайдовчига боғлиқ бўлмаган, унинг айби йўқ холатлар – бундан мустасно ҳисобланади.

   Ҳадиси шарифдаги “азият” кўп нарсаларни ичига олади. Энг ёмонларидан бири – ўзгаларга тил билан озор етказишдир, айниқса, ҳақорат, сўкиш – мусулмонлик одобларига мутлақо зиддир.

  Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Мусулмон кишини сўкиш – фосиқликдир.  У билан урушиш – кофирликдир”, деганлар”   (Муттафақун алайҳ).

   Очиқ ойдин гунох қиладиган одамни “фосиқ” дейилади.  Бўлар бўлмасга сигнал чалиш, мусиқани баланд қўйиш, транспорт воситасини қалтис ҳайдаш ҳам ўзгаларга озор бериш саналади. Кечки пайтларда бошқа ҳайдовчиларнинг кўзини қамаштирадиган, тақиқланган ёритгичларни ёқиб юриш ҳам азият беришнинг кўринишларидан биридир.

   Пайўамбаримиз алайҳиссалом:  “Қўли ва тили билан ўзгаларга озор бермаган киши – (комил) мусулмондир” дедилар”           (Имом Бухорий ривоятлари)

   Йўлда турли тасодифий ҳолат кўп бўлади. Хусусан, йўл ҳаракати иштироқчилари ўзаро одоб ва маданият билан муносабатда бўлишлари, бошқаларга халақит беришдан, қўпол сўз ва хатти – харакатлардан сақланишлари лозим.

Бир киши Расулуллоҳ алайҳиссаломга “Менга насихат қилинг”, деганда У Зот “Қаерда бўлсангиз ҳам, Аллоҳдан қўрқинг” дедилар. Шунда ҳалиги саҳоба: “Янада кўпайтиринг” деди. “Ёмонлик орқасидан яхшилик қилинг, у ёмонликни ўчиради” дедилар.” “Яна кўпайтиринг” деди. Шунда У Зот  “ Инсонларга чиройли хулқ билан муомалада бўлинг” дедилар”.

   Аллоҳ таоло:  “Сизга қандай яхшилик етса, У Аллоҳдандир. Сизга қандай нохушлик етса, у ўзингиздандир…”, (Нисо, 79).     Айниқса йўллардаги бахтсиз ходисаларнинг аксарияти тезликни ошириш ва қарама – қарши йўлга чиқиш оқибатида содир бўлмоқда. Ушбу аянчли оқибатларнинг асосий сабаби йўллардаги шошқалоқликдир.

   Пайғамбаримиз алайҳиссалом:  “Босиқлик – Аллоҳдан, шошқалоқлик – шайтондандир” деганлар”  (Имом Байҳақий ривояти).    Бошқа бир ҳадисда:   “Ким мусулмонга зарар етказса, Аллоҳ унга зарар етказади. Ким машаққат туғдирса, Аллоҳ уни машаққатга қўяди” деганлар”    (Имом Абу Довуд ривояти).

   Шунингдек, қизил чироқ ёнганда гарчи муқобил йўлда бирор машина ёки пиёда бўлмаса ҳам ҳаракатни тўхтатиш лозим. Чунки бунда йўл юриш қарши томоннинг ҳаққи хисобланади. Бировнинг ҳаққига тажовуз қилиш эса шаръан жоиз эмас. Пайғамбаримиз алайҳиссалом:  “Ҳар бир ҳақ эгасига ҳаққини бер” деганлар”  (Имом Бухорий ривояти).

   Шунингдек, пиёдалар ҳам йўл ҳаракатида ўз ҳаётларини хатарга қўймасликлари талаб этилади. Пиёдалар тротуардан ёки пиёдалар йўлкасидан, фақат улар бўлмагандагина эҳтиётлик билан йўл ёқасидан юришлари, йўлнинг қатнов қисмини пиёдалар ўтиш жойларидан, шунингдек ер ости ва ер усти ўтиш жойларидан кесиб ўтишлари керак. Ушбу қоидаларни бузиш инсоннинг била туриб ўз ҳаётини хатарга қўйиши ҳисобланади.

Р.Отажонов

Янгиариқ тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *