БАРКАМОЛ АВЛОД ТАРБИЯСИ УСТУВОР ВАЗИФА

Мамлакатимиз мустақилликка эришган кундан бошлаб жамиятнинг барча соҳаларини ислоҳ қилиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасидаги муҳим вазифалар устувор аҳамият касб этадиган даражага кўтарилди. Aйниқса, ёш авлод тарбиясига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратила бошланди. Натижада, оилада соғлом турмуш тарзини вужудга келтириш, она ва бола саломатлигини таъминлаш, таълим-тарбия самарадорлигини ошириш, урф-одатларимиз ва бошқа қадриятлар тизимида унут бўлган жиҳатларни қайта тиклаш кабиларга эътибор кучайтирилиши туфайли, ёш авлод дунёқарашининг муносиб шаклланишига катта замин яратилди. Бунда Республикамиз Президентининг “барча эзгу ниятларимизнинг марказида фарзандларимизни ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом қилиб ўстириш, уларнинг бахту саодати, фаровон келажагини кўриш, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмайдиган авлодни тарбиялаш орзуси туради” деган пурмаъно ҳикматлари доимо дастуруламал бўлиб келди.
Баркамол авлод тарбияси деярли ҳар бир даврнинг долзарб муаммоларидан биридир. Баркамоллик ёш авлоднинг ҳам жисмонан, ҳам маънавий етуклигини билдиради. Бу икки жабҳани бирлаштириш баробарида эришилган ютуқлар, тажрибалар, юксак маънавиятли инсон ғоясини мужассамлаштириб боради.
Муқаддас Ислом динимизда ҳам фарзанд тарбиясига катта эътибор қаратиб, бу борада ота-оналарга улкан масъулиятни юклайди. Ушбу масъулиятни ҳис этган ҳолда барча ота-оналар ўз фарзандларининг тарбияси билан жиддий шуғулланишлари лозимдир. Акс ҳолда Ислом фитратида дунёга келган бегуноҳ болалар ота-онанинг бепарволиги сабабли турли нотўғри йўлларга кириб кетиши мумкин. Бу ҳақда Расулуллоҳ алайҳиссалом шундай деганлар: «Ҳар бир фарзанд аслида исломий фитрат билан туғилади, сўнгра ота-оналарнинг таъсири билан яҳудий, насроний ёки мажусий бўлиб етишади» (Муттафақун алайҳ),
Демак, ёшлардаги ёмон ахлоқ ва унинг нохуш оқибатлари учун аввало, ота-она ва қолаверса барчамиз масъулдирмиз. Ушбу кўнгилсизликларнинг олдини олиш учун Аллоҳ таоло ота-оналарга хитобан шундай марҳамат қилади: “Эй, Иймон келтирганлар, ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангизки, унда дағал ва қаттиққўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат буюрилган ишни қиладиган фаришталар (турурлар)”. Таҳрим сураси, 6-оят
Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳам кўп бора ушбу оятдаги амрни таъкидлаб, фарзанд тарбиясига жиддий эътибор бериш лозимлигини уқтирганлар. Жумладан: “Фарзандларингизга одоб ўргатинг ва одобларини чиройли қилинг”.
“Фарзандларингизга ва аҳлингизга яхшиликни таълим беринг ва уларга одобни ўргантинг”.
Юқорида келтирилган оят ва ҳадислар фарзанд тарбияси муҳим эканлигини баён қилди. Шу ўринда фарзандни қайси жиҳатларда тарбия қилиш лозим, деган ўринли савол туғилади. Уламолар қуйидаги жиҳатлар энг муҳим эканлигини эътироф этганлар.
Биринчи: иймоний тарбия. Фарзанд ақли шакллана бошлаши билан унга иймоний масалаларни ўргатиб бориш шарт. Фаҳмлай бошлаган вақтдан бошлаб Ислом арконларини тушунтириш ва шариатнинг бошланғич маълумотларидан таълим бериш лозимдир. Ушбу иймоний тарбия ҳақида Расулуллоҳ алайҳиссалом шундай деганлар:
“Ёш болаларингизга биринчи бўлиб “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимасини эшиттиринглар”.
Ушбу ҳадисдан маълум бўлдики, чақалоқнинг қулоғига кирадиган биринчи сўз, тили чиқиб айтадиган биринчи сўзи, унга ўргатиладиган дастлабки сўз ушбу тавҳид калимаси бўлиши лозим. Чақалоқнинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқомат (такбир) айтиш ҳам ушбу ҳадиснинг амрини қувватлайди.
