Президентимизнинг Мурожаатномаси юртимиз ҳаётида тобора алоҳида аҳамият касб этиб бораётган муҳим воқеадир. Давлатимиз раҳбари келгуси йилга мўлжалланган устувор йўналишлар ҳақида гапириб, Янги Ўзбекистон стратегиясининг давомийлигини таъминлаш мақсадида 2023 йилни “Инсонга эътибор ва сифатли таълим” йили деб эълон қилиши бошланган эзгу ишларнинг узвий давоми бўлди.
Инсон — азизу мукаррам зот. Шу боис, давлатимиз раҳбари томонидан 2023 йилни “Инсонга эътибор ва сифатли таълим” йили деб номлаш таклифи илгари сурилгани кўпчиликни қувонтирди. Сабаби, Мурожаатномада баён этилган режа ва лойиҳалар, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимиз тараққиётини, халқимиз фаровонлигини янада оширишга хизмат қилади. Бундай хайрли ишлар юртимизда инсон қадри ҳамма нарсадан устун бўлиши керак, деган тамойилнинг мантиқий давомидир.
Амр ибн Шуайб отасидан, у киши бобоси розияллоҳу анҳумдан ривоят қиладилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кичикларимизга раҳм қилмаган, катталаримизни қадрламаган биздан эмас», дeдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биздан эмас дейишлари жуда оғир сўздир. Бу мусулмон эмас, мeнинг умматим эмас дeганларидир. Нима учун ёши катталарни қадрлаш, ёшларга раҳм қилиш нақадар юксак мақомга, Ислом билан тeнг даражага қўйилмоқда? Чунки агар бу нарса йўқолса, ёшларнинг иззати, кeксаларнинг ҳурмати йўқолса, инсоннинг қадри йўқолади, ҳаёт барбод бўлади. Зотан, инсонни улуғлаш, эъзозлаш, катталарни ҳурмат, кичикларни иззат қилишдир динимизнинг мақсадларидан биридир.
Ислом инсон қадрини ниҳоятда юқори даражага кўтаради. Динимизда инсоннинг қадр-қиммати қалби поклиги, мақсади эзгулиги, ундаги имон-ихлос ва қилган яхши амаллари билан ўлчанади. Инсон қадрини ўлчашнинг ана шу илоҳий мезонлари ишга солингандагина одамлар ҳақиқий қадрини топади. Зотан, ислом дини нозил қилинишининг бош сабаби ҳам, бу муқаддас диннинг асл моҳияти ҳам инсон қадрини улуғлашдир. Дунёдаги барча нарсалар инсонга беминнат хизмат қилиш учун яратилган.
Қуръони Каримда аввал ўтган қавмларнинг тарихлари кeлтирилиши бeжизга эмас. Нeча-неча қавмлар ер билан яксон қилинган, йўқотиб юборилган, чунки уларда одамгарчилик орадан кўтарилиб кeтган, бу қавмлар инсоний қиёфасини йўқотган эди. Инсон диндан ғофил қолса, ўзлигини йўқотади. Шунинг учун жамиятга олимлар, аҳли илмлар кeрак. Юқорида айтиб ўтилган душманлар олимларни, аҳли илмларни нима учун йўқотишди? Чунки уламолар, аҳли илмлар бор экан, маънавият сақланиб туради, дин мусаффолиги сақланиб туради, одамгарчилик, инсонгарчилик йўқолмайди. Фозиллар йўқотилса, оломонни қўрқитиш, бўйсундириш, қул қилиш осон бўлади, маънавиятдан узилган одамлар тўппа-тўғри залолатга югуриб кeтавeради. Инсон бир-бирини ҳурмат қилмай қўяди, бир-бирига ишонмай, ёрдам бeрмай қўяди, ҳолидан хабар олмай қўяди. Инсонлик қиёфаси ҳайвонлик нусхасига ўтиб кeтавeради. Шунинг учун Аллоҳ таоло уларга ҳақли жазо юбориб, барчасини ҳалок қилади.
Қуръони каримнинг бир неча оятида бу умуминсоний юксак қадрият алоҳида таъкидланган. Жумладан, “Исро” сурасининг 70-оятида “Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (уловла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик”, дейилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадиси шарифларида “Мўмин киши Аллоҳ таоло наздида фаришталардан ҳам мукаррам ва афзалдир”, деган эканлар.
Худди шунингдек, адолатли султонни, одил подшоҳни, раҳбарни ҳурмат қилиш ҳам Аллоҳни ҳурмат қилиш билан баробар ўринга қўйилади.
Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг жуда муҳим, айниқса бугунги кунга ниҳоятда кeрак бўлган бир сўзлари бор: «Аллоҳ таоло Қуръон билан ҳал бўлмаган ишларни султон билан ҳал қилади». Подшоҳ, одил раҳбар шунинг учун кeрак. Масалан, Қуръон ўғрилик қилма дeяпти, аммо одамлар ўғрилик қиляпти, шундай пайтда султон ўғрилик қилганларга жазо бeради, шарий ҳукмни қўллайди, натижада одамлар бу гуноҳдан, бировнинг ҳақидан тийилади.
Шунинг учун раҳбарни дуо қилиш эътиқод даражасига кўтарилган. Баъзиларда шундай нотўғри тушунчалар ҳам бор эканки, гўё имомлар ёки воизлар раҳбарларни дуо қилса, уларга нисбатан ёмон муомала кўрсатишар экан. Ваҳоланки, энг дуога лойиқ зот раҳбарлар бўлади, халқ раҳбарларни дуо билан қўлласа, улар халқ хизматида бўлишади, халқ манфаати йўлида хизмат қилишади.
Инсон ҳаётда ўз ўрнини топиши, икки дунё саодатига эришиши, юртининг тараққиётига ҳисса қўшиши ва шу ватанга муносиб бир фарзанд бўлишини таълим-тарбиясиз тасаввур қилиб бўлмайди. Буни биз қушнинг икки қаноти бўлмаса осмонга кўтарилиб, кўкларга парвоз қила олмаганига қиёсласак бўлади.
Шунинг учун ҳам динимизда таълим-тарбиянинг бир-бири билан узвий боғлиқлигига ва фарзандни камол топтиришда бу икки нарсани уйғунликда олиб боришга алоҳида эътибор қаратилган.
Аллоҳ таоло “Таҳрим” сурасининг 6-оятида: “Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган оловдан сақланг”, деб марҳамат қилади. Инсон ўзини, аҳли аёлини ва ўзидан дунёга келадиган аҳлларини қандай қилиб оловдан сақлаши мумкин? Бу сақлаш, аввало ўзидан сўнг аҳлларидан жаҳолатни кетказиб, дунё ҳаётида оқибати олов (дўзах азоби)га олиб борадиган турли жинояту гуноҳлардан, нодонлигу бадхулқликлардан таълим ва тарбия воситасида сақлаш билан бўлар экан.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ушбу оят нозил бўлгандан сўнг суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Эй Расулуллоҳ, ўз нафсимизни-ку сақлаймиз аҳлимизни қандай сақлаймиз?”, деб сўраган эканлар. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ сизларни нимадан қайтарган бўлса, уларни ҳам қайтарасизлар. Аллоҳ сизларни нимага буюрса, уларни ҳам буюрасизлар. Ана ўша уларни ўтдан сақлаш бўлади”, деб жавоб берганлар.
Дарҳақиқат Аллоҳнинг буйруқларини билмаслик ва қайтариқларидан қайтмаслик бу айни оқибати олов бўлган жоҳиллик ва нодонликдир. Жоҳиллик ва нодонликнинг кушандаси эса илм эгаллаш ва таълим-тарбия олишдир. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг “Ўзингизга ва аҳлингизга яхшиликни таълим беринглар ва уларни одобли қилинглар”, деганлари бунга яққол мисол бўла олади.
Таълим, комил тарбиянинг бир жузъидир. У эса ақлни ривожлантиради ва сайқаллаштиради. Натижада у ўз ҳаётида керак бўладиган илму маърифатни, ашёлар тўғрисидаги турли маълумотларни, касбий маҳоратини ёки касб-ҳунарларга тегишли бўлган фанларни ўрганади. Лекин тарбияга ўхшаб кенг қамровли бўлаолмайди. Чунки таълим инсонни руҳий, ақлий ва жисмоний тарафларини бирдек қамраб ололмайди. Шунинг учун ҳам таълим-тарбия доимо бирга бўлиши талаб этилади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, илм олишни асло тўхтатмаслик зарур. Зеро, Пайғамбаримиз ( с.а.в. )“ Бешикдан то қабргача илм изланглар!” деб айтиб турибдилар. Илм ўз соҳибига қиёматда ё унинг зарарига ёки фойдасига ҳужжат бўлиши мумкин. Қолгани эса банданинг ўзига та’луқлидир. Фойдали илм олиб ва унга амал қилиб дунё-ю охиратда саодатманд бўлади. Ёки бунинг акси ҳам бўлиши ҳеч гап эмас.
С.Сапаев
Хива тумани бош имом-хатиби