Экстремизм ва фундаментализм кўп конфессияли дунёвий давлатни обрўсизлантиришга йўналтирилган ҳаракатдир!

Диний экстремизм — муайян диний конфессия ва ташкилотлардаги ашаддий мутаассиб, фанатик унсурларнинг фаолияти мафкураси. Фанатизм ўз ақидасининг шак-шубҳасиз тўғрилигига ишониб, бошқа фирқа ва мазҳабларни бутунлай рад этган ҳолда уларни тан олмаслик, балки уларни диний асосларни бузишда айблаб, уларга қарши уруш очишга олиб борадиган омиллардандир. Диний фанатизм диний экстремизм ва терроризмга замин тайёрлайди.

Фундаментализм — маълум дин вужудга келган илк даврига қайтиш ва бу йўл билан замонанинг барча муаммоларини ҳал қилиш мумкин деган фикрни илгари сурувчиларнинг йўналиши. Диний фундаментализм — ақиданинг ўзгармаслигини ҳимоя қиладиган, ваҳй ва мўъжизаларнинг муқаддас китоблардаги баёнининг ҳарфий талқини тарафдори, уларнинг ҳар қандай мажозий талқинига муросасиз, сўзма-сўз талқинга асосланган эътиқодни ақлга таянган мантиқий далиллардан устун қўядиган, муайян диний эътиқод шаклланишининг бошланғич даврида белгиланган барча йўл-йўриқларни қатъий ва оғишмай бажарилишини талаб қиладиган диний оқимларни ифодалашда қўлланиладиган истилоҳдир.

 Фундаментализм ибораси биринчи бор 1-Жаҳон уруши арафасида вужудга келган протестантизмдаги ортодоксал оқимларни ифодалаш учун ишлатилган. Бу оқим 1910 йилдан кейин шу ном билан атала бошлаган. Фундаменталистлар христианликнинг анъанавий ақидаларига, айниқса Библиянинг мутлақо мукаммаллигига ишонишни мустаҳкамлашни, уни сўзма-сўз шарҳлашга қатъий риоя қилишни талаб қилдилар. Бу оқим кейинчалик Америкада кенг тарқалиб кетди. 1919 йили Филаделфияда Жаҳон христиан фундаменталистлари ассоциасиясига асос солинди.

 Асримизнинг 70-йилларидан бошлаб эса, бу сўз исломга нисбатан қўлланила бошланди. Ислом фундаментализми замонавий исломдаги уч йўналишдан биридир (қолган иккитаси — традисионализм ва модернизм). Ислом фундаментализмининг асосий ғояси — «соф ислом» принципларига қайтиш, мақсади «исломий тараққиёт» йўлини жорий этишдир.

 ХХ асрнинг 80-90-йилларида бутун дунёда диний омилнинг фаоллашуви собиқ советлардан кейинги ҳудудда ҳам ўз аксини топди. Бу давр жамият тараққиётида, бир жиҳатдан, диний эътиқоднинг ижтимоий-маданий ҳаётдаги табиий мавқеи тикланаётган, иккинчи томондан, мазкур асосда айрим мафкуравий зиддиятлар туғилиши вақти бўлди.

 Асосий қонунимизда яна шу нарса қатъий қилиб белгилаб қўйилганки, конститусиявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришни мақсад қилиб қўювчи, Республиканинг суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига, фуқароларнинг конститусиявий ҳуқуқ ва эркинликларига қарши чиқувчи, урушни, ижтимоий, миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб қилувчи, халқнинг соғлиғи ва маънавиятига тажовуз қилувчи, шунингдек ҳарбийлаштирилган бирлашмаларнинг, миллий ва диний руҳдаги сиёсий партияларнинг ҳамда жамоат бирлашмаларининг тузилиши ва фаолияти тақиқланади (57-модда).

  Ўрта Осиёдаги республикалар ўз мустақиллигига эришиши ва унинг мустаҳкамланиши даврида «ислом омили», «ислом уйғониши», «қайта исломлашиш», «ислом феномени» каби иборалар тобора кўпроқ ишлатилиб, бу ҳол уларнинг беқиёс фаоллашувини ўзида акс эттирди. Бунга сабаб собиқ Совет давлатининг мафкуравий тасаввурлари ва қадриятларининг эмирилиб, муайян вақт давомида ҳосил бўлган маънавий бўшлиқни тўлдириш зарур эди. Коммунистик мафкура маънавий жиҳатдан қашшоқ бўлиб, ўзига хос мутаассиблиги ва муайян миллатлар манфаатларига қарши қаратилганлиги билан шўро ҳокимиятидан кейинги маконда диний фундаментализм учун қулай шароит туғдирди.

 Ўзбекистонга нисбатан ислом фундаментализмининг таҳдиди ақидапарастликни ёйиш, бу йўл билан мусулмонларни ислоҳотчи давлатга ишончини йўқотишга уринишда ўзини намоён этмоқда. Бундай гуруҳлар мустаҳкамланиб бораётган умуммиллий бирдамлик ва ҳамжиҳатлик, миллатлар ва фуқаролараро тотувликка раҳна солишга ҳаракат қилмоқдалар. Демократия ва дунёвий давлат тушунчаларини, эътиқод эркинлигига асосланган кўп конфессияли дунёвий жамиятни обрўсизлантиришга йўналтирилган саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқдалар.

Ислом дини ҳамиша инсон қадр-қимматига катта эътибор берган ва бошқа дин вакилларининг ҳам ҳаёти, шаъни, ор-номуси ҳамда ҳақ-ҳуқуқларини юксак қадрлаган. Шайх Юсуф Қарзовийнинг “Ислом-инсон қалбига чуқур ҳурмат билан муносабатда бўлувчи ва бегуноҳ одамларга ҳужум қилишни кечирилмас гуноҳ, деб ҳисобловчи сабр-тоқат динидир”, деган фикрлари ҳам сўзимиз исботидир.

Р.Рахимов

                   Янгиариқ туман “Хазрати Ғойиб ота” масжиди имом ноиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *