Аллоҳ таоло ер юзини яратиб, ундаги жамики нарсаларни йўқдан бор қилди. Шулар ичида эса инсонни энг азиз ва мукаррам қилиб яратди. Инсон борки, албатта, бошқа кишилар билан алоқа қилмай яшай олмайди. Ислом дини инсонларни доимо эзгу амал қилишликка чақиради. Бугунги мавъизамизда ҳам мана шундай эзгу амал бўлган қўшничилик хақлари ҳақида тўхталиб ўтамиз.
Аллоҳ таоло Ўзининг каломи шарифида қуйидагича марҳамат қилади: «Аллоҳга ибодат қилингизлар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангизлар! Ота-оналарга эса яxшилик қилингизлар! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшнию бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яxшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди». Ушбу оят тафсирида айтиладики: «Агар қўшни мусулмон ҳамда қариндош бўлса, унинг мусулмон қўшнисида 3 та ҳаққи бордир: 1) ислом ҳаққи; 2) қариндошлик ҳаққи; 3) қўшничилик ҳаққи. Агар бегона бўлса 2 та ҳаққи бўлади: қўшничилик ҳаққи ва ислом ҳаққи. Бордию ғайри дин бўлса, битта ҳаққи бўлади, яъни қўшничилик ҳаққи». Абу Ҳурайра (рз.)дан ривоят қилган ҳадисда, жаноб Расулуллоҳ (сав) шундай деган эканлар: «Аллоҳга қасамки, мўмин эмас! Аллоҳга қасамки, мўмин эмас! Аллоҳга қасамки, мўмин эмас! – деганларида, саҳобалар томонидан: «Ким у, эй Аллоҳнинг расули?» — деб сўралди. Шунда Расулуллоҳ (сав): «Ёмонлигидан қўшниси омонда бўлмаган кишидир», — дедилар».
Дарҳақиқат, қўшничилик ҳаққи қўшнига фақат азият бермаслик эмас, балки ундан азиятни кўтариш, мулойимлик ва яхшиликни биринчи бўлиб бошлашлик ҳамдир. Қўшнига биринчи бўлиб салом бериш, у билан узоқ сўзлашмаслик, бетоблигида холидан хабар олишлик, мусибатда ҳамдардлик билдириб, далда бўлишлик, хурсандчиликда табриклаш, хатоси бўлса уни кечириш, ҳовлисига мўраламаслик, унинг деворига ёғоч қўйиб уни ранжитмаслик, тарновига ўз томи сувини йўлламаслик, ҳовлидан ҳовлига ариқ ўтган бўлса сувни ифлос қилмаслик, қўшнининг деворига мағзава оқизмаслик, ҳовлиси саҳнига тупроқ туширмаслик, ҳовлисига олиб кириб кетаётган нарсаларига назар ташламаслик, унинг сўзлашувига қулоқ солмаслик, унинг ҳовли-ҳарам – аёл-қизларига қарамаслик, агар қўшни йўқ бўлса, унинг оиласи юмушларида ёрдам бериш – буларнинг бариси қўшнининг ҳаққи бўлиб ҳисобланади.Имом Бухорий ва Имом Муслим (рҳ.)лар ривоятлари ила яна ушбу ҳадиси шариф воридким: «Ҳар кимнинг Аллоҳ таолога ва охиратга имон келтиргани рост бўлса, қўшнисига ёмонлик қилмасин, озор бермасин, меҳмонга икрому иззат кўрсатсин. Ҳақиқий мўмин бўлса, гапирганда фойдали гаплардан гапирсин ёки сукут сақласин!».
Абдуллоҳ ибн Умар (рз.) ривоят қилган бошқа ҳадисда эса Расулуллоҳ (сав) марҳамат қилган эканлар: «Аллоҳ ҳузуридаги дўстларнинг яхшиси дўсти учун хайрли бўлганидир. Аллоҳ ҳузуридаги қўшниларнинг яхшиси қўшниси учун хайрли бўлганидир»,Қўшнининг ҳаққи тўғрисида ҳадиси шарифларда яна шундай дейилади: «Агар бирор ёрдам сўраса, ёрдам бермоқ, қарз сўраса қарз бермоқ, моддий ёрдам кўрсатмоқ, касалини кўрмоқ, вафот этса, дафнида қатнашмоқ, бирор севинчли ҳодиса рўй берса, табрикламоқ, бирор мусибат етса, таъзия, ҳамдардлик билдирмоқ, ноқулай иморат қуриш ёки сояли дарахтлар экиш ила ҳаққига тажовуз қилмаслик, уйга мева-чева каби нарсалардан келтирганда, қўшниларга ҳам улашмоқ, агар бергиси келмаса, ўз болаларини қўлида мевалар билан қўшни болалари олдига чиқармаслик, қозонни қирганда капгир овози ёки таом ҳиди билан қўшнига кўз-кўз қилмаслик, ҳатто унинг итини урмаслик лозим» – каби ўгитларни айтган эканлар. Ҳасан Басрий ҳазратлари айтадиларки, яхши қўшничилик деб фақат қўшнига зарар етказмасликлигина эмас, балки мабодо қўшнилардан зарар ёки озор етса, унга тоқат қилиб, жанжал кўтаравермасликни айтурлар.
Можаролар одатда, кўпроқ қўни-қўшниларнинг ёш болалари ўрталарида содир бўлиб туради. Шундай пайтда, болаларнинг ўртасига тушиб ота-оналар айбни бир-бирларига ағдаравермасдан, ҳар бирлари ўз фарзандларига танбеҳ бериб, одобга чақириб борсалар, айни савоб иш қилган бўладилар.
Қўшниларнинг бир-бирлардаги ҳақларини баён қилишдан Ислом динининг мақсади ва ғояси шуки, мусулмонлар, балки ер юзидаги барча халқлар ўзаро тинч-тотув, осойишта, бир-бирларини иззат ҳурмат қилган ҳолда яшаб боришга ундашдир. Чунки ўрталарига гина-адоват тушганларни яраштириб қўйишнинг на қадар муҳим ва зарурлигига Қуръони каримда жуда кўп оятларда ишорат қилинган. Ойша онамиз ривоят қиладилар: «Эй Расулуллоҳ, менинг икки қўшним бор, уларнинг қайси бирига туҳфалар киргизиб турай? — дедим. Жаноб Расулуллоҳ: Эшиги эшигингга яқинига, деб жавоб қилдилар».
Қуръони каримда: «Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз, деб (У) сизларга (доимо) насиҳат қилур.Қариндошларига, қўни-қўшниларига ёрдам бериш, яқинларининг ҳо- лидан хабар олиб туриш вожиб амалдир. Ука ва сингилларига ака ота ўрнида, опа она ўрнида бўлади. Жаноби Пайғамбаримиз (сав): «Ким умрининг узун бўлишини, ризқининг кўпайишини истаса, ота-онасига яхшилик ва қариндошларига меҳр-оқибат қилсин», — деганлар.
Аллоҳ таоло: «Кимнинг қариндошлари билан алоқаси узилса, Мен билан унинг ўртасидаги алоқа ҳам узилади», — дея марҳамат қилган (Ҳадиси Қудсий). Шу боис Расулуллоҳ (сав) қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар билан саломлашиб, ҳол-аҳвол сўраб бўлса ҳам, доимо меҳр-оқибат кўрсатиб туришни тавсия қилганлар.Абу Ҳурайра (рз.)дан ривоят қилинган ҳадисда, Пайғамбаримиз (сав) айтдиларки: «Эй Абу Ҳурайра, тақводор бўлгин, одамларнинг обидроғи бўласан: қаноатли бўлгин, одамларнинг шукр қилувчироғи бўласан! Одамлар учун яхши кўрган нарсангни уларга ҳам раво кўр, мўмин бўласан. Сенга қўшни бўлганга яхши қўшичилик қилгин, мусулмон бўласан. Кулишни камайтирган, чунки кўп кулишлик қалбни ўлдиради.»
Қўшни деганда фақат маҳаллада, ёнма-ён хонадонларда яшовчи инсонларни тушунмаслик лозим. Қўшни деганда чор-атрофимиздаги қўшни давлатларни ҳам, албатта, назарда тутишимиз зарур. «Қўшнинг тинч – сен тинч» деган халқ мақоли уларга ҳам тааллуқлидир. Айниқса, асрлар оша қон-қариндошлик ришталари мустаҳкам бўлиб келган, дини бир, мазҳаби бир, мусулмон халқ деб аталмиш табаррук унвонга эга бўлган бу қўшни қардошларимиз билан бизнинг ўртамизга арзимас сабаблар туфайли раҳна тушиши мутлақо мумкин эмас. Аллоҳ таоло доно раҳбарларимизнинг тинчлик ва осойишталикни барқарорлаштириш, халқларимиз ва давлатларимиз ўртасида дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлаш йўлида олиб бораётган барча хайрли ишларида каттадан катта муваффақиятлар ато айласин!
У.Умаров
Шовот тумани “Юсуф Хамадоний” масжиди имом ноиби