Бундан ташқари болани гўдаклигиданоқ Аллоҳнинг амрларига итоат руҳида тарбиялаш, ҳалол ва ҳаромларга риоя қилишга ўргатиш ҳам имоний тарбиянинг бир бўлагидир.
Тарбиянинг иккинчи тури: хулқий тарбиядир. Иймоний тарбия натижасида ҳосил бўладиган чиройли одоб, гўзал ахлоқ ва фазилатлар ушбу босқичга тегишлидир. Зеро, иймон-эътиқод йўлидан ташқарида ҳеч қандай одобий фазилатлар топилмайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Агар сенга жавоб бера олмасалар, бас, билгинки, улар фақат ҳавои нафсларига эргашмоқдалар, холос. Аллоҳдан бўлган ҳидоятсиз, ўз ҳавойи нафсига эргашгандан кўра ҳам гумроҳроқ кимса борми?! Албатта Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмас”.
Юқорида келтирилган ҳадислар тарбиянинг ушбу босқичига тегишлидир. Ота-она ўз фарзандининг инсонлар билан хуш муомалада бўлиши, ростгўй, омонатдор, катталарга ҳурмат ва кичикларга шафқатли бўлиши учун масъулдирлар. Ҳамда фарзандининг ёмон хулқ ва сўзлардан, қабиҳ иш ва ёмон одатлардан пок бўлиши учун ҳам ота-она жавобгардир. Фарзандини юриш-туришида, кийиниш одобларида ва бошқа миллатларга кўр-кўрона тақлид қилишдан қайтариш ва уни ўзининг диний ва миллий қадрятларини эъзозлайдиган инсон қилиб вояга етказиш ҳам ота-она ва барчамизнинг бурчимиздир.
Ахлоқий тарбия жуда муҳимдир. Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Мен гўзал хулқларни мукаммал қилиш учун юборилганман” – деган сўзлари ҳам, фарзандларни гўзал хулқ билан тарбиялаш пайғамбарлик вазифаларидан бири эканлигига ва у катта масъулият талаб этишга далолат қилади.
Тарбиянинг учинчи тури : жисмоний ва баданий тарбиядир. Бунда ота-она ва ёшлар тарбияси билан шуғулланувчи кишилар бола вужудининг тўғри ривожланиши, жисмнинг қувватли бўлиши, баданининг соғлиги учун масъулдирлар. Бунда аввало, ота зиммасига ўз аҳли ва фарзандлари нафақаси вожиб бўлади. Она ушбу нафақа эвазига икки йил фарзандини эмизиши лозим. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар. (Бу ҳукм) эмизишни бенуқсон қилмоқчи бўлган кишилар учундир. Уларни (яъни, оналарни) яхшилик билан едириб кийдириш отанинг зиммасидадир” Бақара сураси, 233-оят
Болани етарли миқдорда ва тўғри овқатлантириш, ухлатиш каби ишлар баданий тарбияга тегишлидир. Бундан ташқари касалликларнинг олдини олиш, касал бўлса даволатиш ҳам шулар жумласидандир. Жисм ва бадан тарбиясида болаларга хос турли ўйинлар, югуриш, сузиш, камон отиш, кураш каби спорт машғулотлари ҳам муҳим ўрин тутади. Бу каби ишларга Расулуллоҳ алайҳиссалом кўп бора тарғиб қилганлар. Жумладан: “Аллоҳ зикр этмаган ҳар қандай нарса беҳудадир. Фақат тўрт хислат: ўқ (камон) отиш учун киши икки нишон ўртасида юриши, отини тарбиялаши, фарзандларини ўйнатиши ва уларга сузишини ўргатиши бундан мустасно”.
Тарбиянинг тўртинчи тури, ақлий тарбиядир. Бунда ота-она ва тарбия иши билан машғул кишилар, болаларга фойдали илмларни, жамият учун керакли касб-ҳунарларни ўргатишларни лозимдир. Бу ҳақда Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларида кўплаб тавсия ва кўрсатмалар мавжуддир.
Юқорида келтирилганларнинг барчаси фарзанд тарбияси ўта оғир ва масъулиятли вазифа эканлигига далолат қилади. Ушбу вазифа мукаммал ва сидқидилдан адо этилса, мукофоти икки дунёда ҳам улуғдир.

Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом билим юрти
4-курс талабаси Ахмедов Диёржон

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *