Маълумки, жаҳолат ва жоҳилликнинг давоси – бир қанча бўлиб, улардан энг асосийси – китоб ўқишдир. Дарҳақиқат, китоб ўқиш қалб чигалликларини ёзади, кўнгилга ҳузур бағишлайди, жаҳолатга барҳам беради, турли-туман васвасаларни киши онгидан қувиб чиқаради. Китоб –ҳаётнинг қоронғу йўлларини ёритиб борувчи чироқдир. Кўп китоб ўқийдиган инсон ҳаётда улкан муваффақиятларга эришади. Дунёда ҳам, охиратда ҳам инсонга илмдан кўра кўпроқ фойда келтирадиган нарса йўқ. Шунингдек, жаҳолатдан кўра зарарлироқ нарса ҳам йўқ.
Машҳур саҳоба ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу шундай деганлар:
яъни: “Инсонларнинг энг қадри ози – илми озидир”.
Илмсизлик, жаҳолат инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб бориши муқаррар. Инсонлар илм орқали Парвардигорларини танийдилар. Дунё ва охиратларини илм билан обод қиладилар.
Шафиқ ибн Иброҳим Ал-Балхий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Биз Абдуллоҳ Ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳдан: “Нима учун намоз ўқиб бўлганимиздан сўнг биз билан бирга ўтирмайсиз?”, – деб сўрадик. У киши: “Саҳобалар ва тобеинлар билан бирга ўтиришга кетаман”, – дедилар. Биз: “Саҳобалар ва тобеинлар қаерда экан?”, – деб, ҳайрон бўлиб яна сўрадик. Шунда у зот: “Китоб ўқийман, шунда улар ҳақида, қилган ишлари ҳақида билиб оламан. Сизлар билан ўтириб нима қиламан? Сизлар бекорчиликдан одамларни ғийбатини қилиб ўтирасизлар”, – деб жавоб бердилар”.
Буюк аждодимиз Амир Темур ҳам: “Китоб – барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл идрокнинг, илму-донишнинг асосидир. Ҳаётни ўргатувчи мураббийдир”, – деганлар.
Буюк муҳаддис Имом Абу Довуд Ас-Сижистоний кийим тиктирганларида енгини кенг қилиб тиктирар эканлар. Чунки унга китоб солар эканлар. У киши кўп китоб ўқишни яхши кўрар эдилар. Қаерга бормасинлар, албатта ўзлари билан бирга китобларини олиб юрар, бўш вақт топилди дегунча енгларидан китобларини олиб ўқир эканлар.
Уламолардан бирлари: “Агар биз китоб ўқишдан топаётган лаззатни мулкдорлар билсалар эди, уни биздан тортиб олишарди”, – дер эди.
Доноларимиз: “Китобларни ёқиб юбориш оғир жиноят, бироқ дунёда ундан-да оғирроқ жиноят бор, у – китоб ўқимаслик”, – деганлар.
Хасан Басрий р а дан ривоят қилинади, Абу Дардо айтадилар: «Аввало, олим бўл! Лоақал, таълим олувчи ёки уларни севувчи ёхуд уларга эргашувчи бўлгин. Аммо бешинчи одам (мазкур тўрт хислатдан ташқаридаги) бўлмагинки, ҳалок бўлурсан» (Имом Байхакий «Сунани Кубро» китобида келтирган). Жололиддин Румий р а дунёда ҳамма нарса сувга тўяди. Балиқ сув ичида юрса ҳам сувга тўймайди. Буни илмга қиёс қилиб айтадиларки: “Гўё сизлар илм олишда балиқа ўҳшанглар, балиқ сувга тўймагани каби сизлар ҳам илм ичида юриб илмга тўйманглар”, — деганлар. Абу Муъин ан-Насафий р а «Мадорикут-танзил» тафсирларида бир муборак ҳадиси шарифни келтиради. Буни сизларга ҳам маълумот сифатида келтирмоқчимиз. Пайғамбар с а в айтадилар: “Бир толиби илм бир қабристоннинг ёнидан ўтса унинг шарофати билан 40 кун қабрда азоб тўхтайди», деганлар. Пайгамбар с а в айтадилар: “Олимларга бир марта қарашлик менинг масжидимда бир йил эътикофда утириш билан тенгдир”. Яна Пайгамбар с а в айтадилар: “Ким бир олимни хурмат қилса, гуё мени хурмат қилгандек булибди. Кимки бир олимни хорласа, гуё мени хорлагандек бўлибди”.
Маълумки, динимиз – илм ва маърифат дини. Илм талаб қилишни фазилати ҳақида кўплаб оят ва ҳадислар мавжуд. Жумладан:
Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
яъни: “Илм излаш – ҳар бир мусулмонга фарздир” (Имом Ибн Можа ривояти).
Киши жаҳолатдан қутилиш мақсадида илм талаб қилиши учун албатта ёш бўлиши шарт эмас, балки қайси ёшда бўлишидан қатъий назар, илмли бўлишга ҳаракат қилиш керак.
Чунки, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
яъни: “Кимнинг ажали илм талаб қилаётган вақтида етиб қолса, Аллоҳ таолонинг ҳузурида у билан пайғамбарлар ўртасини фақат пайғамбарлик даражасигина ажратиб туради” (Имом Табароний ривояти).
Илмсизлик ва жаҳолат – жамиятимизнинг энг катта душмани, айни пайтда жамият учун – катта офатдир. Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунимизда ҳам илм-марифатни қўйиб, жаҳолат йўлини тутган кимсалар ҳам йўқ эмас. Маърифат дини бўлмиш Ислом динидан ғаразли мақсадлар йўлида фойдаланаётган кучлар илмсиз ёшларни йўлдан уриб, жаҳолат гирдобига тортаётгани сир эмас. Минглаб ёшлар турли оқимларнинг таъсирига тушиб, ана шундай жаҳолат қурбонига айлангани ҳам барчага маълум. Шунинг учун ёшларни илм олишга ундаш, китоб ўқишга тарғиб этиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бўлиб қолмоқда.
Айни пайтда фарзандларимиз таътилда. Фарзандларни тарбиясига биринчи навбатда масъул шахс эса – ота ҳисобланади. Шундай экан, фарзандларимизни ҳам китоб ўқишга ўргатайлик. Уларни бўш вақтларини китоб ўқиш, илм-маърифат ҳосил қилиш ва касб-ҳунар ўрганиш каби фойдали ишлар билан машғул қилиш – биз, ота-оналар, зиммамизда эканини зинҳор унутмайлик!
Х.Аҳмедов
Шовот тумани бош имом-хатиби