Ислом терроризмни қоралайди

Терроризм – муайян сиёсий мақсадларда, жамиятда беқарорлик келтириб чиқариш ва аҳолининг кенг қатламларида ваҳима ва қўрқув уйғотиш учун зўравонлик ишлатиш ёки зўравонлик ишлатиш билан қўрқитиш деган маънони билдиради.

Ислом дунёсидаги дастлабки террорчилик ҳаракатини қўллаган жамоа сифатида 657 йили вужудга келган «хорижийлар» оқимини кўрсатиш мумкин. Ушбу гуруҳ «катта гуноҳ» (кабира) қилганлар имондан чиқади ва уларга қарши уруш (жиҳод) олиб бориш керак, деб эълон қилган ва ўзларига эргашмаган мусулмонларни қирғин қилишган.

Маълумотларга кўра, ҳозир дунёда 500 га яқин террорчи ташкилотлари мавжуд бўлиб, уларнинг 80 % ислом ниқоби остида фаолият юритади. Сўнгги йилларда дин ниқобидаги террорчиларнинг қўпорувчилик ҳаракатларига кўпроқ тинч аҳоли нишон бўлмоқда. Бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкмоқдалар. Бу террорчи ташкилотларнинг қилаётган ишлари ислом таълимотига мутлақо зиддир. Масалан Қуръонда «Бирор жонни ўлдирмаган ёки фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир» (Моида, 32) дейилган.

Бошқа оятда «Кимда ким бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳанамда абадий қолишдир..» (Нисо, 93) дейилган.

Ҳадиси-қудсийда «Эй бандаларим, бу дунёда зулм қилишни қўйинглар, шу сизларга охират азобидан енгилроқдир», деб кўрсатилган.

 Ислом дини мана шундай ҳар бир жонни жуда қадрлайди, хоҳ мусулмон бўлсин, хоҳ  ғайри дин бўлсин, қандай ирққа тегишли бўлмасин, қайси миллатга тегишли  бўлмасин, барибир барчасини ардоқлайди. Бир бегунох инсонни ўлдириш  бутун бошли инсониятни ўлдиргандек жиноят ҳисобланади.

Шунинг учун малакатимиз ёшлари илм-маърифатли, турли соҳаларда етук мутахассис, жисмонан баркамол инсон бўлиб етишишлари учун яратилган шароитлардан унумли фойдаланишлари лозим. Мазкур имкониятлардан тўла-тўкис фойдаланиш, жамият ва давлат учун фидокор шахс бўлиш ҳар бир ёшнинг бурчидир. Бунинг учун эса, улар аввало, дунёвий ва диний билимларни чуқур ўзлаштириш, шунингдек, ўзбек халқининг меҳнатсеварлик, оилани муқаддас билиш, инсонларга меҳрибонлик, дўстларга садоқат, ватанпарварлик каби тарихан эъзозлаб келинаётган қадриятларини ўзида шакллантириши талаб этилади.

        Шундай экан аждодларимиз ўгитлари ва динимиз кўрсатмаларига амал қилиб иш олиб борсак, албатта тараққиёт йўлига, юрт ободлигига ва фаровонлигига хизмат қилган бўламиз.

Х.Собиров

Боғот тумани “Қарри Хўжа бобо”  масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.