Силаи раҳм фазилати

(Эй Муҳаммад) Ахир, Сизга  Раббингиз томонидан нозил  қилинган нарса аниқ ҳақиқат эканини биладиган киши (маънан) кўр кимсага ўхшайдими? (Бу оятлардан) албатда,  ақл эгаларигина эслатма олурлар.Улар Аллоҳга  берган аҳдларига вафо қиладиган ва “Ал-Мийсок”ни (ваъда)ни  бузмайдиганлардир.Улар Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни ( яъни қариндошлар  билан алоқани) боғлайдилар, Парвардигорларидан қўрқадилар ва (оҳиратда) ҳисоб- китобнинг  нохуш кечишидан чўчийдилар. Парвардигорларининг “юзини” истаб,( турли машаққатларга) сабр қилиб,  намозларини баркамол адо этган ва биз ризқ  қилиб берган нарсалардан хуфёна ва ошкора эҳсон қилган  ҳамда ёмонликка яхшилик қайтарадиган зотлар, айнан ўшалар учун дунё оқибати (жаннат) бордир.( Раъд19-22. )

Эй Муҳаммад (алайҳиссаллам). Раббингиз  сизга нозил этган Каломнинг ҳақлигини, яъни унда шак-шубҳа, ноаниқлик, зиддият йўқлигини биладиган  билан қалби кўр, билмайдиган ё ҳақни  билса-да унга бўйсунмайдиган тенг бўладими? Куръони  каримда келган барча ҳабарлар ҳақдир. Ундаги амр ва қайтариқлар адолатлидир. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради. “Раббингиз сўзи ростлик ва адолат жиҳатидан камолга етди. Унинг сўзларини ўзгартирувчи (куч) йўқ. У эшитувчи ва билгучидир”. (Анъом115). Сиз етказган нарсаларни қалбан тасдиқ этган киши билан уни тасдиқ этмаган ва унга эргашмаган ҳидоятсиз кимса баробар бўла олурми?.

“Дўзах аҳли билан жаннат аҳли  баробар бўлмас. Жаннат аҳли (қиёматда) юутуққа эришувчи зотлардир”. (Ҳашр.20.) Қуръони каримдан.

Қуръони каримдан қалби салим, ақл соҳиблари  насиҳат  олур. Улар  мўминлардир. Қалби пок киши ҳаётга ақл кўзи билан қарайди ва Аллоҳ таолонинг борлиги ва танҳо илоҳлигига имон келтиради. Оятда ақл соҳибларининг бир қанча сифатлари баён этилди. Улар Аллоҳга берган ахдларига вафо қиладиган ва “Ал-Мийсоқ” ни (ваъдани) бузмайдиганлардир. Ўзлари билан Аллоҳ таоло ўртасидаги ҳамда  бир бирлари орасидаги аҳдга вафо қиладилар. Гуноҳларидан тавба қилиш иккинчи бор ўша гуноҳни такрорламасликка аҳд қилиш бўлади. “Мийсоқ”Аллоҳ таоло билан банда ўртасидаги аҳддир. (Имом Насафий).

«Ал-Мийсоқ «дан мурод гувоҳликдир. Аллоҳ таоло бу дунёда туғилажак барча инсонларнинг рухига: “Мен Раббингиз эмасманми?” (деди) (Улар): йўқ (Раббимизсан!) Гувоҳлик бердик, дейишди (172-оят) .

    “Улар Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни (яъни қариндошлар билан алоқани) боғлайдилар”

Мўминлар силаи раҳмни узмайдилар. Ҳадисда: “Силаи раҳм қилмаган, яъни қариндошларидан алоқани узган одам жаннатга кирмайди…” дейилган (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

    Силаи раҳм яқин қариндошлар билан доимий борди-келдини узмай туришгина эмас,  балки узоқлашиб кетган қариндошлар холидан хабар олиш ҳамдир.

    Ибн  Касир  (рахматуллохи алайх):  “Барча Пайғамбарларга  имон  келтириш ҳам силаи раҳмдир”, дейди. Имони мустаҳкам мўмин бандалар билан доимий алоқа боғлаб туриш, ўз  имконияти даражасида бир-бирларига эҳсон қилиш,  раҳм-шавқат кўрсатиш, салом бериш,  касал бўлса ҳол сўраш, қўшничилик ҳақларига риоя этиш,  сафарда яхши ҳамроҳлик қилиш ҳам Аллоҳ таоло амр этган амаллар жумласидандир.

   (Абу Хурайра:) Набий соллаллоҳу алайҳи ва саламнинг шундай деганларини эшитганман: Ҳар  пайшанбадан жумага ўтар кечаси Бану Одамнинг амаллари Аллоҳ табарока ва таолога кўрсатилади. Шунда силаи раҳмни узган одамнинг амали қабул  қилинмайди, деди.

    Демак, ҳар пайшамбадан жумага ўтар кечаси Бану Одам, яъни Одам болаларининг бир хафталик қилган барча амаллари -намозлари, хайр-эҳсонлари Аллоҳ таоло “Қабул қилдим” деса, қабул бўлиб,  савоби ёзилар экан. Ана шу пайтда силаи раҳмни узиб юрган банданинг амали қабул қилинмас экан.

   Бундан силаи раҳмни узиш нақадар оғир бир мусибат эканини,  бундай қилиш ҳатто банданинг бошқа амаллари қабул бўлмай қолишига ҳам сабаб бўлишини англаб оламиз. Буни ҳаммага кенг ёйишимиз керак.

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳу баракотух.

Ш.Рузметова

Тупроққалъа тумани бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари  бўйича ёрдамчиси

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *