Динимизда ҳалол касб қилишга тарғиб қилинган бўлиб, танбаллик ва ишёқмаслик каби кишининг ўзига ҳамда жамиятига зарар келтирувчи иллатлардан қайтарилган. Киши бировга муҳтож бўлмаслик учун меҳнат қилар экан, ҳам ўзининг инсонлик шарафини ҳимоя қилади, ҳам Яратганнинг амрига итоат этади.
Ҳалол ризқ йўлида қилинадиган саъй-ҳаракатлар учун улкан савоблар ваъда қилинган бўлиб, ҳатто бу нарса фарз даражасига кўтарилгандир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
яъни: “Ҳалол касб қилиш фарздан кейинги фарздир” (Имом Байҳақий ривоятлари).
Соғлом, меҳнатга лаёқатли кишининг ўзи ва аҳли аёли учун касб-кор қилиб мол топиши – асосий фарзлардан кейинги фарздир. Лекин касбу кор ҳам фарз экан деб, асосий ибодатларни четга суриб қўйилмайди. Мусулмон киши зиммасидаги оила аҳлини таъминотсиз қолдириб, касб-кор қилишни ташлаши ёки тиланчилик йўлига ўтиши мумкин эмас, балки ҳалол меҳнат қилиши керак. Кишининг касби одамларнинг кўзига ҳар қанча ҳақир кўринмасин, Аллоҳ таолонинг наздида мақбул ва севимлидир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:
яъни: “Бирортангиз арқонини олиб тоққа бориши, у ердан бир боғ ўтинни орқалаб келиб, (одамларга) сотиши ва Аллоҳ шу (касб) сабабли уни тиланчиликдан асраши, унинг одамлардан тиланиши улар ё бериб, ё бермасликларидан яхшироқдир” (Имом Бухорий ривоятлари).
Бир тоифа одамлар касб-кор қилишда нуқсонга йўл қўядилар ва ҳалолми-ҳаромми ажратиб ўтирмайдилар. Ҳаромнинг гуноҳини елкаларига олишлари билан бирга касбларининг баракаси кетади. Энг ёмони ҳаромдан ўсган гўшт кишини дўзахга етаклайди.
Мўмин киши ҳалол ризқ топиш ҳаракатида бўлганда, Аллоҳнинг амрига мувофиқ амал қилиши билан бирга Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг кўрсатмаларига ҳам амал қилаётган шахс ҳисобланади. Зеро, Расули акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
яъни: “Киши ўз қўл меҳнати билан топганидан кўра яхшироқ ва покизароқ таом емайди” (Имом Ибн Можа ривоятлари).
Аллоҳга шукрлар бўлсинки, ҳозирги пайтда ҳукуматимиз томонидан тадбиркорларимизга жуда кўп имкониятлар яратилмоқда. Мана шундай имкониятлардан унумли фойдаланиб, ҳалол ризқ талабида бўлсак, ўзимиз ва ўзгаларни фаровон ҳаёт кечиришлари ҳамда мусулмон кишини иш билан таъминлаш ва уни ҳожатини чиқаришга сабабчи бўламиз, иншааллоҳ. Чунки, мусулмон биродарининг қалбига хурсанчилик киргизиш Аллоҳнинг наздидаги энг афзал ва суюкли амалдир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
яъни: “Аллоҳга энг севимли банда одамларга кўпроқ манфаати тегадиганидир. Аллоҳ таолога энг маҳбуб амал мусулмоннинг қалбига хурсандчилик киргизишингиз, ундан ғам ташвишларини аритишингиз, зиммасидаги қарзини узиб беришингиз, очлигини кетказишингиздир. Мусулмон биродаримнинг ҳожатини чиқариш йўлида юришим Масжидун Набавийда бир ой эътикоф ўтиришимдан яхшироқдир. Ким ўч олишга қодир бўла туриб ғазабини ютса, Аллоҳ унинг қалбини қиёмат кунида ўзининг розилиги билан тўлдиради. Ким биродарининг ҳожати билан юриб, уни раво қилса, Аллоҳ қадамлар тоядиган кунда унинг қадамларини собит қилиб қўяди” (Имом Табароний ривоятлари).
Мазкур ҳадисдан, модомики банда биродарининг ёрдамида бўлар экан, Аллоҳ таоло унинг ёрдамида эканлиги маълум бўлади.
Демак, Аллоҳ таоло кимни мусулмонларнинг ҳожатларини чиқаришга муяссар қилган бўлса, бу у киши учун катта бахт ва улкан шарафдир.
Шундай экан, бировга ёрдамимиз тегишидан хурсанд бўлишимиз ва мана шундай мартабани берган Аллоҳга доимо ҳамд айтиб, бу эзгу ишда пешқадам ва бардавом бўлишимиз керак. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
яъни: “Модомики киши биродарини ёрдамида экан, Аллоҳ уни ёрдамидадир” (Имом Термизий ривоятлари).
Афсуски, бугунги кунимизда баъзилар томонидан содир бўлаётган тош-тарозудан уриб қолиш, шартнома ва ваъдага вафо қилмаслик, шубҳали ёки сифатсиз (халққа зарарли) маҳсулотларни сотиш, хизматни сифатли бажаришга аҳдлашиб, аҳдини бажармаслик, халққа зарур бўлган озиқ-овқат ва дори-дармонларнинг нархини асоссиз, сунъий равишда қиммат қилиш каби ишлар шариат чегарасидан чиқиш ва Аллоҳни ғазабига дучор бўлишдир. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло саховатли, мард ва ўзгаларга фойдаси тегадиган кишиларни севади. Киши халққа фойда келтира олмаётган бўлса, ҳеч бўлмаса, зарари тегмай туришининг ўзи ҳам катта ёрдам! Мана шунинг ўзи тақво бўлади. Бугунги кунимизда кўпчилик диндорлик, тақводорликни намоз, рўза, ҳаж билан ўлчайди. Юқоридаги ибодатлар тақвонинг асоси бўлса ҳам, баъзи одамлар назардан қочираётган бир нуқта бор. Бу – банданинг ҳаққидан ҳазар қилмаслик. Жумага чиқади, лекин тош-тарозудан уради, рўзани тутади, аммо шартнома ва ваъдага вафо қилмайди. Закотни беради, бироқ имкон бўлиб қолса, шубҳали ёки сифатсиз (халққа зарарли) маҳсулотларни ҳам сотаверади. Хизматни сифатли бажаришга аҳдлашади, лекин ваъдасини бажармайди. Шунинг учун ҳам Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳга тақво ҳақида бирорта китоб ёзиб беринг дейилганда: “Ана савдо-сотиқ ҳақида китоб ёзиб қўйибман-ку!”, – деган эканлар. Демак, кишининг тақвоси олди-берди қилаётганда, бандалар олдидаги ўзининг бурчларини ўтаётганда билинади.
Кейинги пайтларда турли хил халқ эҳтиёжи маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи фирмалар ичида маҳсулотига машҳурроқ фирманинг эмблема (савдо белги)сини қўйиб сотиш кўпайиб қолди. Масалан, бир фирма янги кир ювиш кукунини кашф қилди, дейлик. Бу ишга кўп маблағ ва вақт сарфлаган. Кукунга керакли моддаларни меъёрида қўшган. Ўзига яраша мижоз ҳам орттирган. Шу пайтда бир қаллоб чиқиб, машҳур фирманинг номидан қалбаки, арзон маҳсулот чиқара бошлайди. Кўпчилик бунинг фарқига бормайди. Энг ёмони қалбаки маҳсулотлар таркибида меъёрдаги моддалар бўлмагани учун улар соғлиқ учун ҳам зарарли бўлади. Мана шундай пул топаётганлар “менинг топганим ҳалол” дея олармикан?! Китоб чиқарадиган ва унинг савдоси билан шуғулланадиганлар ичида муаллифлик ҳуқуқини поймол қилиш ҳам бор. Бир киши йиллаб меҳнат қилган нарсани бир неча кунда ўзиники қилиб нашр қилиб чиқарса, топган пули ҳалол бўладими?!
Кейинги пайтларда турли хил халқ эҳтиёжи маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи фирмалар ичида маҳсулотига машҳурроқ фирманинг эмблема (савдо белги)сини қўйиб сотиш кўпайиб қолди. Масалан, бир фирма янги кир ювиш кукунини кашф қилди, дейлик. Бу ишга кўп маблағ ва вақт сарфлаган. Кукунга керакли моддаларни меъёрида қўшган. Ўзига яраша мижоз ҳам орттирган. Шу пайтда бир қаллоб чиқиб, машҳур фирманинг номидан қалбаки, арзон маҳсулот чиқара бошлайди. Кўпчилик бунинг фарқига бормайди. Энг ёмони қалбаки маҳсулотлар таркибида меъёрдаги моддалар бўлмагани учун улар соғлиқ учун ҳам зарарли бўлади. Мана шундай пул топаётганлар “менинг топганим ҳалол” дея олармикан?!
Набий с а в: Одамларга бир замон келурки унда киши молни нимадан олганига парво ҳам қилмайди: ҳалолданми, ҳаромданми дедилар.
Бу ҳадиси шариф ҳам Пайғамбаримиз с а в нинг катта мўъжизаларидан биридир. Ушбу ҳадаси шариф Пайғамбаримиз с а в нинг оғизларидан чиққан пайтда кўпчилик мусулмонлар молни ҳалол-ҳаромига қарамай олиш деган нарсани умуман хаёлларига ҳам келтира олмас эдилар. Чунки мусулмонман деган одам фақат ҳалол нарсани олиши, ҳаромдан ҳазар қилиши уларнинг фикри-зикри, бутун вужудига сингиб кетгагн эди. Аммо асрлар ўтиб кишилар Исломдан, иймондан узоқлаша бориб охир-оқибат ҳалол билан ҳаромни фарқ қилмайдиган ҳолатга етдилар. Кишилар ҳалолни қўйиб ҳаромга ўзини урадиган бўлишди. Молу дунё тўплаш йўлида ҳар қандай ҳаромдан, жирканчликдан, пасткашликдан тап тортмайдиган бўлишди.
Шунинг учун биз ниятимизни тўғри қилиб, Аллоҳ таолодан сўраб ҳалол касбу-ҳунар қилсак, берган ризқига шукрона қилсак, иншоаллоҳ, турмушимиз янада фаровон, юртимиз тинч, Осмонимиз мусаффо бўлади.
Аллоҳ таоло барча тадбиркорларимизнинг касбу корларига барака бериб, ҳалолдан ризқ-рўз топишни насиб айлаб, халқимиз турмушида фаровонликни янада зиёда айласин!
Х.Отажонов
Урганч шаҳар “Кўзли ота” масжиди имом-хатиби