Мўмин- мусулмонлар ўзаро ёру биродар бўлиб, дунёдаги синовлардан яхши ўтиб олишлари учун бир-бирларини тўғри йўлга чақириб, ёмонликдан қайтариб турадилар. Буни қуйидаги ҳадиси шарифдан билиб оламиз: “Расулуллоҳ алайҳиссалом айтадилар: “Жоним измида бўлган Зотга қасамки, ё яхшиликка буюрасиз ва ёмонликдан қайтарасиз, ёки Аллоҳ таоло устингизга бир балони юборади, ундан кейин қанча дуо қилсангиз ҳам, дуоингиз қабул бўлмайди” (Имом Термизий ривояти).
Шу ҳадисдан келиб чиқиб, барчамиз жамиятдаги иллатларни йўқотишга имкон қадар ҳиссамизни қўшишимиз керак. Айниқса, маст қилувчи ичимликлар ва гиёхванд моддалар истеъмол қиладиган ён-атрофимиздаги кишиларни тўғри йўлга солиш ниҳоятда зарур.
Аллоҳ таоло маст қилувчи ичимликларни қатъий ҳаром қилган: “Эй имон келтирганлар! Албатта, май (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдирки, ундан четланинггиз! Шоят (шунда) нажот топсангиз” (Моида, 90).
Гиёхванд моддалар ҳам маст қилувчи хусусиятга эга. Шундай экан, маст қилувчи ичмликларнинг ҳукми, зарарлари, оқибатлари ҳақида барча оят ва ҳадислар гиёхвандликка ҳам тегишлидир.
Маст қилувчи ичмликлар ва гиёҳвандликнинг жамиятга, оила ва инсон шахсиятига зарари катта. Бу моддалар жамиятда қотиллик, ўғирлик, зўравонлик каби оғир жиноятларнинг кўпайишига сабаб бўлади. Оилада тинч-тотувлик, ўзаро меҳр-оқибатга путур етказади. Бу иллатни ҳазрат Усмон (розияллоҳу анҳу) “Ёмонликларнинг онаси” , деб атаган.
Динимизда бундай моддаларни истеъмол қилиш катта гуноҳ саналади.
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтадилар: “Май ҳаром қилинганда, саҳобалар бир-бирларини зиёрат қилиб: “Май ҳаром қилинди ва ширкка тенг қилинди (яъни, катта гуноҳ саналди)”, дер эдилар” (Имом Табароний ривояти).
Қуйидаги ҳадиси шарифда ҳам унинг катта гуноҳ эканини билдирилган: “Ким доимий май ичувчи бўлиб вафот этса, Аллоҳ таолога бутга сиғинган кишидек рўбарў бўлади” (Имом Баззор ривояти).
Маст қилувчи ичимликлар ва гиёхванд моддаларнинг энг катта зарари оилаларнинг бузулишида намоён бўлмоқда. Баъзи кишилар маст ҳолатда хотинини талоқ қилиб, ўзларини қийин аҳволга солиб қўйишмоқда. Никоҳ ва талоқ масаласида ҳазил кетмайди, “маст эдим”, деган баҳона ўтмайди. Никоҳ эркак ва аёлнинг “топширдим”, “қабул қилдим” деган сўзлари билан боғлангани каби, эркакнинг бир оғиз “талоқ қилдим”, деган сўзи билан узилади. Динимизда мусулмон кишининг сўзи эътиборли, қадирлидир. Халқимиз бекорга: “Айтилган сўз-отилган ўқ” демаган.
Азизлар инсоният бу дунёда синов ва имтиҳонда эканини эсдан чиқармаслиги керак. Аллоҳ таоло: “(У) сизларнинг қайси бирингиз чиройлироқ (савоблироқ) амал қилувчи эканинггизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган Зотдир. У Азиз (қудратли) ва Ғафур (кечиримли) дир” (Мулк сураси, 2 – оят).
Ёшларга, айниқса, уларнинг ўсмирлик даврида чиройли тарбия, гўзал ўрнак кўрсатишимиз керак. Уларни ким билан юрибди, ким билан дўст тутинди, суруштириб, огоҳ бўлиб туришимиз лозим.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, аксарият жиноятларнинг илдизи бекорчиликка бориб тақалади. Фарзандларимизни меҳнатсевар, ғайратли, маърифатли қилиб тарбияласак, келажакда улар халқимизга, динимизга фойдаси тегадиган етук инсон бўлади. Фарзандларимиз бекорчи бўлиб қолишларига йўл қўймаслигимиз, балки уларни билим олиш, китобхонлик, турли тўгараклар, спорт билан мунтазам шуғулланишга ўргатишимиз керак.
Р.Отажонов
Янгиариқ тумани бош имом-хатиби