Буюк ўзбек шоири, мутафаккир, давлат арбоби Низомиддин Мир Алишер 1441 йилнинг 9 февралида Ҳиротда туғилди. Алишер Навоийнинг ота томондан бобоси Амир Темурнинг Умар Шайх исмли ўғли билан кўкалдош (эмикдош) бўлиб, кейинчалик Умар Шайх ва Шоҳрухнинг хизматида бўлган. Отаси Ғиёсиддин Баҳодир эса Абулқосим Бобурнинг яқинларидан; мамлакатни идора этишда иштирок этган. Онаси Қобул амирзодаларидан Шайх Абусаид Чангнинг қизи. Алишер Навоийнинг болалиги Шоҳрух ҳукмронлигининг сўнгги йилларига тўғри келган. У темурийзодалар, хусусан бўлажак подшоҳ Ҳусайн Бойқаро билан бирга тарбияланган. 4 ёшида мактабга бориб, тез савод чиқариб, туркий ва форсий тилдаги шеърларни ўқиб, ёд ола бошлаган. Ўзбек тили билан бир қаторда форсий тилни ҳам мукаммал эгаллаган. 1447 йил 12 мартда мамлакат подшоҳи Шоҳрух вафот этгач, тахтга даъвогарлар орасида ўзаро кураш бошланади. Навоийлар оиласи ўз тинчлигини кўзлаб, Ироққа кўчишади. Таф шаҳрида Алишер машҳур «Зафарнома» тарихий асари муаллифи, шоир Шарафиддин Али Яздий билан учрашади. Бу учрашув болада ёрқин из қолдиради. Ғиёсиддин Баҳодир оиласи Ҳиротга, қарийб икки йил муддат ўтгач, қайтади. Абулқосим Бобур Ғиёсиддин Баҳодирни Сабзавор шаҳрига ҳоким қилиб тайинлади. Алишер Навоий Ҳиротда қолиб ўқишни давом эттирди. У шеъриятга ғоят қизиқди, Шарқ адабиётини қунт билан ўрганди. Оила муҳити болалигидаёқ унда адабиётга зўр ҳавас туғдирган эди. Тоғалари Мирсаид — Кобулий, Муҳаммад Али -Ғарибий етук шоир эдилар. Алишер Навоийлар уйида шоирлар тез-тез тўпланишиб, мушоира қилишар, адабиёт ва санъат ҳақида суҳбатлашар эдилар.
Навоий ижодига назар ташласак, шеъриятнинг 16 хил жанрида ижод қилганлигини билиб оламиз: ғазал, рубоий, туюқ, фард, қитъа, мухаммас, мусаддас, мўсаллам ва ҳоказо. Бу каби жанрларда ҳеч бир шоир Навоийдек ижод қилганлигини учратолмайсиз.
Агар биз Ҳазрат Навоийни шоир десак, ул зот шоирлар шоири, агар мутафаккир десак, мутафакккирлар мутафаккири, агар авлиё десак, авлиёларнинг авлиёсидир. Мовароуннаҳр диёрида XV асрнинг иккинчи ярмидаги маданий муҳитнинг ривожланишида буюк бобокалонимиз Ҳазрат Алишер Навоийнинг ўрни беқиёс саналади.
Алишер Навоийнинг Қуръон ва тафсир илмида тутган ўрни ҳақида тўхталадиган бўлсак Мовароуннаҳр тафсир илми ривожида айниқса, Алишер Навоийнинг ҳиссаси катта бўлган. Шоир фаннинг турли соҳаларидан яхши хабардор бўлиш билан бир қаторда, ўз асарларида Қуръондан ҳам кенг фойдаланган. Унинг “Хамса”, “Ситтаи зарурия”, “Насойим ал-муҳаббат”, “Тарихи анбиё ва ҳукамо”, “Сирож ал-муслимин” каби асарларида, умуман назм ва насрдаги ёзма меросида ислом масалалари бўйича кўп ҳолларда Қуръон оятларига асосланган мулоҳазалар баён қилинганини кўриш мумкин.
Таъкидлаш жоизки, Алишер Навоий Қуръон ва тафсир илмидан таълим олишни ёшликдан бошлаган ва унинг “Мажолис ан-нафоис” асарида олти ёшида тарихчи Шарафиддин Али Яздий (ваф. 858/1454) билан бўлган суҳбат чоғида мактабда “Таборак” сурасигача ўқигани қайд этилган. Навоийнинг Қуръон тафсирига бўлган эътибори унинг бир нечта тафсирлар ёздирганида ҳам кузатилади. Масалан, ўша давр муфассирларидан бири бўлган Мовароннаҳрлик Ҳусайн Воиз Кошифийнинг илмий фаолиятига назар соладиган бўлсак, унинг қаламига мансуб “Жавоҳир ат-тафсир” ва “Мавоҳиби Алийя” асарлари бевосита Алишер Навоийнинг таклифи ва ҳомийлиги остида ёзилган.
Мовароуннаҳр маданий-маънавий муҳитида Алишер Навоий Қуръон илмлари, жумладан тафсир илмини ривожлантириш мақсадида мазкур соҳага ўз даврининг етук олим ва муфассирларини жалб қилган ҳамда уларга ҳомийлик килган.
Р.Жуманиязов
Хива тумани “Абдулла Румий” масжиди имом-хатиби