Ҳусни хулқ ва чиройли муомала

Ислом  дини таълимоти ҳар бир инсонни  яхши хулқли, хуш муомалали, ўзаро меҳр-оқибат, катталарга иззат-ҳурмат, кичикларга эса раҳм-шафқатли бўлиш, ўзгани айб-нуқсонларини ва саҳв-хатоларини кечириш каби гўзал ахлоқларга чақиради. Чунки гўзал хулқли бўлиш – пайғамбарлар, сиддиқлар ва солиҳ зотларнинг хулқларидан бўлиб, бу билан киши буюк мақом ва мартабаларга эришади.  Барча гўзал хулқлар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламда мукаммал ва бенуқсон ҳолда ўз аксини топган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло У Зотни мақтаб бундай деган: яъни: Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз! (Қалам сураси 4-оят). Ҳақиқатан, Пайғамбаримиз алайҳиссалом биринчи даражадаги комил инсон ва барча яхши хулқларни ўзларида жамлаган Зот эканларига асло шубҳа йўқ. Бу оят тафсирини шарҳлаб имом Аҳмад ибн Ханбал шундай ривоят қиладилар: Оиша онамиз: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон на қўл остидаги ходимни ва на хотинни урмаганлар. Жиҳоддан бошқа жойда хеч нарсани қўллари билан урмаганлар. Икки ишдан бирини танлайдиган бўлсалар, гуноҳ бўлмаса, албатта осонини танлардилар. Агар гунoҳ иш бўлса, ундан узоқда бўлардилар. Ўзлари учун ҳеч қачон интиқом (ўч) олмаганлар. Агар Аллоҳ ҳаром қилган нарсалар содир қилинсагина   Аллоҳ учун интиқом олганлар», деганлар.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳазрати Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳуга қуйидагича насиҳат қилганлар:

яъни: “Эй Абу Ҳурайра! Ўзингизга ҳусни хулқни лозим тутинг!”. Шунда Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу: Ё Расулаллоҳ! Ҳусни хулқ нима? – деб, сўрадилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Сиздан силаи раҳмни узган билан уни боғлашингиз, сизга зулм қилган кишини кечиришингиз ва сизни маҳрум қилган кишига инъом қилишингиз ҳусни хулқдир”, — дедилар (Имом Байҳақий ривоятлари).

Шунинг учун ҳар бир мусулмон бажараётган ишида пайғамбаримиз (с.а.в)дан ибрат олиши лозим. Ибрат олиш эса у зотнинг хулқларига, сўзларига итоат қилишдир. Бу ҳақида пайғамбар (с.а.в): “Кимда ким пайғамбарга итоат этса, демак у Аллоҳга итоат этибди”, деганлар. Итоат қилишда у зотни кўриш ёки ҳамсуҳбат бўлиш шарт эмас.

 Динимизда гўзал хулқ соҳибларига катта ажру савоблар ва юксак мақом ва мартабалар ваъда қилинган. Улардан баъзиларини қуйида баён қиламиз:

Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар: яъни: “Гарчи ҳақ бўлса ҳам тортишмаган кишига жаннатнинг четидан уй берилишига кафилман. Гарчи ҳазиллашиб бўлса ҳам ёлғон гапирмаган кимсага жаннатнинг ўртасидан уй берилишига кафилман. Хулқи чиройли бўлган кишига эса жаннатнинг энг олий жойидан уй берилишига кафилдирман” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ алайҳиссалом бундай деганлар: яъни: “Қиёмат куни мўминнинг мезонида ҳусни хулқдан кўра оғирроқ нарса бўлмас. Албатта, Аллоҳ фаҳш ва чиркин сўз айтувчини ёмон кўрур”, (Имом Термизий ривоятлари).

Қиёмат кунида банданинг амалларини тортадиган адолат тарозусида яхши амаллари оғир келиб жаннатга киришни истаган одам ҳусни хулқли бўлиши керак. Ҳусни хулқли бўлмай, фаҳш гап ва ишларни қиладиган, тилида чиркин сўзларни айтадиган кишини эса Аллоҳ таоло ёмон кўради. Шунинг учун ҳусни хулқли бўлиш ва фаҳшдан ҳамда чиркин гап-сўзлардан йироқ бўлишимиз керак.

Хусусан, ҳозирги пайтда ҳусни хулқ мавзусига ижтимоий тармоқлардаги мулоқотларимизда ҳам жуда муҳтожмиз. Айниқса, айрим ёшлар ҳаётда ўзларини одобли тутсаларда, ижтимоий тармоқларда мутлақо ўзгача хулқда бўлишлари ачинарли ҳол. Ўзаро ёзишма ва мулоқотларда бировларни ҳақорат қилиш, камситиш, инсонларни ғийбат қилиб, обрўсизлантириш оддий ҳолга айланмоқда. Аслида, шариатимизга кўра “Ал-мактуб – кал-махтуб” яъни, “Ёзилган сўз – айтилган гап билан баробар” деган қоида бор. Шунинг учун мусулмон киши ҳар бир гап-сўзини ўйлаб ёзиши,  ғийбат ва бўҳтон ҳамда ўзгаларга қўполлик ва зулмдан жуда эҳтиёт бўлиши зарур.

Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ алайҳиссалом бундай деганлар: яъни: “Албатта, мўмин ўзининг ҳусни хулқи ила рўза тутучи ва бедор бўлувчининг даражасини топади” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Дарҳақиқат, кундузи рўза тутиб, кечаси тик туриб намоз ўқиган ҳолида бедор ўтказадиган одам қанчалар олий даражаларга эришишини ҳаммамиз яхши биламиз. Фарзу вожиб бўлган амалларни бажариб, яна нафл амаллар билан ортиқча савоб ишлайман деган одам ҳусни хулқ билан ҳам юқори даражаларга эришмоғи мумкин экан. Ҳусни хулқли одамни дунёда ҳам ҳамма яхши кўради ва ҳурмат қилади. Ундан ҳамма мамнун бўлади.

Аллоҳ таола ҳаммамизни гўзал ахлоқли бўлишни насиб қилсин. Ҳаммамиз хулқ атворимизни чиройли қилишга ҳаракат қилайлик. Зеро, инсон чиройли хулқи сабабли дунё ва охиратда юқори даражаларга етади.

Х.Аҳмедов

Шовот туман бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *