Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.
Аллоҳимга беҳад ҳамду санолар ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловот ва саломлар бўлсин.
Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ . Бу ёруғ оламда ҳаётимиз файзини ва баракасини берсин.
Аллоҳим берган неъматлар ичида энг улуғи, умр ва соғликдир.
Шу боис, уни ғанимат билиб, манфаатли ишларга сарфлашимиз зарур. Инсон умри чекланган. У маълум йил, ой, кун, соат, дақиқа ва лаҳзалардан иборат, холос. Лўнда қилиб айтганда, вақт ҳаёт демакдир. Ўтаётган ҳар бир сония, дақиқа, соат, кун умримизнинг қисмларидир. Ўтиб кетган вақтни ортга қайтаришни иложи йўқ. Шундай экан, ўтаётган ҳар бир лаҳзамизни ғанимат билайлик, йўқса, зараримизга ишлайди. Зеро, салафи солиҳлар: “Вақт қилич кабидир. Агар сен уни кесмасанг, албатта, у сени кесади”, дейишган. У зотлар ҳамиша вақтларига аҳамиятли бўлиб, уни доимо яхшилик қилиш билан ўтказишар ва эртанги кунлари бугунгисидан кўра афзал бўлиши учун ҳаракат қилишарди. Шу эътибордан бўлса керак, улар қисқа умрлари давомида оламшумул ишларни қилишган. Улуғ зотларнинг ҳаёт йўлари доимо биз учун ибратдир.
Пайгамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар;
Икки буюк неъмат бор, кўп одамлар булар борасида алданиб қоладилар. Улар сиҳат саломатлик ва бўш вақтдир.(Имом Бухорий ривояти.)
Шундай экан умримизни ҳар бир лаҳзасини қадрига етиб, вақтимиздан унимли фойдаланиб, жамиятимизга фарзандларимизни, набираларимизни ҳушёр, пок қалбли қилиб тарбиялашимиз керак. Илмли, ҳунарли ва ўзи хоҳлаган яхши касбга йўналтириб боришимиз ҳам ота-оналик бурчимиздир. Инсонлар одоби нафақат ўзи учун балки жамиятимиз учун ҳам керак. Инсон ўзини чиройли, покиза, хушбуй тутишни талаб этади. Аллоҳ таоло марҳамат қиладики, «Албатта, биз ҳар бир нарсани ўлчови билан яратдик» (Камар сураси, 49-оят). Шундай экан умр ғанимат. Вақтимизни тўғри тақсимлаб, яқинларимиз, қариндош ва қўшниларимиздан ҳабар олиб, умримизни ҳар бир дақиқасини қадрига етадган, бандаларидан қилсин. Иймон этиқод ва тоза қалб билан Аллоҳимни ҳузурига боришни насиб қилсин. Ҳар бир инсон фарзандларини роҳат фароғатини кўриш насиб қилсин.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ҳар бир киши ўзига берилган қисқа умрни фойдали ишларга сарфлаши, илм олиши, ҳунар ўрганиши, тадбиркорлик, тижорат каби ҳалол касб-кор қилиши айни муддаодир. Мазкур мисоллардан ибрат олиб, ҳаётимизни гўзал ва мазмунли ўтказишга ҳаракат қилайлик, умрнинг қадрига етиб, турли беҳуда гап-сўз, ҳар хил асоссиз миш-миш, иғво ҳамда бўҳтондан йироқда бўлайлик. Шунда умримиз баракали бўлади, унинг ҳар лаҳзаси Аллоҳ рози бўладиган амаллар билан тўлади, инашоаллоҳ.
З.Собирова
Боғот туман «Олтинқум» маҳалла отинойиси