ВАТАНПАРВАР АЖДОДЛАРИМИЗГА МУНОСИБ БЎЛАМИЗ

Ватан! Бу сўз замирида жуда катта маъно мужассам. Кишининг ватанига бўлган муҳаббати уни ўз она юртига бўлган садоқатида кўринади. Муқаддас динимизда ҳам ватанга бўлган муҳаббат ва садоқат юксак баҳоланади. Буни пайғамбаримизнинг қуйидаги ҳадисларида ҳам кўришимиз мумкин. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан Маккадан Мадинаи Мунавварага кетаётган вақтларида Макка шаҳрига ўгирилиб, “Эй, Макка! Агар қавмим мени сендан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳеч ҳам ўз ихтиёрим билан сени ташлаб кетмаган бўлар эдим”, деганлар. (Имом Термизий ва ибн Можа ривоятлари).Ушбу ҳадиси шариф ватанга муҳаббатли бўлиш,  садоқат кўрсатиш инсоний туйғу эканига  далолат қилади. Имом Муҳаммад Ғаззолий  раҳматуллоҳи алайҳи: “Инсон ўз туғилиб ўсган ерини ва ундаги нарсаларни, гарчи у жой одам яшамайдиган саҳро бўлса ҳам, яхши кўради. Ватанга бўлган муҳаббат инсон қалбидаги туғма табиатидир. Бу нарса инсонни ватанида бўлганда хотиржам, мусофирликда соғинадиган, унга ҳужум қилинганда ҳимоя қиладиган, ҳурматсизлик қилинганда ғазабланадиган қилиб қўяди”, дейди.

Буюк аждодларимизнинг бу борада кўрсатган садоқатлари ва жасоратлари бизларга ўрнак бўлиши лозим. Машҳур аждодларимиздан бири Кубровия тариқатининг асосчиси Нажмиддин Кубро ҳазратларининг ўз ватанига бўлган садоқати,у кишини қўлларида ватан байроғини тутиб жон беришлари айни ватанпарварликдир. Ёки Жалолиддин Мангубердининг ўша пайтда бутун мусулмон дунёси ва европага хавф солиб турган мўғилларга қарши ўн йилдан кўпроқ мардонавор жанг қилган ва шу йўлда ҳалок бўлишини билса ҳам ғанимга қарши курашни тўхтатмагани ватанпарварлик эмасми?

Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин, лекин биз буюк ватанпарвар аждодларимиздан ўрганишимиз ва ҳаётимизга татбиқ этишимиз керак бўлгани бу ватанга садоқат ва муҳаббатдир.

Бугунги кунда ҳар тарафдан ёшларнинг эътиқодини ва дунёқарашини бузушга қаратилган ҳаракатлар кузатилаётир.Ёшларни оммовий ахлоқсизликка ва миллат деган нарсани тан олмасликка қаратилган бу ҳаракатлар,инсонга ўз юрти,урф одатлари ва қадирятларини менсимасликка тарғиб қилиб,фақат ўзини ўйлайдиган манқурт кимсаларга айлантиришдан бошқа нарса эмас.

Бизнинг аждодларимиз дунёга ватанпарварлик ва юртга садоқат қандай бўлишини кўрсата олган кишилардир.Боболаримиздан бизгача етиб келган садоқат ва ватанга бўлган муҳаббат деган бу туйғунинг давомчиси бўлиш бугунги мустақил ватанимиз фарзандларига лозим ва лобуддир.

Ҳакимлар айтадилар: “Кишининг вафодорлиги ўз ватани учун қайғуришидан, дўстларини  соғинишидан  ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади.” Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидойилиги ватанини  ҳимоя қилиши, халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имконият даражада ҳисса қўшиши билан ўлчанади.

Ватанпарвар бўлиш ва унга садоқатли бўлишни Аллоҳ таоло ҳаммамизга насиб айласин.

Отажонов Иззат

Ҳазорасп тумани «Султон Ҳубби» масжиди имом хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *